Maqbul axloq inkişofi
Бошимизга тушган оғир вазиятларда нима иш қилишимиз керак?
Мақбул ахлоқ инкишофи
Иккинчи қисм
Бу мавзуда яхши тавсиялар ёзилган эди, алҳамду лиллоҳ.
Аммо бугун асосий бир иш унутилгани мулоҳаза қилинди.
Насиҳатлар чоғи бу амалнинг хотирдан кўтарилгани ҳам бежиз эмас кўринади. Чунки бу иш мусибат пайтида ҳам ёддан чиқиб кетиш эҳтимоли катта.
Бу истиғфор ҳамда тавбадир.
Мусибатга учраган одамнинг илк иши Аллоҳга истиғфор айтиш ва тавба қилиш бўлмоғи матлубдир.
Зотан, ҳар қандай мушкилани – чигални ечмоқ ёлғиз Худонинг иродасидадир.
Мақсад – муаммони ҳал этмакдан иборат эмас, балки муаммодан фойда билан чиқмакдадир.
Бошингга қандай мусибат келмасин, ундан саломатгина эмас, кўп яхшиликлар ҳосили билан чиқа олсанг, бу мўминга хос ютуқ бўлгай.
Яъни ютуқ дер эканмиз –
гуноҳлардан покланиш;
матонатнинг синалиши;
сабр ва тажрибага эришиш;
яхши-ёмонни фарқлаш;
асосийси, ўз нафсингни тадқиқ этган ҳолда таниш;
ҳикматлар топиш
ва Роббингга янада яқинроқ ҳолда мусибатдан чиқиш назарда тутилмоқда.
Оламда инсон касб этиши мумкин бўлган энг катта яхшилик – одамийликдир; гўзал ахлоқдир.
Бу икки самара oson келмайди.
Китоблар ўқиш ва насиҳатлар тинглаш билангина эмас, илоҳий ҳикмат ила ворид бўлган мусибат ва оғриқлар ила келади.
Бу нарсага эришмоқнинг энг аввал шарти – истиғфор ва тавбадир.
Зотан, мол-у дунёни йўқотиш инсон шаънига путур етказмайди, аммо одамийлик ва ахлоқни бой бериш шарафни синдиради.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.