Худо ва банда ўртасидаги сир ҳеч кимга керак эмас. Бу гапнинг маъноси шуки, Худо учун қиладиган ишларини…
Худо ва банда ўртасидаги сир ҳеч кимга керак эмас. Бу гапнинг маъноси шуки, Худо учун қиладиган ишларини банда бировларга айтмаслиги керак. Бундан ташқари Худонинг унга қилаётган ва қилган лутфларини ҳам очмаган ютади. Демак, одамболаси Худо учун қилаётган ишини ва Худо унга бераётган неъматларини яширса, мақбулдир. Ундай қилмаса, нима бўлади? Худони севган Худо учун ишларкан, мақсади Худонинг ризоси экан, уни айтса, қолганлар бунинг учун унга қойил, офарин, художўй экансан деса, у бундан шодланса, мақсад қаёқда қолади – у Худонинг ризосини ўйлаганмиди, ёки одамларнинг олқишини?! Худо бандасига маувнат беради, каромат беради. Бу яхши иш учун рағбат кабидир. Ёш болага баракалла деб хўрозқанд бергандек. Лекин банда ёш боладек қилиқ қилмагани чиройли – ҳар не каромат бор, айтмасин. Чунки – Худо подшоҳ, одамболаси – қул. Қул подшоҳнинг сирини нега очиши керак? Подшоҳ сирини очган даргоҳдан қувилмайдими? Банданинг ўзига берилган кароматдан сўз очгани натижасида авом кишилар унга Худога яқин зот деб парвона бўлишади. Ия, эй художўй, сен ўзингни Худо деб эълон қилмоқчими эдинг? Ҳаддан ошган хокисорлик шундай сохталикки, унинг турқи ҳаддан ошган такаббурлик каби хунукдир. Самимият ва оддийлик, меъёр ва ўртачалик – асл гўзаллик ва нажотдир. Худони таниган одамда ҳаддан ошиш бўлмас экан, ҳаддан ошилган ҳар жойда Худодан бехабарлик бўларкан. Ғафлат шундай қалин парда эканки, кимнинг кўзини ёпса, киши маст бўлиб, ҳеч нарсани илғамай қоларкан – шукурдан, сабрдан йироқлигини, дунё ташвиши уни забт этиб, қалбини бекор нарсалар эгаллаб олганидан одамболаси хабарсиз юраркан. Шу сабабли ҳар куни нафас ростлаб, шовқинлардан холи бўлиб, кўзни юмиш яхши иш. Хатоларни таҳлил этиш ва надомат чекиш, вазминлик ила дунё ишига назар ташлаш айни ҳикматдир: шунча елиб-югурганим билан бу оламни тарк этаман; мени банд қилган нарсалардан не фойда топаман? Ишларимнинг баҳоси қандай – яхшими, ёмон?.. Қалбимни нималар тўлдирди-ю, ҳаётимни нималар босиб кетди? Кимларга зулм қилдим-у, кимларга ҳақсизлик қилдим?.. Баъзан оқимга ўзини ташлаган чўкишдан қутуларкан. Зотан, Худо билан кўпроқ ва узоқроқ сирлашганнинг қалби хотиржам, нафси сокиндир. Худо ва одамболаси ўртасидаги сирни ҳеч ким билмасин, шуни билмаса, бандалар ҳеч нарса йўқотмайди; билгани билан бирор нарса топмайди. Авомнинг оғзи учун машғулот керак: ё кимнидир мақташ, ё кимнидир чайнаш. Мақтаганини унутади, чайнаганини тупуради. Авомнинг оғзига тушишдан ҳазар қилиш керак.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.