Иймон эгасига илҳом Худодан келади. Ҳаёт ҳақида, инсонлар ҳақида, гўзаллик ва умуман ҳамма нарса ҳақида…
Иймон эгасига илҳом Худодан келади. Ҳаёт ҳақида, инсонлар ҳақида, гўзаллик ва умуман ҳамма нарса ҳақида қалбда пайдо бўладиган фикрлар Худодан нур каби қалбга ато этилади. Бундай ёруғ фикр ва хулосаларнинг идрок ва шуурда пайдо бўлиши раҳмоний илтифот эканлигини билиш учун ушбу белгиларга қараш лозим: 1. Пайдо бўладиган фикрлар шариатга зид, гуноҳ ишлар натижасида келмаслиги керак. 2. Ароқ, кўкнори ёки шу каби ақлни олувчи нарсалар истеъмолидан сўнг қуйилиб келадиган фикрлар қанчалик чиройли ифодада янграмасин, келиш қувури нопоклиги сабабли қабул қилувчиларда ҳеч қандай яхши таъсир уйғотмайди, яхшилик сари оёқлантирмайди. 3. Фикр ва ҳикмат ички оламнинг, тахайюлнинг меваси экан, бу ишга шайланишдан аввал ҳамд, тасбиҳ, истиғфор, салавот айтиш ичкарини бир қур ювиб олишдир. Ҳеч қандай фикр ва илҳомнинг келмаслигига гуноҳлар кўпайиб кетгани ҳам сабабдир. Инсоннинг кирлиги нафснинг ҳайвоний истакларидандир. Ҳайвоний истаклар шаҳват ва ғазабни орттиради. Шаҳват ва ғазаб қалбни парда бўлиб тўсади. Қалбга тушадиган ҳикмат нури мана шу пардага урилиб қалбга етиб бормайди. Қалбга бормагач, тилга чиқмайди. Қалб бузилади ҳам. Қалбнинг бузилиши гўштнинг бузилиши кабидир. Гўшт қандай айниб, қуртлаб, чириса, қалб ҳам шундай ҳолга тушади. Қалб айнигач, у ботил ва ҳаром нарсаларни, шайтон ва кофир жинларга хуш келадиган ишларни севади. Шу сабабли айрим шоир ва ёзувчилар жуда иркит ва жирканч нарсаларни меҳр ва севги ила эринмай ёзади. Айниган гўштни тузатиш маҳол бўлганидек, қалбни тузатиш ҳам маҳолдир. Қалбнинг ичида ақл, фуад, идрок, шуур, сувайдо каби нарсалар бор. Айнишдан сўнг буларнинг ҳаммаси ҳалок бўлади. Уларни тирилтириш машаққат бўлиб қолади. Илло, қалбни тузатадиган нарса узоқ вақт ундан нафс олойишини узишдир. Олойиш – бу балчиқ, булғаниш демакдир. Нафснинг олойиши у азобга тушганида тўхтайди. Нафсни ўз ихтиёринг ила рози бўлиб азоблай олмасанг, қалбинг тузалмайди. Хастанинг касби табиб бўлса ҳам бошқа табиб муолажасига муҳтож қолгани каби нафсни инсон мустақил шаклда тузата олмайди. Нафсни бўйсундира олмайди. Унга бир муршиднинг тарбияси керак. Муршид дегани муридни тарк этмайдиган ва ундан ботин ва зоҳирда хабар оладиган, муриди хасталанса, шахсан ўзи бевосита муолажа қила оладиган каромат ва муҳаббат соҳибидир. Кимки мен устозга ёки муршидга муҳтож эмасман деса, у ёлғончидир. Муршид танлашнинг шартлари бор. Кўринган пирни муршид тутилмайди. Муршиднинг тасарруфи ва ички қуввати ўта комил бўлмоғи керак. Муршид танлаш шартлари алоҳида илм. Биз эса қалб хасталиги ҳақида гапиряпмиз. Нафс итоатга келтирилгач, у ит каби ирилламайдиган ҳолга тушгач, қалб унинг касофатидан қутулади. Жигар ўзини ўстириб тиклагани каби қалб ўзини тиклай бошлайди. Аввал унинг қоқ ўртасидаги луб, кейин уни ўраб турган фуад, уни ўраб турган идрок, уни ўраб турган шуур, уни ўраб турган ақл, уни ўраб турган сувайдо ва ниҳоят қалб сиҳҳат топади. У покланади. Ялтирайди. Унга Парвардигорнинг сифатлари ва зоти тажаллий қилади. Энди бу мутлақ бошқа мақомдир. У алоҳида ҳикоя…
Тўртлик: Жонсиз ётган қалбимнинг бошида кўзёш тўкдим, Юриш учун йўлимга қанчалар бардош тўкдим. Надоматнинг дарёси вужудим ғарқ айлади, Ё Раб дея ҳайқирдим, кўзимнинг ёшига чўкдим.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.