Ўғилни уйлантириш, қизни узатиш – ота-онанинг иши.
Ўғилни уйлантириш, қизни узатиш – ота-онанинг иши. Бунинг ичига балоғатга етган ўғилга қиз излаб топиш ҳам киради. Ота-оналар ўғиллари учун бир умрлик ҳамроҳни ўзлари танлаб берсинлар. Бунинг учун матонатли, меҳнаткаш, садоқатли, иффатли қизни келин қиламан дея бўлажак келинчакнинг хулқларини шакллантиришсин. Ўқиган, ишлаб пул топади эмас, ҳаёли, маърифатли, оилапарвар, рўзғорсевар, итоатли қиз керак дейишсин. Қизларга ҳам куёвни уларнинг ўзлари эмас, ота-оналари танлашсин. Ўғлим, фалон қиз билан гаплаш, кўнглини топ, кейин биз борамиз деган гаплар хато. Ундай бўлмайди. Катталар бош, кичиклар ёнбош бўлса, келинликка номзодни маҳалла-кўйдан суриштириб, етти пуштигача текшириб, қатъиян келин қиламиз дея хонадонга бориш ва қулчиликка келдик, остонангизни супургани келдик дейиш шарт. Ҳамма талабларга жавоб берадиган номзод келин учун ҳар қанча қулчилик қилиб, ҳар қанча остона супурса ҳам, арзийди. У қиз учун ҳар қанча қалин ва ҳар қанча маҳр кам. Лекин қизни кўчада топилган ўйинчоқдек кўчадан топиш, ҳаётнинг “ҳ”сини билмайдиган болакайларга ўзингга хотин, эр топ деб ташлаб қўйиш улкан ва улкан нуқсондир! Азиз ота-оналар! Эскиларнинг йўлига қайтайлик: болаларимизни кўчага ташламайлик-да, ўзимиз эга чиқиб, ўзимиз уйлаб, жойлаб, узатиб, чиқарайлик. Акс ҳолда, икки тажрибасиз хомнинг искашиб қурган оиласи заиф бўлади, тезда бузилиши хатари катта, Аллоҳ сақласин! Ҳурматли “оилашунослар”! Албатта, фалондай жуфт топ деб подкастларда ақл бўлиш oson, ундан кўра ота-оналарни масъулиятга чақирайлик ва келинларни қайнона тарбиясини олишга даъват этайлик. Агар эски ришталарни тикламасак, эски ришталарга боғланмасак, чўкиб кетамиз, аҳволимиз эртага бугунгидан минг баттар бўлади.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.