Тил

Бегоналар

Икки ўғрининг тавбаси жуда ғалати кечди: болалигидан чўнтак кесиб, эл молини ўмариб катта бўлган бу мардум Мулла Ғани пирнинг оёғига ўзини ташлади: дод, тавба қилдик дейишди. Мулла Ғани одамларнинг тавба-тазарруларига ўрганган. Ибодат ва зикр дарёсида юрган бу одам ўзидаги файзни билар эди. У гуноҳкорларнинг надоматларини виқор ила қабул этиб, уларни сулукка иршод қилар эди. Нафақат ўғри, балки ғар ва хунасалар ҳам пирнинг ҳузурида тавба жомини кўтаради. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва Ҳақ зикрига шўнғиш пирнинг иши. Икки ўғрининг бири Қобил, бири Ҳорун эди. Иккиси енг шимариб хизматга киришдилар: пирнинг ҳеч бир жиҳатдан эҳтиёжини қолдирмадилар. Айниқса, Қобил ўзди: у пирнинг кўрар кўзи, эшитар қулоғи бўлди. Ҳорун эса бошқа ишлар билан банд эди. Қобилда ўғриликдан асар ҳам қолмади: у буткул зоҳид ва ориф қиёфасига кирди. Ваъз ва насиҳатларига ошуфта бўлмаганлар йўқ эди. Ҳорун далада ишлар, лекин ичидан тошиб келадиган бир ҳисдан ҳайрон эди: негадир бошқаларнинг мулкини олгиси келар, аммо тавба қилиб йиғлар эди. Баъзан кимнингдир мулкини сўроқсиз олиб, бир айланиб келиб, жойига қўяр, шу билан таскин топар; ва амин эдики, албатта, бир куни бу балодан ҳам қутулади. Ҳоруннинг қилиғини кўрганлар ҳайрон қолишди: ўғри деса, ўғри эмас; лекин иши ғайритабиий. Гап чувалашиб пирга етиб борди. Пирга етказган ҳам Қобил бўлди. “Наҳот, ўз ишига пушаймон эмас? Наҳот, тавба аҳдини бузган бўлса?” – сўради пир Қобилдан. Қобил айтди: “Мен билган Ҳорун албатта, ўша эскини ҳунарини қилган. У ўзини бундан тия олмас эди!” Пир ўйга ботди: “Негадир ҳар сафар Ҳорунни кўрсам, қалбим ўзига келмаяпти. Лекин уни ўғри дейиш мушкул. Далил собит эмас”. Қобил шу кеча Ҳоруннинг кулбасига борди. Қаттиқ ёмғир ёғар эди. “Номинг ўғрига чиқибди. Бир йилдан бери пирим буни билар эди. Сени кўрсалар, қирқ кунгача қалблари ўзига келмас экан”, – деди. Ҳорун ўзидан кетиб қолди. Ҳушига келгач, кўзи жиққа ёш: “Мен сабабли қалблари азоб чекса, совуқ чеҳрамни асло кўрмасинлар!” – дея ўкириб йиғлаб қишлоқдан чиқиб кетди. Қобил Ҳорунни ўғри дея миршабга айтди. Шу тунда Ҳорунни қўлга олдилар, бирваракайига бир неча киши уни ўғри деди. Ҳоруннинг қўлини кесишди. У оғриққа чидамай оҳ деди-ю, ҳушини йўқотди. Сачраган қон буни кузатиб турганлар ичидан Қобилнинг юзига тегди. У салласининг печи билан қонни артди. Маҳкумнинг қолган чўлтоқ қўлини қайнаб турган ёғга тиқишди. Шу билан қўл кесилгани ҳақида бутун аъзойи бадани билди. Қон ҳам тўхтади. Одамлар бу томошани мароқ билан кўришди. Ҳамма Ҳорунни ўғри деди. Ярим соатларда Ҳорун ҳушига келди. Кесик қўлини соғ қўлига олди ва одамлар орасидан индамай чиқиб кетди. Мулла Ғани ҳаммасидан хабардор эди. У муридини ўғри ё ўғри эмас дея олмас даражада иккиланишда қолди. Ҳорун шаҳардан чиқиб кетди. Боши оққан тарафга кетди. Бир маҳал бир харобага бориб қолди. Қараб кўрдики, бу ердаги ҳамма одамнинг битта қўли йўқ эди. Қўлсиз одамларнинг ҳаммаси Ҳорунга бир дам сукут билан нафас ютиб қараб қолдилар, сўнг бирдан дод дея Ҳорунга отилдилар. Ҳорун ҳам чидай олмай фарёд қилди: ичига чўғ бўлиб тўлган ўксиниш ва азоб бўғзидан отилди. Унинг ҳеч қаердан даво топмаган яраси ҳамдардлар қошида ёрилиб кетган эди. Унинг дарди ва оғриғига бегона каслар унинг устидан кулган эдилар, аммо мажруҳ ғариблар унинг азобини жуда яхши билар эдилар. Бу ўринда тиллар эмас, кўзёшлар гапирди.

Акром МАЛИК

4 000марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Инонч

    (Тарихга битилган ҳақиқат) Ҳоқон сизни чақиряпти дейишгач, Ботир Бошчи ҳаммасини тушунди: ҳукмдор салтанатини кенгайтиришга қарор берибди. Чунки олти ой аввал Иссиқкўл бўйидаги…

    3 дақиқа

    Нимадир бизга етмаётгандек.

    Нимадир биздан қочяпти ва уни тутиб олиш учун шошяпмиз. Аслида, ҳаммаси жойида, ҳаммаси мувозанатда – ниятимизга лойиқ ҳаракатдамиз. Ҳаракатга лойиқ барака келяпти. Гуноҳларимиз…

    1 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.