Сир энг буюк куч, энг мустаҳкам қудрат. Эркак сирини берса, тухумдан чиққан жўжадек ҳимоясиз ва заиф ҳолга…
Сир энг буюк куч, энг мустаҳкам қудрат. Эркак сирини берса, тухумдан чиққан жўжадек ҳимоясиз ва заиф ҳолга тушади. Барча ҳалокат ва мағлубиятлар сирни бой бериш оқибатида содир бўлган. Эркакнинг сири нима? Биринчи сир бу – қувват, куч ва имкониятдир. Қувватинг чегараси ҳақида ҳеч қачон билдирма. Кучингни яшир. Ҳеч ким чамалай олмасин. Иккинчи сир бу – маблағ. Чўнтагингда қанча бор, ойига қанча даромад қиляпсан; қанча зиён ва зарар кўряпсан — ошкор этма. Ҳеч ким бойлигинг миқдорини билмасин. Учинчи сир бу — хотин. Хотининг ким, сифати қандай, улар нечта — айтма. Урушасанми, келиша олмайсанми, кўнглинг қоладими — айтма. Хотинни дўст-у душмандан сир тут. Демак, зўр — пинҳон. Зар — пинҳон. Зан — пинҳон. Тўртинчи сир — режалар. Нимани ўйладинг, нима мўлжал қиляпсан, нима кутяпсан — яшир. Ҳеч кимга ҳисобот берма. Бешинчи сир — сафар. Қаерга, нима учун, қанча вақтга кетяпсан, ким билан учрашасан — айтма. Олтинчи сир — дўстлар. Ким билан, қачондан буён дўстсан, сенга қандай яхшилик қилган — айтма! Дўстсиз қолишни истасанг, оламга достон қил, тезда айриласан. Еттинчи сир — душманлар. Ким билан, нега ва қачондан бери адоват қиласан — айтма. Душманларинг тил бириктирмасин десанг, эртага душманларим қувват топмасин десанг, жим бўл. Саккизинчи сир — ибодат ва эҳсон. Нафл намоз ва рўзалар, садақа ва хайрларингни асра, ҳеч кимга фош қилма. Тўққизинчи сир — устоз. Кимдан қандай дарс ва сабоқ оляпсан, пинҳон тут. Бу сирларни ота-она ва устоз билишга ҳақли, холос. Бошқа ҳеч кимга оғиз очма. Шу сифатни шакллантир. Ўзингни мажбурла. Ишон, сен буюк одам бўлиб етишасан. Аҳмоқларгина сир сақлмайдилар. Ҳеч қачон аҳмоқ бўлма. Сирингни аввало ўзинг яшир. Кимгадир ишониб айтдинг, у фош қилдими — қайтиб уни дастурхонингга яқинлатма. Ҳар қандай ҳолда ҳам у — хоин ва хоин ҳеч қачон одам сафидан саналмайди. У йўқ, у шунчаки бир мавжудот, холос.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.