Ходимларнинг жузъий камчиликлари одатийдир. Яъни ишга кечикиши, топшириқларни ўз вақтида бажармаслиги,…
Ходимларнинг жузъий камчиликлари одатийдир. Яъни ишга кечикиши, топшириқларни ўз вақтида бажармаслиги, унутувчанлиги. Дарҳол уларни қаттиқ койишга, жиддий сўзлар билан айблашга шошилманг. Раҳбар бу камчиликларни тузатишга ёрдам беради: лозим бўлса, ҳар сафар эслатади, насиҳат қилади, лекин ходимдан воз кечиш ҳақида ўйламайди. Ўзида тузалиш истаги бор беморнинг шифо топиши oson бўлганидек, ўсишни истаган ходим ҳам танбеҳлардан тўғри хулоса чиқариб, малакасини шакллантириб боради. Йиллар ва йўллар одамни тарбиялайди. Оилада ҳам шундай: бизга тобеларга шафқатсизлик қилмайлик, уларни эҳтиётлаб, синдирмай камолга етказайлик. Катталаримиз қаттиққўлликда ҳаддан оширгандек туюлсалар, ҳақларига дуо қилайлик, норозилик билдирмайлик ва бизга айтилган нуқсонни кетказиш ҳақида бош қотирайлик. Баъзан узоқ вақт, ҳатто умрбод бошқа одамларнинг кичик хатоларига кўз юмиб яшашимиз керак бўлади, ахир, ўз айбларимиз ва гуноҳларимизга чидаб, кечириб, баҳоналар топиб яшаб юрибмиз-ку! Ёлғон, хиёнат, сотқинлик, ҳаромхўрлик бошқа масала, бундай иллатлар ўз эгасини сиз ва бизнинг аралашувимизсиз ҳам оёғидан тортиб ботқоққа олиб тушади ва шу ботқоққа чўктириб юборади. Биз ўзимизнинг камчиликларимизни тузатиш ҳақида фикр қилайлик, ёнимиздагиларни тушунишга ва кечиришга уринайлик, ажабмас, яхши бўлиб кетса!
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.