Бугун Сизларга шайх Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий ҳақида айтиб бераман.
Ассалому алайкум!
Бугун Сизларга шайх Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий ҳақида айтиб бераман.
Бу кишининг исми — Мирзо Кенжабоевдир.
Мирзо ака 1956-йил 20-феврал куни туғилган. Сурхондарёда. Сариосиё туманида. Меҳнат деган қишлоқда. Қишлоқ нега бундай номлангани менга номаълум, лекин асл номи, ҳар ҳолда, бошқача бўлса керак. Чунки меҳнат қизил империянинг сиёсий воситаси эди. Балки бир қадим қишлоқ номини меҳнат деб ўзгартиргандир — менга қоронғу. Лекин аниғи, Мирзо ака шу қишлоқда туғилган.
Ва яна аниғи, Сурхондарё — маърифат дарёси. Авлиёлар диёри. Саҳобаларнинг юртимизда илк қадами етган тупроғи. Шу қадар кўп валийлар дафн этилганки, Пайғамбаримизнинг , соллаллоҳу алайҳи ва саллам, иси келиб туради гўё.
Термизнинг тарихдаги машҳур номларидан бири "Мадинатур рижол", яъни чинакам эркаклар шаҳри экан. Душманга сира ҳам таслим бўлмайдиган йигитлар макони экан-да, Термиз.
Сурхондарё алоҳида қисса, Мирзо ака шу қиссага ажойиб бўлиб кириб келаётган қаҳрамонлардан.
Мирзо ака, энг аввало, шоир. Ноёб истеъдод. Сўз соҳиби. Заргар бўлиши керак бўлса, сўзнинг ҳақиқий заргари шу одам. Шеърлари росмана шеър — ҳикмат булоғи.
Мирзо ака зўр шоир бўлиб, шу билан чекланса бўларди. Аммо ҳимматни буюк қилди — 40 дан ошганда бўлса керак, Тошкентаги Ислом олий маъҳадида таҳсил олди, араб тилини ўрганиб, дин илмларига шўнғиди. Улуғ пирлар этагини тутди.
Натижада, узоқ йиллик риёзат ва ихлосли меҳнат оқибатида бугун "Файзул Фурқон" дегани тафсир муаллифи бўлди.
Мирзо ака — юртимизнинг саноқли орифларидан. Қалбида Ватан қайғуси, миллат севгиси бўлган мардлардан. Диёнат юкини мардона бўлиб, елкасига олган зотлардан.
Мирзо аканинг Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий деган тахаллуслари ҳам бор.
Мирзо аканинг илми, меҳнати бир неча китобларга жо бўлган.
Не бахтки, шу китоблардан бир қанчаси ҳамон мавжуд экан. Афсус, у китоблардан китобхон халқимиз бехабар ва бебаҳра. Тасодифан, ўша китоблар рўйхати қўлимга келиб тушди ва буни Сизларга улашишга қарор қилдим. Шу баҳона Мирзо ака ҳақида билганларимни ҳам ёздим.
👉 Давоми



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.