"Ҳайрат ул-аброр" шарҳи китоби ҳақида ўйлар
Тижоратга қўл урган одам кишилар нимани еб, нимани киймоқдалар деган саволга жавоб излайди. Чунки ейиладиган ва кийиладиган, турмушда кўп ишлатиладиган нарсаларни сотсангиз, савдонгиз юришади.
Киночилар, ёзувчилар, масхарабозлар ҳам маҳсулоти учишини истаса, жамиятни нима қизиқтиряпти деган савол қаршисида бош қотиради. Қизиқ бўлмаса, ҳеч ким олмаса, на китоб, на кино, на аскиянгга ким харидор бўлади?
Аброр Мухтор Алий "Ҳайрат ул-аброр"тақдимотида бир ажойиб гап айтди: "Ҳайрат ул-аброр" тақдимотига бугунги кунда келиб ўтириш жанг майдонида жанг қилишдек гап!"
Ҳақ гап.
Чунки ҳазми оғир, ўқиш қийин бўлган китобга қизиқиш билдириш инсондан жуда катта кучни талаб қилади.
Уни сотиб олиш ва қўлга олиб варақлаб, икки-уч бетини ўқиб кўришнинг қандай машаққат эканлигини энди ўйлаб кўринг!
Инсониятнинг жуда катта қисми кўнгилочар саҳналар пойида сиғиниб ўтирган бир паллада 15-асрда ёзилган, ўз даври одамлари ҳам тушунишга қийналган китобни кўтариб юриш, ҳақиқатан, бағоят ғайритабиий иш бўлиб кўринади.
Севги қиссалари, ишқий романлар, бир-бирини қувадиган тезкор воқеалар тизмаси йўқ бу китобда.
Сужети ҳам қизиқ эмас ва сени ўзига чангакдек тортиб олмайди.
У ҳолда, "Ҳайрат ул-аброр"ни ўқийдиган одам қандай бўлиши керак?
Бу китобнинг ҳар саҳифасига нурини тўкадиган кўз қандай бўлиши лозим?
Ботқоқдан қутулган бўлиши даркор, менимча.
Қутулмаган бўлса-да, қутулишни жуда ҳам истамоғи лозим.
Yoki...
зиндондан халос бўлишни ҳаддан ташқари хоҳлаётган маҳбус бўлиш керакдир.
Yoki...
заҳар ичган, дор тагига келтирилган, боши кундага қўйилган маҳкум бўлишинг зарурми?
Валлоҳу аълам, лекин айнан шундай бўлиш керак деб ўйлайман, дўстлар.
Чунки бу тоифа одамларининг ҳаммаси яшашни жуда ҳам истаса керак?
Ботқоқдан чиқиш, зиндондан халос бўлиш, заҳар, дор ва кундадан қутулиб, нажотга эришиш уларга тутқун бўлганлар учун энг бирламчи иш бўлса керак деган gumondaman...
Балки "Ҳайрат ул-аброр"ни ўқиш учун ҳаётни севиш керак.
Умрга муҳаббат бўлиши лозим.
Яъни бугун оламдаги ҳамма нарса сени қатл қилишга шай эканини кўра олсанг, жаҳондаги ҳар бир нарса сени ўлдириш учун режа тузаётганини англасанг, ҳаётни кўпроқ сева оларсан ва шунда "Ҳайрат ул-аброр"ни қўлга оларсан, балки?
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.