Ушбу матнда эскиларнинг, яна ҳам айтсак, маърифатли оилаларнинг тарбия услублари ҳақида айтиб бермоқчиман.…
Ушбу матнда эскиларнинг, яна ҳам айтсак, маърифатли оилаларнинг тарбия услублари ҳақида айтиб бермоқчиман. Агар фарзандларингиз тиниқ фикрли, фаҳм-у фаросатли, ўзаро меҳрли ҳамда аҳил-иноқ бўлишини истасангиз, ушбу қоидаларни маҳкам ўзлаштириб олинг ва амалда қўлланг: 1. Ҳеч қачон болаларингизни ерга урманг. Сен эплолмайсан, латтасан, гўлсан деманг. Имкон қадар яхши сўзлар билан тарбия қилинг. Демак, болага таҳқирли сўзлар айтиш мутлақо ва мутлақо тақиқланади. 2. Ҳеч қачон болангизнинг айб-у нуқсонлари ҳақида энг яқин одамларингизга ҳам шикоят қилманг. 3. Болангизни бегоналар олдида ҳам, қариндошлар олдида ҳам иззат билан чақиринг, унга мулойимлик ила муомала қилинг ва айни пайтда эркалатиб, талтайтириб юборманг, хато қилса ҳам, жиддийлик ва юмшоқлик билан буни айтинг. 4. Болага жазо бериш зарурати туғилса, аввал айбига иқрор қилинг. У ўзи англаши учун шароит яратинг. Сўнг у жазога лойиқ эканлигини тушунади. Жазода ҳаддан ошманг. Аммо жазодан аввал уч марта аниқ ва равшан афв қилинг. 5. Ҳурматли оналар! Эрингизга зарда қилиб, болангизга қаттиқ гапирманг, бу тарбиясизлик ва аҳмоқликдан далолатдир. 6. Бола хато қилса, ундан нима хатога йўл қўйганини ўзи фаҳмлаши учун ҳаракат қилинг. Ўзинг ўйлаб кўр дейишни билинг. Хафа бўлсангиз, буни айрим белгилар билан билдиринг. У отамни ё онамни ранжитдим деб ўйлаши, қайси иши бунга сабаб бўлганлигини фикр қилиши, афсусланиши ҳамда уни ўзидан ташаббус қилиб тўғирлашига йўл беринг. 7. Ўғил бола қатъиятли бўлиши учун унга қатъият талаб қиладиган ишлар буюринг. Қиз бола нафосатли бўлиши учун ҳамиша мулойим муомала қилинг. Қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам отанинг ўзи очиқ гапирмагани, балки она воситасида гапиргани маъқул. Бу иерархия тартиботи ўта муҳимдир. 8. Фарзандларингизни оила сирларини, ўзининг сирларини маҳкам сақлашга одатлантиринг. Унинг учун сир бўлган ва сиз биладиган нарсаларни ўзидан бошқага, балки бошқанинг олдида юзига солманг, айтманг. Айрим пайтларда ўзаро сирларингиз борлигини ишора билан билдириб қўйинг: “Ўзинг биласан-а!” – шаклида. 9. Ҳурматли ота-она! Орангизда келишмовчилик туғилса, ҳеч қачон бир-бирингизни болангизга ёмонламанг. Бу тарбия қоидаларига қатъиян амал қилсангиз, сокин табиатли, асабийлашмайдиган, сабрли, ҳалим ва виқорли, фаросатли ва табиати пок фарзандни улғайтирасиз, иншаАллоҳ. Табиийки, болангиз ҳақига доимо дуо қилинг. Бирор кунингизда бу дуони унутманг. Бола тарбияси билан боғлиқ кўп қоидалар бор, асосий туюлганларини баён қилинди.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.