2-qism
2-қисм
2-қисм
… Шайх Санъон калисода насроний роҳиблар ичида диндан чиқди, Ислом мамлакатларида кофирлик белгиси бўлган зуннор арқонини белига боғлади; май ичди ва Мушафни оловга ташлади (наузу биллаҳ). Сўнг чўчқа боққани яйловга чиқиб кетди. Шомдан кейин келиб черков оловини ёқиш билан машғул бўлди. Бу ҳол уч йил давом этди. Уч йил давомида шайхнинг тарсо қизига бўлган ишқи заррача камаймади, балки зиёда бўлди; балки у қиз билан бўладиган висолни иштиёқ билан кутди. Ниҳоят, белгиланган кун келгач, шайх қизнинг кўчасига борди, аммо қиз унга қиё ҳам боқмади, чол унинг ортидан эргашиб, ваъдангга вафо қил, эй қиз деди. Қиз унга бир қаради-да, қари чолни ёш қиз севганини ҳеч кўрганмисан, ҳамма нарсага етган ақлинг шунга етмадими, мен сенга ҳеч нарса ваъда қилмаганман дея юз буриб кетди. Шайх қотиб қолди. Умидсизликка тушди ва шаҳардан чиқиб чўчқаларини боқиб юраверди. Иттифоқо, унинг муридлари ичидан бир бор эди – шайх Румга кетишидан аввал уни бир вазифа билан узоққа юборга эди; бу мурид ишни битириб келса, Маккада шайх Санъон йўқ, шогирдлар пароканда… Бу шогирд қолган ҳаммани йиғди ва уларга деди:
““Эй ҳамиятда тўнғиздан баттар бўлганлар! Шайх сизларга пир, сиз унга мурид эдингиз. Унинг иршодидан умид қилар эдингиз. Бу фақр йўлининг шарти шу эдики, муршид нима қилса, муридлари унга эргашиши, лекин Худога юзланиши, Худо учун қилиши керак. Одамларга аралашса, одамлар билан; ёлғиз қолса, ёлғизлик билан қолишлари шарт. Сиздек вафосизларга сўфийлик қиёфаси ҳайф: тақво аҳлининг хирқаси, дастори ҳайф! Шайх офиятда экан, муҳаббат изҳор этар эдингиз! Бошига иш тушгач, ўзингизни ундан олиб қочасиз! Устозга вафосизлик қилиб, уни черковда ташлаб кетдингиз. Худодан қўрқмайсизларми? Элдан уялмайсизларми? Пирингиз шундай ишга йўлиқса, ўз йўлбошчингиздан воз кечасиз, хизматидан, балки унинг бор эканидан, борлигидан тўйгансиз! Ўзингизни солиҳ, дарвеш дейсиз. Зуҳдингизга, тасбеҳингизга, салла-ю асоларингизга уят. Шайх сизларни тарбия қилмай, ит боққанида фалакдан унга шундай зулм етган чоғларда итлари унга вафо қилмасми эди? Баъзи итлари кетиб қолса ҳам, албатта, баъзилар ёнида қолишарди; унинг душманларини қопиб, вовуллаб ҳайдар эдилар; шайхнинг хароб ҳоли учун увуллаб, улиб мотам тутар эдилар; инсон вафосиз экан, вафо бобида ит ундан яхшироқдир! Агар сизлар эркак бўлганингизда эди, устозингизга шундай мусибат тушиб, бировнинг ишқига мубтало бўлганида, ўзига жафо қилганида шу жафони сиз ҳам ўзингизга раво кўришингиз, яънида ёнида ҳамдард бўлиб туришингиз вожиб эди! Лекин ҳаммангиз дардсизлик нима эканини кўрсатдингиз ва устозни номардларча ташлаб кетдингиз!”
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.