Ота-оналар ва фарзандлар ўртасида муайян фарқлар пайдо бўлган даврда яшаяпмиз. Собиқ шўро даврида асл…
Ота-оналар ва фарзандлар ўртасида муайян фарқлар пайдо бўлган даврда яшаяпмиз. Собиқ шўро даврида асл манбалардан маҳрум этилгани учун дин-у диёнатдан узоқ яшаган одамлар муқаддас қадриятлардан узилдилар. Истиқлол ҳар бир инсонга ўз эътиқодини, ҳаёт йўлини эркин танлаш ҳаққи учун йўл очди. Бутун инсоният тан олган, тарихда одамзод тутган энг тўғри йўл бўлган диёнатни истиқлол фарзандлари ақл ва қалбларига қулоқ солиб, кашф этмоқдалар. Бунда давлатнинг инсонпарвар ҳамда маърифатга суянган сиёсати алоҳида ўрин тутмоқда. Ҳурматли ота-оналар! Болангиз динга қизиқиб қолдими? Намоз ўқишни истаяптими? Қуръон ўқигиси келяптими? Сиз оқ-у қорани танигансиз. Ҳаётда кўп машаққатлар кўргансиз. Илмли дўстлар ва танишларингиз бор. Бу имкониятларингиздан унумли фойдаланишингиз керак. Яъни эн аввал, болангиз билан дўстона гаплашинг. Қандай ҳиссиётларни кечиряпти, қайси маърузалардан таъсирланмоқда? Кимларни тинглаяпти? Башарти, тақиқланган шахсларни эшитиб юрган бўлса, қўрқманг, бола Сизники! Ўзингиз аввал бирор илмли инсон билан кўришиб, ундан дин ҳақида сўранг, саволлар беринг ва аниқ, ишончли маълумотларни ўрганинг. Кейин болангиздаги ҳолатни баён этинг ва уч киши: сиз, ўғлингиз ва уламо устоз иштирокида маърифий суҳбат уюштиринг. Қуръон курсига борсин, рухсат этилган китоблар мутолаа қилсин, истаган саволини беришига изн беринг. Болани сабр-тоқат ила улғайтирдингизми, бу ерда бироз тоқатли бўлинг, натижада, сиз ҳам дин ҳақида билиб оласиз, ҳам болангизни тўғри йўлга соласиз. Мусулмонлар идорасининг интернетдаги платформасида динимизга оид ҳамма саволларга жавоблар бор, ҳечам иккиланишга ҳожат йўқ. Бу сўзларни айтишдан муродимиз ота-она ва бола ўртасидаги жарликни йўқ қилиш йўлини топишдир. Болангиз оила ва турмуш ҳақида совет мафкурасидан фарқли фикрлаётган бўлса, менинг айтганим бўлади деманг, ҳамма муаммонинг ечимини ҳикмат ила топиш мумкин. Инсонлар хотиржам ва ҳаловатда яшашга уринишлари керак. Ҳар бир одам ўзини безовта қилаётган муаммони тўлиқ ўргансин. Акс ҳолда, қийналиб қолади. Ҳурматли йигитларимиз ва қизларимиз, баъзан ота-оналари уларга қарши чиқсалар, нафсларига ёқмаса ҳам, сабр қилсинлар. Ота-она диний илмдан бебаҳра бўлса-да, боласига бўлган муҳаббат туфайли ҳаётидаги энг яхши тажрибалар билан ҳаракатланади. Албатта, жоҳил, ҳаддан ташқари ғофил, ҳеч нарсани тингламайдиган ота-оналар бундан мустасно, лекин бундайлари кам бўлади. Диёнат йўлини тутаётган ёшлар ота-оналарини меҳр ва хизмат ила хурсанд қилишсин. Ўзларини хор ва бечора тутсинлар. Ота-онадан асло норози бўлмасинлар. Мана шу энг тўғри йўл. Кимки одамга сенинг ота-онанг жоҳил, улардан юз ўгир ёки уларга қарши бўлса деса, энг катта ва энг хавфли хато гапни айтган бўлади. Халқимизнинг айрим одамлари дин-у диёнатдан олис қолган бўлса ҳам, қалби ва фитратида ҳидоятга талпиниш бор. Деярли барча ота-она фарзандини тўғри тушунади. Биз сабрсиз бандалармиз. Муаммони ҳикмат билан зарарсиз усуллар ила ечишни билмаймиз, дарров кесиб-чопгимиз келади. Бизга нимадир тезда ҳосила берса! Нимадир тезда битса! Йўқ, ислоҳ учун йиллар керак, сабр қилиш ва ҳалим бўлиш малакаси бизга жуда зарур.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.