Тил

Қалам – Худо берган неъмат. Қалам дер эканмиз, бадиий, илмий ижод, нутқ, ваъзларни эслаймиз. Романлар,…

Қалам – Худо берган неъмат. Қалам дер эканмиз, бадиий, илмий ижод, нутқ, ваъзларни эслаймиз. Романлар, қиссалар, ҳикоялар; шеърлар, қасидалар, достонлар ва ҳоказо. Қалам ҳамманинг қўлига берилган эмас. Худо кимни истаса, унга қалам берибди. Қўлига қалам берилган уни олишда ихтиёрсиз бўлгани каби уни ташлашда ҳам ихтиёрсиздир. Ёзиш дардига чалинган инсоннинг бу дарддан қутулмоғи имконсиз. Фитратига ёзиш сифат ўлароқ сабт қилинган экан, одам боласи ёзиш истаги олдида иложсиз қолади. Морбоз ўлими мордан, дорбоз ўлими дордан деганларидек, қаламкаш ўлими қаламдан бўлиши ҳам муҳтамалдир. Яъни қалам тутган қаламни хато йўлга сафарбар қиларкан, албатта, унинг азобига ўзи гирифтор бўлғай. Шул сабабдан қаламни тўғри мақсадларга тўғри ният ила қўлламоқ лозим. Қаламнинг мақсади – ҳақиқатлардан одамларни огоҳ этмоқдир. Ҳақиқат шулки, инсон ўзини тўғирламас экан, ҳеч нарса тўғри бўлмагай. Олам сенинг қалбинг билан гаплашади. Қалбингда бори сенга юзлашади. Қадарингда рўй берган ҳар бир иш қалбингдан чиқиб келмиш. Қалбингни туз тут. Қалбнинг туз бўлмоғи ростгўйлик, адолат, самимият, жасорат, инсонсеварлик, гўзал хулқ, сабр, таҳаммул, шукур, яхшилик, муҳаббат, ҳикмат, вазминлик, шафқат, камтарлик, хокисорлик, юмшоқлик, шижоат, тафаккур, қаноат, инсоф, ҳаё каби хислатлар билан намоёндир. Ёлғончи – бахтсиздир; золим – қабиҳдир; иккиюзламачи – тубандир; қўрқоқ – хордир; инсонларни севмайдиганнинг қисмати – севгисизликдир; хулқи хунук бўлган – ёлғиздир; сабрсиз –йўлсиздир; таҳаммулсиз – шармандадир; шукурсиз – маҳрумдир; яхшиликсиз – ёмондир; енгилтак – қадрсиздир; калтафаҳм – нотавондир; раҳмсиз – азобга мубталодир; такаббур – аҳмоқдир; дийдаси қаттиқнинг қалби қаттиқдир; шижоатсиз бўшанг – тушкундир; тафаккурсиз – жоҳилдир; очкўз – оёқостидадир; инсофсиз – қувилгандир; ҳаёсиз – нафратга учровчидир. Эл-улус гўзал хулқ ва ҳикматга муҳтождир. Гўзал хулқ ва ҳикматсиз ҳеч мақсад ҳосил бўлмас. Қалам инсонларга гўзал хулқ ва ҳикмат эшикларини очмоғим лозим. Қалам фақатгина инсоннинг шахсий дардлари ифодачиси эмас, ёки у кишиларни айблаш учун вазифаланмаган, билъакс, у халқ учун ҳақиқат сари борадиган йўлни кўрсатувчи машъаладир. Ҳақиқат – нурдир, сенга сакийнат ва ҳаловат, завқу шавқ, ҳузур ва иштиёқ бахш этадиган кашфиётдир. Назаримда, қаламнинг вазифасини тўғри англадим. Англаганим улуғлар саҳифаси мутолаасидан ҳосил бўлди. Қалбингизга сирдош, йўлингизга йўлдош, машаққатларда қўлдош бўладиган сўзларни Худойим кўнглимга илҳом этишию ва уни сизларга етишидан umidvorman...

3 050марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    МИЛЛАТНИНГ АҚЛ ҚУВВАТИ

    Ақл қуввати илм билан ўлчанади. Ўқиш. Изланиш. Далилларни кузатиш. Йиғиш. Солиштириш. Саралаш. Мантиқий хулосалар чиқариш. Мана шу ақлнинг қувватидан далолатдир. Бу ишга қодир…

    1 дақиқа

    Иссиқнинг зидди совуқ, оқнинг терси қора, яхшининг қаршисида ёмон ва ҳоказо. Олам ишлари мусбат ва манфий…

    Халойиқ ҳам икки қисм: хос ва авом. Авом фикрламайди, эргашади, бақиради, чақиради, қувса, ёппасига қувади, қочса, ёппасига қочади – эс-ҳушдан мосуво тўда. Оломоннинг муҳаббати,…

    1 дақиқа

    УЗОҚ УМР КЎРИШНИ ИСТАЙМАН, биласанми, нега?

    Роббим берган тақдирни розилик ила яшаб ўтиш учун. Роббимга тавбалар қилиб қолиш учун. Худойимга кўпдан кўп ибодатлар қилиш учун. Одамларга кўпдан хизматим етиши учун. Инсонларга…

    1 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.