Davomi
Оила қуришдан мақсад нима?
Оила қуришдан мақсад нима? Ҳамма буни биладигандек, лекин ёшларимиз учун эслатма сифатида қайд этиб қўйишни лозим топдик. Оила инсоннинг фитрий талабларидан биридир. Инсон улғайгани сари ёлғизлик ҳиссини чуқурроқ ҳис этади. Кимгадир суяниш ва яқин бўлиш эҳтиёжига йўлиқади. Оила қуриш ана шу бўшлиқни тўлдиради: муносиб қизга уйланиш ва муносиб йигитга эрга тегиш билан балоғатга етган йигит ва қизда бутунлик туйғуси пайдо бўлади. Аслида ҳам, бу илоҳий ҳақиқатни юзага чиқаради: момомиз Ҳавво алайҳиссалом отамиз Одам алайҳиссаломнинг қовурғаларидан яратилганлар, эр ва хотин ўзининг умрлик йўлдошига жуфтлашмагунча ўзини ярим ҳис қилаверади. Бундан келиб чиқадики, оила қуриш руҳий ва ҳиссий бутунликни асосидир, инсоннинг дунё ҳаётида бахтиёр ва хотиржам яшашининг пойдеворидир. Иккинчидан, жисмоний ҳолат оилали бўлишни талаб қилади. Жисмда юзага келадиган муайян эҳтиёжлар фақат оилавий ҳалол муносабатлар билан қопланади ва бу инсоннинг жисмоний саломатлигини таъминлайди. Учинчидан, насл қолдириш мақсади. Инсон, Худо насиб этса, кексаяди, кучдан кетади, ёш ўтиши билан ғамлар қуюқлашиб, истиқбол туманли тус олади. Шунда инсон учун ўринбосар, уни яхши кўрадиган, меҳр-у муҳаббат ила хизматини қиладиган фарзанд кераклигини тушунади. Фарзанд ота-онанинг зоти ва сифатларини ўзида жамлаб, давом эттириб кетади. Ота-оналар фарзандларининг қиёфаларида яшайверадилар. Фарзанд ота-онани ҳаётлик чоғида мамнун этиб, ёруғ кунларни ҳадя қилади, оламдан ўтгач, ҳаққига дуо айлаб, қабрларини нурлар билан тўлдиради. Фарзандлар кўп бўлиши керак. Оилани режалаштириш ва фалон нафар бола катта қиламан деганлар адашади. Меҳр-у оқибатли қилиб улғайтирилган фарзандлар бир-бириги суянч бўлади, ҳаётнинг турли офат-у машаққатларидан биргаликда ғолиб бўладилар. Яна қайтариш мумкинки, бунда силаи раҳм ўта муҳим: бир-бирини яхши кўриш, бир-бирини авайлаш, бир-бирининг кўнглига қараш, бир-бирига насиҳат қилиш ва бир-бирининг сирларини сақлаш. Баъзан жигарларни ўзаро ҳасад ва адоватда кўрамиз: ютуқларидан қувониш ўрнига куйишади; мусибатларидан севинишади; бир-бирларини ҳечам дўст бўлиб тушунишмайди, дилозорлик қилишади; бир-бирлари ҳақида фақат ғашлик билан, ёмон фол-у гумонлар билан гапиришади. Бу яхши эмас. Ҳурматли навқирон дўстларим! Ҳаёт узоқ давом этадиган сафар. Бу сафарда қийинчилик ва қувончлар бирга юради. Қийинчилик оғриқли бўлгани учун кўп, қувонч лаззатли бўлгани учун кам кўринади. Тушкунлик онларида, хасталик кунларида, камбағаллик ва етишмовчиликда сизга йўлдош бўладиган, сирларингизни сотмайдиган, нуқсонларингизга сабр қиладиган жуфт зарур. Уйлансангиз, хотинингиз тили заҳар бўлса, сизни писанд қилмаса, сирларингизни сотса, салга хафа бўлиб, кетаман деб кўчага чопса, талоғим бер дея вовулласа, қалби дунёга қул бўлиб, нуқул керак-нокерак нарсаларни сотиб олгиси келаверса, яқинларингизни ёмон кўрсатиб