Бир йил эҳтимол кам вақт. Аммо ҳаётни ўзгартириш, дунёқараш устида ишлаб, ҳақиқатларни англаш учун етарли.
Бир йил эҳтимол кам вақт. Аммо ҳаётни ўзгартириш, дунёқараш устида ишлаб, ҳақиқатларни англаш учун етарли.
Ассалому алайкум.
2021 йил январдан бошланган илмий тадқиқотим ниҳоясига етди. Алҳамдулиллаҳ. Мавзу "Алишер Навоий "Ғаройиб ус-сиғар" девони контексти назарий масалалари" деб тасдиқланган. Қарийб уч йил ичида: - эски туркий алифбода ўқиш малакаси устида ишладим; - каталогларда "Хазойин ул-маоний" девони дея кўрсатилган 11 та қўлёзма нусха билан танишдик, бу нусхаларнинг барчаси тадқиқот ва колофонларда 15-асрга оид деб кўрсатилган; - машаққат бўлганини эътироф қиламан; - диссертация ёзиш жараёнида 300 дан ортиқ адабиёт билан танишдик; - матн назарияси, назарий ва амалий матншунослик каби масалалар ҳақида изланиш олиб бордик; - йиғма-қиёсий ва илмий-танқидий матн истилоҳлари таърифларини ойдинлаштиришга ҳаракат қилдик; - контекстуал таҳлил методологияси ва методи тўғрисида билгилар бердик; - "Ғаройиб ус-сиғар" девони йиғма-қиёсий матни тайёрланди, тўртта қўлёзмани солиштириб фарқларни кўрсатдик, бошқаларини қўлга олишга муяссар бўлмадик, илож йўқ эди; - турли даражадаги конференцияларда қатнашдик, турли илмий журналларда мақолалар чиқардик; - диссертацсия асосида монография тайёрладик ва таҳрирламоқдамиз; - "Ҳайрат ул-аброр"нинг шарҳини бир жилдга жамлаш нияти бор эди, Худойим муваффақ этди, китоб айни пайтда босмахонада. Ҳаммаси учун алҳамдулиллаҳ.
Иш кўп. Вақт оз. Дўстлар саноқли. Душманлар адади номаълум. Вужуд заиф. Дунё титроқда.
Инсоннинг эси ҳар куни киради. Вақт одамларни, туйғуларни, яхшиларни ва ўзини қадрлашни ўргатади. Айрим масалаларда муроса қилишни бошлайсан, айрим масалаларда келишув йўлларини ёпасан.
Кечирасан. Кечиришни, кечирилишни истайсан.
Айрим ўринларда шафқатни лозим тутасан, гоҳида қаттиққўллик энг тўғриси эканига шубҳа қилмайсан.
Гоҳида бурчакда ўтирасан. Гоҳида ҳеч қаерга сиғмайсан.
Буларнинг ҳаммаси илм ёки мутолаага боғлиқ эмас, бу тажрибаларга, юрак оғриқлари, қалб фарёдлари, сассизлик ва сўзссизлик, иложсизлик ва ночорлик ҳамда йилларнинг ўтишига боғланади.
Парвардигорим ҳаётимизни ёруғ, қалбимизни нурли, ақлимизни оқил, фаҳмимизни тўғри айласин.
12. 11. 2024.





Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.