Интернетда ота ўғли билан дўст бўлсин деган фикр эшитдим. Қатъиян хато фикр.
Интернетда ота ўғли билан дўст бўлсин деган фикр эшитдим. Қатъиян хато фикр. 1. Отадан кўра яқин дўст инсон учун йўқ. Уни изҳор қилишга ва билдиришга ота мажбур эмас. 2. Отанинг мақоми улуғ, у ўз пуштидан бўлган гўдакка дўстлигини билдиришига эҳтиёжи йўқ. Ота боласига сенга дўстман, сени яхши кўраман деб айтишининг зарарлари: 1. Отанинг ҳайбати кетади. 2. Бола отани кучли вас сирли эмас, оддий ва заиф деб билиб, суяна олмай қолади. 3. Бола, барибир, бошқалар билан дўстлашиб кетади, чунки дўстлик тенгликни тақозо қилади. Ота ва бола тенг бўлмайди. Ота ўз номига мос ОТА бўлиб қолиши керак. Бунинг учун у қиладиган ишлар: 1. Назорат. Бола ҳамиша назоратни ҳис қилсин. Ўзбошимча, ўзибилармон бўлмасин. 2. Ота ғазабда ҳаддан ошмасин. Бола хато қилса, икки карра кечирилиши ва учинчи сафар албатта, жазоланиши ШАРТ. Бунинг учун бола аввалдан огоҳлантирилиши, кейин эса иши айб эканлиги тушунтирилиши лозим. 3. Насиҳат. Болага ёқса, ёқмаса, унга доимий равишда муайян оралиқларда насиҳат қилиб туриш шарт. Фақат насиҳат мижғовликка айланмасин. Ҳаётий, жонли, қизиқ. 4. Болага 6 ёшдан 10 ёшгача илм бер. Бу ёзиш, ўқиш, ҳисоб, Худони таниш илми. Бу даврда бола учун ўйин соати бўлиши керак. Ҳар куни 1– 2 соат. Муайян кунларда кўпроқ. 5. 10 ёшдан ҳунар ўргатмоқ керак. Косиблик, таъмирлаш ва шу кабилар. 6. 16 ёшдан бошлаб айрим масалаларда фикрини сўраш, хато бўлса, тўғирлаш, тўғриларини олиш лозим. 7. Болага 6 – 7 ёшидан бошлаб ишончли устоз топиш керак. У таҳсили узоқ давом этадиган илм бериши, жараёнда тарбияга ҳисса қўшиши керак. Устоз ҳалол, покиза, синовлардан ўтган, оилали, оиласида муаммоси йўқ, насаби яхши инсон бўлмоғи ШАРТ. 8. 17 ёшдан ўғилни маҳалланинг ошларига бирга олиб чиқиш, муҳим ишларни ишониб топшириш керак. 9. Боланинг туйғу ва ҳиссиётларига ҳаддан ортиқ диққат қилинмайди. 10. Боланинг кийимлари эскигунча кийдирилади, овқат лойиқ берилади ва қолдирмай едирилади – 3 ёшдан. 11. Бола ҳаддан ошиқ эркалатилмайди, яхши ишлари оз-оздан, меъёрида мақтаб қўйилади. 12. Боланинг 24/7 вақти қатъий кузатилиб, ота унинг қаерда нима қилиб юрганини билиши ШАРТ. 13. Бола ҳеч қачон фойдасиз ва зарарли иш билан қолдирилмасин. 14. Болани сўкманг, ҳақоратламанг, хатоси учун ерга урманг ва бўшанглик ҳам қилманг. 15. Спорт билан барқарор шуғуллансин.
Шундай қилиб, бола улғайгач, яхши бир шакл олишига умид бор ва у отасининг ишларидан миннатдор бўлади ва отага муҳаббатли қолади. Болага бир қаричлигидан дўстлигимни билдираман деманг, ота қиладиган ишларни қилинг, вассалом.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.