Шундай қилиб, ҳар ким кўрпани ўзига тортса, нима бўлади, ўртоқлар?
Адабий тил – халқни бирлаштирувчи омилдир. Чунки юрт – катта, одамлар турли-туман шеваларда гаплашадилар. Шевалар – тилнинг бойлиги, лекин шева муайян ҳудудда яшайдиган одамларнинг хусусиятларини акс эттиради, яъни у элнинг феъл-атвори, яшаш тарзи, шунингдек, жўғрофий жиҳатлар, урф-одатлар шевада акс этади.
Ҳамма ўз шевасида гапирса, нима бўлади? Аввало, шеваларнинг хос оҳори йўқолади. Сабаби, сиз тошкент шевали одам билан муттасил гаплашар экансиз, ўз шевангиздаги сўзларни у шевадаги сўзларга алмаштирасиз ҳамда товушлар талаффузини ҳам бой берасиз, бу дегани товушларни ҳам тошкентча талаффуз қилишни бошлайсиз.
Шеваларда товушлар турлича товланади, ҳар бир нарсанинг бошқа шевалардан фарқли номлари бор ва буларнинг ҳаммаси тил луғати ҳамда фонетикасининг бойлигидир.
Адабий тил – барча шевалардан муайян даражада озиқланган, сунъий равишда шаклланган, элнинг ҳаммасига тушунарли бўлган, айни пайтда, шеваларни ҳимоялаб турадиган тилдир. Унинг луғати, фонетикаси ҳамда гап тузилиши улусда энг катта нуфус касб этадиган уруғлар шеваси асосида ташкилланади. Бу борада уларнинг юртда бошқаларга нисбатан қай даражада сиёсий, ижтимоий ва маданий тараққий қилгани ҳам аҳамиятли.
Қайси уруғ, қайси ҳудуднинг илми, маданияти, адабиёти, иқтисоди ривожланган бўлса, асосийси, ўзининг тарихий асосларига – урф-одат ва одобларига садоқатли бўлса, ўшаларнинг тили ҳам, қўли ҳам узун бўлади, яъни бошқалар устидан таъсири кучаяди. Бошқа ҳудуд одамлари улардан қулайроқ яшашни, янгиликларни, одоб-ахлоқ ва илмларни ўрганадилар ва ҳоказо.
Мустақилликнинг биринчи чорагида киноларда қаҳрамонларнинг деярли ҳаммаси тошкентча гапирар эди. Айрим раҳбарлар ҳам адабий тил қоидаларидан бехабарлиги учун шевада сўзлар эдилар — ҳозир ҳам шундай. Ҳозир эса қўшимчасига интернет оламида юртимиздаги айрим вилоят ёшларининг ўз шеваларида ҳар хил дастурлар қилишаётгани кузатилмоқда.
Бағрикенглик нуқтасидан туриб қарасак, ёмон томони йўқ. Бошқа шевани тинглаш ёқимли. Нозик жиҳати шуки, шевада қандайдир муаммони муҳокама қилишнинг салбий жиҳати сезилмайди, лекин барча китоблар адабий тилда; тарихий мумтоз матнлар адабий тилда; яна қизиғи, инсон ўзи мансуб бўлган ҳудуд номини кенг миқёсда алоҳида ажратиб кўрсатса, бу маҳаллийчилик суратида кўринади.
Тасаввур қилинг: ҳар бир вилоят ёутубега ўрнашиб олиб, фалон ерлик деб подкаст тайёрлай бошлади. Мақсадимиз маҳаллийчилик эмас деб айтади. Аммо моҳиятан ўз маконини умум юрт жўғрофиясидан ажратиб олиб, тақдим этмоқда, холос. Яъни маҳаллийчилик кайфияти, бўлинувчилик ҳаракати сезилади.
Натижада, мен сендан яхши, сен мендан пастсан деган кайфият ёйилади, носоғлом рақобат кучаяди, юртдаги одамларнинг кўнгил дўстликларига путур етади. Фалон ерлик деб кимдир ҳақида ғаши келиб гапиришлар урчийди, фитна кучаяди. (Шундоқ ҳам, кўпинча кап-катта одамларнинг ўзларининг вилоятларини пеш қилиб юришлари одамнинг энсасини қотиради.)
