3-qism
3-қисм
3-қисм
Бу мурид бошқа сафдошларини йиғиб, Қустантания борди. Сўнг ҳаммалари бир бўлиб, жамоат бўлиб, Худога ёлвора бошладилар: зикр-у тиловатлар, истиғфор-у салавотлар айтиб, устозларига Хақ таоло ҳидоят беришини йиғлаб сўрадилар. Бу шаклдаги ибодат бир қанча вақт давом этди. Бир куни шайхнинг халифаси, яъни ўша шогирд туш кўрди: тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, дедилар: “Эй умматим! Сенинг дуоларингни Худо қабул қилди. Айнан сенинг ихлосинг ва муҳаббатинг сабабли Худо пирингга ҳидоят берди, унга ақл-у идроки қайтди!”
Мурид шодланиб, йиғлаб уйғонди. Саҳар вақти экан.
Дарҳақиқат, шайх Санъон шу вақтда ўзига келиб, йиғлаб тавба қилар эди. Шогирдлар уни излаб бордилар ва устоз билан кўришдилар. Ҳамма йиғлади, ҳеч кимнинг тили калимага келмас эди.
Шайх ғусл қилди, калимаи шаҳодатни айтиб қайта динга кирди; салла ва ридоларини кийиб, Маккага қайтди.
Шу куни насроний қиз туш кўрди: Исо алайҳиссалом унга дедилар: “Сенинг ҳузурингга бир валиюллоҳ келган эди? Нега уни бунча хорладинг? Тезда изидан бор ва унинг динига кир!”
Насроний қиз уйғонди ва отасининг бир отига миниб, қоронғуда елиб кетди.
Ярим йўлда шайх Санъонга етишди, қилган ишларига йиғлаб тавба қилди ва шайхнинг қўлида шаҳодат калимасини айтиб, динга кирди ва шу онда иймон келтиргач жони узилди.
Шайх унга жаноза ўқиб, тупроққа қўйди, Маккага қайтиб, умрининг охиригача иршод ва даъват ила банд бўлди.
Бу ҳикоя рамз ва маъноларга тўлиб-тошган. Айримларини келтирамиз: 1. Ишқнинг қуввати шу қадарки, унга қарши тура оладиган ҳеч бир куч оламда мавжуд эмас. 2. Ишқни банда зоти даволашга қодир эмас, у эгасини ҳамма нарсадан айиради, номус-у ор, шаън-у шараф ишқнинг қошида ҳеч нарсадир. 3. Ҳеч ким, қайси мақомда бўлмасин, ҳалокатдан омонда эмас, ҳеч кимнинг иймони кафолатли эмас. 4. Устоз-шогирд, пир-мурид орасида садоқат ва вафо бўлмоғи керак. Худо дуолар ва ихлос сабабли ҳар кимга нажот беради. Чин вафоси бўлганларгина ўз дўстларини дуо билан разолат чоҳларидан қурқара оладилар. 5. Тавбадан сўнг ҳеч ким ўтмиш гуноҳларини ҳеч кимга эслатишга ҳаққи йўқ. Балки тавба инсоннинг аввалги ўрнига, балки ундан баланд мақомга қайтаради. 6. Банданинг ишқида эсини йўқотган ошиқ Худонинг йўлида бундан ҳам кучлироқ шаклда қурбонликка тайёр бўлади.
Ишқ инсон учун халос бўлиш йўлидир. У зоҳирда одамни хароб қилади, аммо қайта қуради, кашф ва қурбатни у барпо қилади. Ишқ ҳалокатли ва қўрқинчли водий, унга кириш ва ундан юришнинг оқибати ҳеч кимга маълум эмас.
Зотан, ҳар ошиқ шайх Санъон аталмаганидек, унинг ҳаққига ихлос ила дуо қилувчиси борлиги ҳам айтилмаган.
Бу ҳикоя ишқнинг нима эканлигини кўрсатадиган ҳикоя эди.
Тугади.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.