Яқин тарихда “Эски ўзбек ёзуви” номли махсус қўлланмалар ҳам нашр қилингани маълум, улар ҳозир ҳам амалда.
Яқин тарихда “Эски ўзбек ёзуви” номли махсус қўлланмалар ҳам нашр қилингани маълум, улар ҳозир ҳам амалда.
Араб имлосига асосланган ёзувни номлаш юзасидан тадқиқотчилар орасида муҳокамалар бўлгани шубҳасиз. Зеро, ўтган турли даврларда бу ёзув ва тилга нисбатан “эски ўзбек ёзма адабий тили”, “эски туркий тил”, “эски ўзбек тили”, “эски ўзбек тилининг классик босқичи”, “эски ўзбек классик ёзма адабий тили”, “чиғатой туркчаси”, “классик чиғатой тили” ва шу каби кўплаб номлар билан аталгани кузатилади.
Нима бўлганида ҳам хун-руникдан кейин, уйғур ёзуви билан ёнма-ён, параллел қўлланган ёзувни ҳар қандай вазиятда арабий алифбо бирлаштириб туради. Шу бирлик негизида пайдо бўлган манбаларнинг тили ва ёзувига нисбатан “эски”ни қўллаш ноўрин.
Танқид oson, ечими қандай? Менимча, “эски”дан воз кечиб, “мумтоз”ни қўллаш лозим. Қолаверса, айрим илмий адабиётларда “классик” ҳам қўлланибди. Бизда “эски ўзбек тили” атамасига ўхшаган “эски ўзбек адабиёти” таъбири деярли ишлатилмайди.
Бир дунёда муайян бир миллат борлиғи ва бирлигини миллий тили ва адабиёти белгилаб беради. Улар — эт билан тирноқ, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди. Бирини “эски” ва иккинчисини “мумтоз” тарзида номлаш ўринли эмас, менимча.
“Ўзбек мумтоз адабиёти” атамаси бугун муомалада фаол экан, шунга мувофиқ “ўзбек мумтоз ёзуви”, “ўзбек мумтоз тили” тарзида номлаш ҳар жиҳатдан ўринли, деб ўйлайман.
Кимдир N.Erkilmann, A.Frezkayner ёхуд D.Sekretaya каби дунёга машҳур сотсиопротлингвистлардан иқтибослар олиб, балки бу гапга эътироз билдиришлари ҳам мумкин. Аслида илмда фикр ўзгариши, ривожланиш ва тараққиётни инобатга олиш муҳим.
Менимча, аслида “эски”дан воз кечишни тараққиёт деб ҳисоблаб бўлмайди. Бунга ўзликни англаш, ўз-ўзини камситиш ва пастга уришдан воз кечиш деб қараш ўринлидир.
Тўғриси, бир сидра қараганимда “эски” ёки “қадимги немис тили, алифбоси”, “қадимги рус” ёки “эски рус тили ва алифбоси” тарзидаги атамалар илм-фан истеъмолидан ўрин олибди. “Қадимги”, “эски”, “янги” каби сифатлар дунё тиллари таснифи ва ёки тарихини даврлаштиришда ҳам бор.
Бу далилни кўпчилик билади. Аммо дунёда ўша тоифадаги қатор тилларга тегишли “эски алифбо” – унинг эскича шаклдаги кўплаб ҳарфлари бугун амалда эмас.
Айни воқеликдан фарқли ўлароқ бугун биз “эски ёзув” деган алифбодан ҳозир ҳам дунёнинг айрим мамлакатлари аҳолиси, хусусан, афғонистонлик, арабистонлик ўзбеклар, уйғурлар амалда фойдаланишади.
Бу эса алифбонинг “эски” эмас, балки, “табаррук” ва “мумтоз” эканини кўрсатади. “Мумтоз” сўзи “сараланган, ажратилган” маънони англатади. ХХ асрда мумтоз ёзув умрига барҳам берилди, мумтоз ёзув янги замондан ажратилди.
Ҳолбуки, айни ёзувда ўзбек мумтоз адабиётининг энг сара — сараланган бебаҳо асарлари ёзилгани асло инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Ҳолбуки, кўпасрлик ўзбек мумтоз адабиёти ўзбек мумтоз ёзуви ва ўзбек мумтоз тили ҳамда бетакрор поэтик тафаккури маҳсулидир.
Дарвоқе, бу фикрга қўшилмайдиган кимдир одатдагидек “ҳиссиётга берилманг” дейиши ҳам мумкин. Аслида ҳиссиёт – бебаҳо туйғу. Муаммолар ҳис қилиш, англаш, туйғуланиш ва ҳақиқатни туйиш ортидан ечим топади.
Жадидлар янгиликни, янгиланишни, ўринли таклиф ва мулоҳазаларни хуш кўришар эди.
Хўш, сиз нима дейсиз, “эски”ми ё “мумтоз”?
Баҳодир НУРМУҲАММАД
***
Акром Маликдан илдирги:
Устознинг мулоҳазасидан илҳомланиб, "Туркий алифбо таҳсили" деб номланган лойиҳамизни "Мумтоз ёзув таҳсили" деб аташ истаги туғилди, нима дейсизлар?
Ушбу матнга илова қилинган видеода 3-синф ўқувчиларимиздан бўлган Наргиза Худойберган Сайфи Саройи ҳазратлари қаламига мансуб "Туркий Гулистон" китоби қўлёзмасидан 3-боб, 5-ҳикоятни ўқимоқдалар (164-165-бет).
Ҳикоят Ардашер бобокон сийратиндан бир кунда юз дирҳам вазндан ортиқ емак емоқликнинг зарари ҳақидадир.
Мумтоз ёзувда мумтоз матнни ўқимоқ шундоқ бўлур!



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.