Албатта, илм олмаган, алифни калтак демайдиган ёшлар буни англашдан ожиз, чунки улар калта ўйлашади, калтафаҳмлик ва фаросатсизлик афвга лойиқ. Лекин тажрибали одамлар, бироз илми бор, иккита бўлса ҳам китоб ўқиганлар, битта бўлса ҳам, кўпроқ кўйлак йиртганлар англашлари керакки, жоҳил ва фаросатсизларни охири ўйланмаган ишларнинг оқибатидан огоҳлантириш уларнинг зиммасидадир.
Ҳар қачон ҳар бир вилоятли, Ватаннинг ҳар бир фарзанди, қайси миллатга тегишли бўлмасин, ўлканинг яхлитлиги, юртнинг бўлинмаслиги, одамларнинг якдиллиги ғоясидан туриб фикрлаши ва ишлаши керак. Қайси ҳудуднинг хусусиятини ёртимоқчи бўлса, ёки ўзи туғилган жойнинг одамларини уйғотмоқчи бўлса, энг аввал тарихий илмий ҳужжатлар асосида ўзларининг шарафини Ватаннинг бир қисми сифатида, халқнинг бир бўлаги сифатида кўрсатмоқлари шарт. Бу бир қанча ҳужжатли филмлар, китоблар воситасида бўлади.
Иккинчидан, замонавий оламда шу ҳудудда туғилиб улғайганларнинг тажимаи ҳоли ва ютуқларини савияли тарзда оламга ёйинламоқ керак, бу ерда энг муҳим қоида – қайси жойдан чиқсак, юртнинг – янги Ўзбекистон, қадим Туркистон, шарафли Мовароуннаҳрнинг бир парчаси ўлароқ намоён бўлмоқ шарт.
Ва оқил, фаросатли ҳикмат аҳлининг ҳаммасига маълумки, бир неча йил давомида чуқур илм олган инсон ва youtube ёки факебоокда савод чиқарган одам орасида фарқ катта. Илм олган одамнинг эътиқоди маҳкам, қарашлари мустаҳкам; ўзига ишончи илм ва кашф устига қурилади, ишлари узоқ муддатга мўлжалланади, бу ишлар давомийлиги, эскирмаслиги билан сифатланади.
Ижтимоий тармоқ тарбиялаган, ижтимоий тармоқ “ўқитган” жоҳил эса ҳар куни минг хил ўзгаради. Йўлни ижтимоий тармоқдан излаб, ижтимоий тармоқдан одамларга йўл кўрсатгиси келади, мақсади шон-шуҳрат шаҳватини қондиришдан иборат бўлади.
Ҳеч ким ижтимоий тармоқ воситасида ҳеч қачон кучли илм олмайди, кучли илм ва мақсад фақат устоз ҳузурида тизимли илм олиш натижасида қўлга кирадиган бойликдир.
Ижтимоий тармоқ авомнинг, фикрламайдиган тўдаларнинг, томоша ўч поданинг маскани, холос. Ўша тоифаларнинг фикрларини бошқариш учун, уларнинг ёвузлашиб кетмаслиги учун айримлар уларга муайян қарашларни сингдириш учун фойдаланиладиган минбардир. Ижтимоий тармоқ миянинг маълумот бангилигини қондиради, холос.
Ижтимоий тармоқ оломонни қўзғатадиган, оломонни бошқарадиган, оломонни алдайдиган, оломонни ишонтирадиган макондир. Ўзининг асл қадрини биладиганлар ундан айрим мессежларни халққа етказиш учун фойдаланадилар. Лекин артистабиатлар, шуҳратпарастлар, шаҳватпарастлар, ғийбатчилар уни ўзларига жой қилиб олишади.
Содда қилиб айтсак, ижтимоий тармоқ аслзодалар учун эмас, у театрда рол ўйнай олмаган, кинода чиқа олмаган, дипломи бор-йўқ артистларнинг арзон саҳнасидан бошқа нарса эмас.
Ўз қийматини билганлар тавба қилиб китобга, устозга қайтадилар ва ўзларини ижтимоий тармоқ растасига товар сифатида қўймайдилар.
Буларнинг барчаси шахсий фикрлардир. Ҳеч кимга таъсир ўтказиш ниятимиз йўқ, эслатма бериш учун ёзилди.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.