Тез натижа бўлмайди. Кимнингдир ризқи кенг бўлиб, ёшлигида бойиб кетиши мумкин. Аммо бу умр бўйи мана шу…
Тез натижа бўлмайди. Кимнингдир ризқи кенг бўлиб, ёшлигида бойиб кетиши мумкин. Аммо бу умр бўйи мана шу шаклда пул оқиб келиб туради дегани эмас. Кўнгилдан тез натижага эришаман деган хаёлни, аниқроғи, васвасани чиқариб ташлаган инсон хотиржам тортади. Бир бола 9 ой-у 9 кунда туғилади. Бир йигит 20 ёшда жисман, ақлан ҳаётга тайёр бўлади. Инсон 40 ёшда камолга етади. Меваларнинг пишиши учун ҳам вақт керак. Нима тез битаётган бўлса, у ғайритабиийдир. Ёшлар тез натижа қиламан эмас, ҳалол меҳнат қилсам, машаққатларга чидасам, сабр қилсам, тўхтамасам, пишиқ ва аниқ натижага эришаман дейишлари мақсадга мувофиқ. Ўша натижа балки 10, балки 20 йил вақтни талаб қилади. Кимдир чиқиб, сизга тез натижага эришмоқ учун бешта шартни айтаман, шуни бажарсангиз, натижага эришасиз деб айтаётган бўлса, у каззобдир. У сизнинг диққатингиз эвазига тирикчилик қилмоқчи – кўришлар сонини оширмоқ, сизни овлаб, пулингизни қўлга киритмоқчи, лекин эвазига ҳеч нарса топмайсиз. Қўйнингиз пуч ёнғоққа тўлгани ва унинг аравани қуруқ олиб қочгани қолади. Ер-у кўкни Худо олти кунда яратгани замирида бандаларга шошмаслик ҳамда вазминлик тарбияси берилган дейишади тафсир олимлари. Худо шошмас экан. Одам нега шошсин? Шайтон шошар экан. Шошишга чақириш шайтонга тақлид қил дегани эмасми? Соҳани танланг, эринмай илм олинг, малака ҳосил қилинг, кеча тухумдан чиқиб, овоз пардасини йиртиб қичқираётган жўжахўрозга боқманг, камида 20 йилга мўлжаллаб режа қилинг: илм, малака, касб, маҳорат; уйланиш, арава, уй, барқарор даромад, ишончли жамғарма ва ҳоказо. Бугун топиб, эртага ёт бир давлатга саёҳатга бориб ташлаб келаман деб эмас, сокин ҳаёт, ҳаловатли қалб, офиятли турмуш учун. Катта ваъда бергандан қоч, у албатта, сени алдаяпти. Катта ваъда берувчи фирибгар бўлади.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.