Тил

Mumtoz oila

ОЛТИНЧИ БОБ

ОЛТИНЧИ БОБ

ОИЛА ҚУРИШ

Биринчи фасл

Зарурат

Рисоламизнинг асосий қисмига кириб келдик. Оила қуриш – умр савдоси. Ҳар бир йигит ва қиз оила қуриш унинг ҳаётидаги энг муҳим масалаларнинг бири эканлигини ўйлаши лозим. Тўй – бу кўнгилхуши эмас. Тўйи – бу отарчиларнинг оламга қўйиб бераётган томошасидан кўра чуқурроқ моҳиятга эга ҳодисадир. Тўй – бу рамз, яъни икки руҳнинг, Худо ҳузурида тақдири илоҳий ила яралган икки инсоннинг – йигит ва қизнинг энг жиддий келишуви, аҳдлашувининг рамзи, халқ олдида эълон қилган қасамёд имзоси. Йигит қандай аёл билан бир умр яшамоқчи эканлигини мулоҳаза қилади. Аёл ҳам қандай йигит билан умр ўтказмоқчи эканлигини чуқур фаҳмлайди. Оила бўлиб яшаш, ҳалол эр-хотинлик муносабатлари одамзод ҳаётининг ажралмас қисм эканлигини тушунади. Эр-хотин умрбод ягона жисм каби оила қўрғонини ҳимоя этади. Оилада эр ва хотиннинг кибр ва ҳавоси ғолиб бўлиши мумкин эмас; оиланинг ободлиги, хотиржамлиги учун икки томон ҳам ўзини фидо қилади. Эр-хотин – бу қалби бир-бирига чирмашган, бир-бирини эҳтиёт ва ҳимоя қиладиган, абадий иттифоқ учун аҳдлашган одамлардир. Оила қурмаса, инсонда инсонлик қиёфаси ва маънавият қолмаслик эҳтимоли катта. Оила қурмаслик инсоннинг бахтсиз яшаши, умрдан мазмун топмай, ҳайвон сингари ўтиб кетишига олиб келади. Ҳар қандай йигит ва қиз, ҳар қандай эркак ва аёл, албатта, чиройли бир оила қуришга қасд қилмоғи шарт. Бу олифтачилик, бу масхарабозлик, бу тайинсизлик қарори эмас; бу Худонинг ҳузурида ҳам, одамлар назарида ҳам жиддий бир қиёфа ва ҳайбат касб қилмоқ асоси саналади. Оила қурмаган эркак ҳам, аёл ҳам яримта одамдир. Оиласизлик – бу руҳий ёлғизлик ва таянчсизликдир. Ҳар бир эркак, албатта, ҳалол бир хотинга муҳтож, эркак хотинсиз хароб бўлади. Ҳар бир хотин, шубҳасиз, бир мард эркакнинг никоҳида бўлишга эҳтиёжманд, эрсиз хотин ҳимоясиз палопон; оёқ остида қолган атиргул; узиб олинган лолақизғалдоқдир. Хотин бўлмаган уй – гўристон. Эркак бўлмаган ҳовли – қулаб тушаётган вайрона. Эркак ва хотиннинг биргаликдаги ҳаёти чинакам ҳаётдир. Кунларнинг мазаси, онларнинг ранги ҳар бир инсон учун ҳалол жуфтдадир. Турмушга чиқмаган қизлар ёки турмуши бузилган аёллар ич-ичларидан маҳзунадирлар. Улар ҳар қанча пул топсалар ҳам, мансаб-у мартаба бобида чўққиларга чиқсалар-да, илм-у ирфоннинг еттинчи қаватига кўтарилсалар ҳам, кемтиклик ва ноқислик ҳисси билан яшаяжаклар. Улар ишхоналарда раҳбар бўлсалар-да, камералар қаршисида шўх-у шаддод қаҳ-қаҳ урсалар-да, қўлларида жарақ-жарақ пуллар айланса-да, энг қиммат либосларни кийсалар-да, ҳатто номаҳрам эркаклар уларни улуғлаб мақтасалар-да, гуллар ва совғаларга кўмиб ташласалар-да, бошида битта эри йўқ экан, шу эрнинг қўл остида, қайноқ қўйнида, комил итоатида эмас экан, ана шу аёл фақат заҳар ютади. Эркинлик, ҳурлик ва яна қандайдир сўзлар билан ўзларини овутсинлар, оқласинлар, жанжал қилсинлар – ҳақиқат ўзгарамайди. Оила қурган ҳар бир эркак ва аёл оиласини асраб-авайлаши вожиб. Оилада эр ва хотиннинг ахлоқи қандай бўлиши алоҳида бобнинг мавзуси, биз бу ерда турмуш қуриш, уйланиш инсон зоти учун қанчалик зарурат эканлигини асосламоқдамиз. Оила қурмайман деб юрган хотин-қизларга қарата огоҳлантириш қўнғироғини чалмоқдамиз. Ёки оиламни бузаман деб юрганларга нисбатан эсингни йиғ дея ҳайқирмоқдамиз. Шундай қилиб, оила қуриш ҳаёт ва мамот масаласи экани ҳақида баҳоли қудрат гапирилди. Энди эса оила қуриш ёши ҳақида айтиш лозим.

