Мен ҳам ушбу ахборот талотумида қолиб кетганимни инкор этмайман. Талотум шундайки, одамлар давлат ва…
Мен ҳам ушбу ахборот талотумида қолиб кетганимни инкор этмайман. Талотум шундайки, одамлар давлат ва раҳбарларига шубҳа ила қарайдилар, ҳукумат тизимидагиларнинг ҳам онги иштибоҳ ила тўлади, халқ ва ҳокимият орасида жарлик пайдо бўлиб, икки томон бир-бирига қўрқинч ва гумон ила боқади.
Бу ҳол шундай тажаллий этади: давлатга қарши чиқувчилар, раҳбарларни танқид этувчилар қаҳрамон ўлароқ кўрилади, уларга ҳақиқат ялавбардори дея қаралади, улар ҳам шундаймиз деб ўйлашади; давлат тарафдорлари сотқин деб малакаланади, лаганбардор деб сифатланади.
Бу жуда ҳам катта фитнадир. Ақли солим одамгина унинг моҳиятини ёрқин идрок этади.
Гап шундаки, мен ҳам ана шундай “қаҳрамонлар” сирасидан эдим. Мендан “қаҳрамон” ясаган гуруҳлар бор эди. Зиммамга ана шу “қаҳрамонлик” статусини сақлаш ҳисси ҳам юкланган эди, табиий. Лекин бу “қаҳрамонлик” мақомидан Худонинг ўзи қутқарди. Жуда кўпчилик яхшилар биргалашиб мен учун қайғуришди. Улар асл ҳолатни англатишга хўп уриндилар, ўзимнинг фикрлашим учун, англашим учун дуо этдилар. Улар энг аввал ота-онам, устозларим, дўстларим ва, албатта, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевдир. Чунки 2020 йил, 27 август куни қамоқдан чиқишим бевосита Юртбошининг фармони билан бўлди. Энди у одам ҳақида ижобий гапиришим айримлар томонидан гўё сотқинлик, гўё ўз маслагига қарши келиш дея талқин этилди.
Шахсимга катта ҳужумлар уюштирилди.
Тўғри, бу ҳужумлар шиддатли бўлди. Зотан, бу бир уруш эди. Уруш эса осон кечмайди.
Вақт ўтиб, яхшилар дастаги, устозлар дуоси ва йўл-йўриқлари ила кўз олдимдан пардалар кўтарилди. Танлаган йўлим хато эмас, тўғри йўл эканлигини кўрдим. Воқеалар моҳиятини англадим. Аллоҳга ҳамд айтдим. Давлатни қўллаб-қувватлаш, Юртбоши тарафида туриш, уни эзгу ишларга илҳомлантириш, яхши ишлари учун олқишлаш, руҳий мадад бўлиш ҳамма учун фойдали эканлиги аниқ ва равшан намоён эди.
Бугун 880 саҳифадан иборат залворли китобни чоп этиш шарафини менга Парвардигорим насиб этди. Бу ҳазратим Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” китобига ёзганим шарҳдир. Унга қараб, шу ишга имкон берган Роббимга шукур қилдим ҳамда бу иш учун бевосита шароит ҳозирлаган Юртбошимга раҳмат айтишим кераклигини ҳис этдим. У одам оиламизга яхшилик қилди, менга яхшилик қилди. Унинг Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс ғояларига ишонаман. Ҳазратим Алишер Навоийнинг мероси бу улкан ислоҳотларнинг маънавий пойдевори бўлиб хизмат қилишига мутлақо аминман.
Муҳтарам Президент!
Сизга миннатдорлик билдираман. Камина илм ила халқимизга хизмат қилишни истайман. Одамларимиз руҳини нурлантириш, уларни яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш илм аҳлининг бош вазифаси деб биламан. Шояд, Парвардигорим мана шу шарафга мендек шикаста қулини муваффақ айласа деб умид қиламан. “Ҳайрат ул-аброр” шарҳини Сизга шахсан дастхат ила ҳадя қилиш ниятидаман. Бу билан менга билдирган ишончингиз беҳуда кетмаганлигини озгина бўлса ҳам билдиришни хоҳлайман.
Каминага на мансаб, на мартаба керак. Шунчаки, ота-боболаримизнинг табаррук қўлёзмаларини ўқиб, халқимизга етказишни, ёшларга ўқитишни орзу этаман. Менимча, Сизнинг бошчилигингизда бу орзу рўёбига эришаман, иншааАллоҳ.
Муҳтарам Юртбоши!
Сизга нафақат бу китобни ҳадя қилмоқчиман, балки Сизни унинг тақдимотига таклиф этмоқчиман. Чунки бу ҳазратим Алишер Навоий ва бу “Ҳайрат ул-аброр”. Муҳташам тафаккур мероси. Сизнинг ташрифингиз буюк мутафаккирга нисбатан мислсиз эҳтиром рамзи бўлиб қолажакдир.
Банда хатодан холи эмас. Шарҳда йўл қўйилган барча нуқсонлар ожизлигимдандир. Бу саҳвларга китобхонлар, устозлар, олимлар афв нигоҳи ила боқишларидан умидворман. Худойим бу нуқсонларимни мағфирати ила кечиради ва уларни тўғирлаб боришимни насиб этади деб кўз тутаман...
Самимият ила Акром Малик,
21 декабрь, 2024 йил.
PS.
Ҳурматли кузатувчиларга айтишим мумкинки, ушбу мактубни бугун Тошкентдаги Республика Халқ қабулхонасига китоб билан биргаликда топширдим, расман рўйхатга олиб қабул қилиб қолишди.



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.