турса, боласидан сизни боғлаб турадиган сиртмоқ сифатида фойдаланса, бир умр бахтсиз яшайсиз. Бу ўринда хотиннинг чиройи бир тийинлик фойда бермайди, аксинча,чирой уни ажинага айлантириб қўяди. Қизлар, сизлар майдагап, дангаса, хотинчалиш, хотинининг сирини онасига ва бошқаларга айтадиган, дунёсевар, ишратпараст, ёлғончи, иккиюзламачи, сўзида тайини йўқ, қарор қабул қила олмайдиган йигитга тегсангиз, бир умр сарсон-у саргардон бўласиз. Ўша онларда ул йигитнинг кўркамлиги ёки отасининг бойлиги ёки ўзининг мол-давлати аҳамият касб этмайди. Энг қизиғи, сиз бир туюр ақлингиз билан ҳали одам танимайсиз, яхши-ёмонни ажратмайсиз, дўст-душманни фарқламайсиз. Ҳаётда зарур бўлган инсоний сифатлардан хабарингиз йўқ. Шундай экан, ҳурматли қизлар, кўчада ўзини сипо ва тақводор кўрсатган йигитни; эй йигитлар, ўзини тақводор қиёфага солган, ақлли гапларни ёдлаб олиб, овозини чархлаб, ҳиққилаб нозланиб гапирадиган, ёлғондан ерга қараб, иффатлини ёқиб олган сохтакор ва маккора қизни танимайсиз.
Овоздастакни ҳеч ким бермаётган "оилашунослар" подкастларда ўтириб олиб, тўрт соат гаплашинг ва бир-бирингизни ўрганинг дея бераётган дегредатив маслаҳатларига амал қилиб ҳам ҳеч нарсага эришмайсиз. Ҳатто, биз кемада сафарга чиқяпмиз, ярим йўлда бир-биримизни ташлаб кетмаймиз деб аҳдлашиб олсангиз ҳам фойдасиз. Чунки сўз бошқа, амал бошқа. Инсоннинг сифати ва тарбиясм иш пайтида ўзини кўрсатади. Чиройли вақиллаган қурбақадан нимани кутиш мумкин? "Мен мундайман, ундайман", — деб овозини сузаётган "қиз" эртага сал овозингиз кўтарилса, додлаб онасиникига югуриб, сизга минг туҳматни ёғдиришдан тоймаслиги мумкин. Ёки мен мана шундай овлиёдан деб турган йигит сал инжиқлансангиз, сизда баттар эзмаланиб кетишини кўрасиз. Шундай экан, гап ота-онада қолади. Ҳурматли ота-оналар, тақдир ишини болаларга қолдирмангизлар. Сизлар ҳаммани яхши биласиз. Одамларни танийсиз. Кишиларнинг насл-насабидан, ҳаётидан. кўрсатган ҳунар ва ўйинларидан, ахлоқ-у феълидан хабарингиз бор. Онасини кўриб, қиз ол дейишади. Қазисан, қартасан – асл наслинггга тортасан дейишади. Бола, барибир, ота-онанинг сифатини такрорлайди. Шунинг учун, энг аввал, маҳалладан болангиз учун жуфт излангизлар. Яхши қиз маҳалладан чиқмайди дейишади. Яхши, инсофли оила бўлса, қўлдан чиқармангизлар. Келин бўлсин, куёв бўлсин, етти наслини суриштирингизлар. Куёв билан обдон суҳбат қилиб, ақлу фаросатини текширингизлар, иш жой ва ўқиш жойларидан қизиқиб кўрингизлар. Ана шундай текширувлардан яхши ўтган, масъулиятли, жиддий ва ақлли болаларни куёв қилингизлар. Бу гапларимиз, аслида, катта китоб бўлади. Оила ҳақида тўғридан-тўғри оят ва ҳадисдан ҳукм чиқариб олиш мураккаб. Масалага ҳикмат кўзи билан қараш керак. Бу гапларнинг ҳаммаси оила қуришгача бўлган масалалар эди. Оила қурилгач, нималар бўлади, нималар қилиш керак – энди у бошқа бобнинг мавзуси.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.