Оила қуриш имконидан қонун изн берган ёшдан бошлаб дарҳол фойдаланган маъқул. Қизлар бобида гап шулки, тезроқ турмушга чиққанлари яхши. Рўзғор ишларига уста бўлиб, пазандалик ва чеварликни эгаллаб, бола боқиш илмини ўзлаштириб, файзли бир хонадонни гуллатмоқ энг гўзал танловдир. Бўладиган ишнинг бўлгани яхши. Қанчалик кечикса, вазият шунчалик ёқимсизлашади. Қизлар учун асосий насиҳатнинг маъноси бундай: турмушга чиққунча ўзларини бегона йигит ва эркакларнинг ҳирс билан ҳайвоний назар солишларидан ҳимояламоқлари шарт; итлар тортқилаб чайнайдиган суяк эмаслиги ҳар бир қизнинг ўзига маълум. Менга йигитлар назар солсин дея ўз жисмини бозорга солмоқ қиз бола учун шармандаликдан бошқа нарса эмас. Бундан келиб чиқадики, қиз бола бегона йигит ва эркаклар билан гаплашишлари, ёзишишлари иффат қоидаларига зиддир. Бу ишлар қиз боланинг қийматини ерга уради, ҳеч бир баҳона ва сабаб бундай ишларни оқлаб бермайди. Ҳар қандай йигитнинг қиз болага никоҳсиз нигоҳида ҳаром ва ифлос шаҳват ётиши ҳақиқатга яқин; йигит истаса, истамаса, очиқ шаклдаги қизга шаҳват ва ҳирс назари ила боқишини инкор этиш имконсиз; шаҳват уйғотиш ёки шаҳват қондириш воситаси бўлиш қиз болага ярашмайди. Олий ўқув юртлари, техникум ё коллежларда, ҳатто мактабларда; умуман, ҳар қандай жойда қиз бола ўзининг “севги” тарихини “ёзиши” бу унинг ҳаётидаги энг жиддий хато саналади. Романлар, қиссалар, ҳикоялар, кино ва сериалларда васф этилган ва романтизатсия қилинган севги воқеаларининг ҳаммаси сафсата ва ёлғондан иборатдир. Мана шундай контентларни ичиб, еб, у билан қалб ва ақлни заҳарлаб, иффат ва ҳамиятига зид шаклда қандайдир йигитлар билан “покиза ишқ” қиссаларини “ижод қилиш” нафснинг, аниқроғи, баданнинг биологик истакларига эргашиш ва бу нарсани романтика, севги дея оқлашдир, холос. Бу ишлар оиласини муқаддас қадриятлар устига қураман деган ғурурли, юксак назар, покиза вужудли, ёруғ ақлли қизларнинг ўзига раво кўрадиган ишлари эмас. Бир сўз билан айтганда, қизларнинг бундай “романтика”си фақат иззатсизлик олиб келади ва ахлоқсиз эркакларнинг беҳаё ҳикояларига қаҳрамон бўлишга етаклайди, холос. Бу масалада хулоса шундай – қизлар ўзларини пок тутган ҳолда хаёлларини ҳаром ўйлар билан булғамай муносиб ва мард жуфти ҳалол насиб этишини билишлари керак; ҳаддан ташқари бу тўғрида ўйга ботмасин; чунки бу ҳам яхши эмас; бўладиган иш бўлади. Бу бобда йигитлар билиши керак бўлган танбеҳнинг мазмуни эса бундай: бир касб ё ҳунарнинг бошини тутиб, аёлни қадрлаш, у билан муомала қилиш илмини ўрганиб, оила юкини елкага олиб уйланиш керак, вассалом. Йигит ва қизларнинг уйланишларини ота-оналари ташкил қиладилар. Оқ ва қорани ажрата олмайдиган ёшлар ўзларига қайси жуфтнинг мослигини билмайдилар, шу сабабли ёши улуғлар бу вазифа учун бурчлидирлар; ҳар бир ота-она қизи бўлса, яхши жойга узатмоғи; ўғли бўлса, яхши жойдан унга хотин олиб бермоғи гарданларидан соқит бўлмас қарздир; агар ота-она бўлмаса, бу иш бошқаларнинг зиммасига тушади, бу ҳақида алоҳида бобда сўз юритилади; яъни ёшларнинг тайинсиз бўлиб юришига ота-она изн бермасин, ўзи уйли-жойли қилсин деган хулосани қатъий шаклда таъкидламоқчимиз.

Акром МАЛИК

2 390марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Иблиснинг сифатларидан бири тушкунлигидир. Яъни иблис бу тушкун ва маҳзундир. У Худодан умид кесган ва…

    Тушкун одам эртадан ёруғлик кўрмайди. Барча ҳодисалардан фақат фожиа ва азоб ахтаради. Некбин одам эса доимо осонлик ва шодлик, фараҳ ва нишот устидадир. Инсоннинг тушкун эмас,…

    3 дақиқа

    Ўз хулқи ҳақида қайғурадиган, ўз адаб ва инсофини таҳлил этадиган ҳамда гўзал ахлоқ сари интиладиган одамнинг…

    Яхшилар гуноҳ ва маъсиятдан азобланадилар ва ҳеч қачон тубанлик чангалида қолиб кетмайдилар. Улар насиҳатдан таъсирланиб, Худодан пинҳона равишда йиғлаб, ёлвориб тўғри йўл…

    1 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.