Инсоннинг улғайиши босқичма-босқич кечади. Аввал у битта хатосини англайди, қийналиб тузатади; кейин иккинчи…
Инсоннинг улғайиши босқичма-босқич кечади. Аввал у битта хатосини англайди, қийналиб тузатади; кейин иккинчи нуқсонини кашф қилиб, уни йўқотиш учун интилади. Одамнинг бир айбдан қутулиши тезда бўлмайди: оғриқли, курашли, кўзёшли ўтади. Гоҳо қайта-қайта уриниш ҳам кутилган мевани бермайди. Аввал чақалоқ, кейин бола, кейин гўдак, кейин ўсмир, кейин ўспирин, кейин йигит, кейин киши, кейин қари, кекса деб аталишимиз бежиз эмас. Ҳар бир босқичнинг ўз хусусиятлари бор: чақалоқ йиғлайди, ҳеч нарсани тушунмайди; овқатланишдан, ювинишдан бехабар ва ҳоказо. Бола иштонини кия олмайди, савол беради, югуради, йиқилади; гўдак ҳамма нарсага оғзини очиб қарайди, савол беради, қизиқади; ўсмир ҳаволанади, жаҳл қилади, асабийлашади, алдашга ҳаракат қилади, ҳаммадан норози; ўспирин ўзига ҳаддан ошиқ ишонади, ҳеч кимни менсимайди, ҳаммадан хато топади, ҳадеб гапиришни севади, ўзини кўз-кўз қилишга тиришади, ўзини яхши инсон ва комил қилиб тақдим этишга уринади; йигит ўз кучини ҳис этади, босиқ бўлишга тиришади, ҳаётнинг қийинчиликларини аста тушуна бошлайди, сўзларини ўйлаб айтишга ҳаракат қилади, масъулият билан яшашни ўрганади; киши босилади, вазмин тортади, ҳар хил орзулардан воз кечади, довдирлик, қизиққонлик ва калтафаҳмликдан узоқлашиб боради; кекса, қари энди шошилмайди, охиратни ўйлайди, оиласининг келажаги ҳақида қайғуради, ёшларга ўз тажрибаларини етказиб, уларни турли балолардан ҳимоялашга кучини сарфлайди ва ҳоказо. Одамнинг улғайиши тахминан мана шундай зинапоялар бўйлаб содир бўлади. Кўплаб ёшлар ўзини бирор натижа соҳиби, ақлли, ҳамма нарсани тушунган, гуноҳларига тавба қилган, ҳаётини изга солиб олган шахс сифатида кўрсатишади, ҳолбуки, ҳаммаси ясама пардоз, яъни декор. Бу ҳол уларнинг гўдак зеҳниятида эканлигининг исботи, яъни инфантил менталитет. Одамни насиҳатдан кўра азоб ва уқубат ўстиради. Насиҳат ва ўгитларга қулоқ осмаган, ўзимбиламан деганларни ўз ҳолига ташлашга мажбурмиз: уларни шу ҳолларида жуда ҳам катта уқубатлар кутяпти, изтироблар уларга интизор. Начора, шундай қоқилиш, пешонанинг деворга урилиши унга ёзилган экан-да, ош бўлсин демакдан бўлак иложимиз йўқ. Лекин айрим ёшлар ички ҳис ва салоҳият билан ўзининг ҳеч ким эканлигини топади. Мактаб очадими, компания эгаси бўладими, четдан мол олиб келиб сотадими, ПҳД ёқлайдими, мен ҳеч кимман деб яшайди. У йўлбошчи топиб, унга бўйин эгади; чунки устоз унга насиҳат қилиб туради, ана шу насиҳат унга йўлнинг харитаси сифатида хизмат қилади: энди у бало-офатларни, чоҳ ва чуқурларни кўриб, уларни четлаб ўтади ва мурод-у мақсадига шикастларсиз етади.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.