Очкўзлик ва шуҳратпарастлик касалидан омонда бўлиш энг катта бахт, чунки бу аммора нафснинг ажралмас…
Очкўзлик ва шуҳратпарастлик касалидан омонда бўлиш энг катта бахт, чунки бу аммора нафснинг ажралмас сифатларидандир.
Ҳозир "илғор" ёшларимиз орасида "Ўсиш" деган сўз кўп айланмоқда. Яъни улар бирор иш жойидан "ўсмаётганини" баҳона қилиб кетиб қолишяпти. Нима эмиш, янги кўникмаларга эришмаяпман, қотиб қоляпман эмиш. Ҳолбуки, ойлик ва шароитлари қониқарли, уни тарбиялаган раҳбар ва жамоа бор.
Бу фикрлар гўдак зеҳниятнинг намойиши бўлиши билан бир қаторда очкўзликка ва шуҳратпарастликка озгина алоқаси бор. Яъни янги иш жойидан келган таклиф каттароқ ойликни ваъда қилади. Ҳамда ёшлар тенгдошларига қараб, ўзларига тўн бичадилар. Яъни тенгдоши бирор ютуққа эришгандек кўринса, ёки саёҳатларда юрганини кўрса, бас, ичига олов тушади: "мен-чи? нега мен эмас? қачон мен?"
Мана шу ҳасад, очкўзлик ҳамда тенгдошлар орасида ном қозониш учун ёшлар "ўсиш"ни истаб қолишади.
Бу бир васваса, холос. Ўша ёшларга ёши катталар айтиши керак, мана, биз айтамиз: азиз ёш дўстим, ризқингиз шу ишингиздан келиб турибди, сизга ғамхўрлик қилган бошлиққа нонкўрлик қилманг, икки сўм кўп пул бераман деган ваъда учун сизни тарбия қилгандан юз ўгиришга шошилманг, зотан, барака, ҳажмда эмас, одамлар миллионлаб топса ҳам заррача барака топмайдилар. Барака қалбнинг хотиржамлиги, ишни ҳалол бажариш, тартибли яшаш, ҳалоллик ва самимийлик ила келади.
Иккиюзлилик, ўзини ҳар томонлама кўрсатишга интилиш йигит зотига ярашмайди, бу кийим кийиб реклама қиладиган модел заифаларнинг ишига ўхшаб кетади.
Демак, хулоса шулки, моддий қулайлик истаб ўзингизни қийнайверманг, жонингизни ҳам, танингизни ҳам. Мол-дунё кўзини кўр қилган тенгдошларингизга қараб сўлагингиз оқмасин, емоқнинг қусмоғи бор, бу ҳовлиқмалик уларга тўсатдан запуск ва шу каби ишлар ортидан келиб қолди, қўлларидан мол-мулклари кетиб қолса, асл нарх-у қийматлари мъалум бўлади.
Гоҳида айрим ёшлар ўзларича "элите" гуруҳ қилиб олганига гувоҳ бўламиз: қиммат харидлар, қиммат ресторанлар, оркестрлик keçalar... Субҳаналлоҳ, азизларим, кимларга тақлид қиляпсиз? Миллиардерларгами? Бойларгами? Кўзини шира босиб, қалби ўчоқнинг мўрисидек қорайган, ҳамдардликдан йироқ пулдорларгами?
Ўзларингизни бу қадар кирлаб ташламангизлар!
Ёш бошингиз билан бунчалик очкўз, бойликсевар, моддиятқули бўлмангизлар.
Энди бу бир насиҳат, ҳар тугул, ўша ҳавас қилаётганларингиз миллиардерларга бу гап таъсир қилмайди, айш-ишрат ва кайф-у сафо ақл ва қалбларини танбеҳ ва ҳикмат кира олмайдиган даражада қулфлаб ташлаган; лекин сизлар ҳали китоб ўқийсизлар, ҳали қизиқасизлар.
Шул боис, гапларимизни бир эслаб қолинг, гарчи бу гаплар сизларни оқиб бораётганингиз ғафлат дарёсидан қутқариб ололмаса-да, бирор кун эслайсиз ва руҳингиз эҳтиёж қилган ҳақиқатга боришингиз учун асқотиб қолса, ажаб эмас.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.