Тил

Mumtoz oila

Саккизинчи боб

Саккизинчи боб — расм

Саккизинчи боб

ҚАЙИНЮРТ

Бешинчи фасл

Куёвбола ва унинг қайинюрти

Ҳурматли китобхон сезган бўлса керак, оиладаги ҳар бир ҳолатни батафсил шарҳлашга ва ўзгармас қоидаларни зикр қилишга интиляпмиз. Эр ва хотин деб аталган фаслдан сўнг келин ва куёв деган фаслларни алоҳида ёритишимиздан маълум бўлсинки, бу фасллар эр ва хотинларнинг келинлик ва куёвлик вазифаларини тўғри бажаришлари ва уларнинг шу мақомдаги ахлоқлари ҳақидадир. Куёв янги уйланган вақтда ҳовлиқиб, ўзига сиғмай, еттинчи қават осмонда учади. Юзлари ял-ял ёниб, ичидан тошиб келаётган ҳапқиришни боса олмай қолади. Кўзига келинчаги жуда ширин кўриниб, шавққа тўлиб, нима деса, дейди. Бу ҳам керак. Шундай бўлиши лозим. Лекин ақл ва ҳаё ҳаётнинг жонтомири, тўғри яшаш тарозисидир. Куёв ҳар қанча учиб-қўнмасин, ўзини босишга ва хотиржам, вазмин туришга ҳаракат қилиши керак. Оғзидан улфатлари олдида ҳам, ота-она олдида ҳам кераксиз сўзлар учиб чиқиб кетмаслиги учун уринсин. Орзу-ҳавас деб ҳашамат ва сохталикка кириб қолмасин. Тўйнинг томошасига алданиб, доимо шундай бўларкан демасин. Келинчак қанчалар ширин бўлмасин, у аввало кўзнинг қувончи, дилнинг сурури, ҳаётнинг қизиқ бир туҳфасидир. Яъни келинчак бут ёки санам эмас, унга топиниб, сажда қилиш ва унинг ҳамма истакларини бажаришга эҳтиёж йўқ. Унга ҳар хил ваъдаларни бериб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмаган маъқул. Албатта, ҳақиқий эркак куёв вақтида ширин сўзларини аямайди, таъриф-у тавсифларда сахий бўлади. Куёвтўра хос ҳарамида очиқ чеҳра, қувноқ, аммо ота-она олдида келинчагига нисбатан жиддий бўлгани, кам гапиргани, имкон қадар гапирмагани яхши. Ҳозир тўйларда рақс тушиб, ширинлик кесиб еб, келинсаломда бориб пешонасидан ўпишларга бу гапларнинг алоқаси йўқ, яъни ана шу йўлни тутганлар бизнинг айтганларимизни бажара олишмайди, бу мумтоз ва эски йўлни тутаман деганларга аталган тавсиялардир.

Куёвбола дастлабки қирқ кунда келиннинг олдига эртароқ киргани яхши, кечқурун мутлақо кўчага чиқмагани мақбул. Лекин ўзини тутишида ҳаё ва тортиниш акс этса, ана шу чиройли кўринади. Келин ҳақида онасига гапирмагани ақлга ҳам мақбулки, эртага ҳамма иш меъёрида кечади. Онаизор аёллигига бориб, ўғилни келиндан рашк қилиб қўйиши мумкин, шу сабабли она ҳузурида келинга илтифот қилиш адабсизликка айланиб кетади. Муҳаббат ўйинлари (муҳаббатли сўз-у нигоҳлар) яширин бўлса, гўзал. Мабодо, онаизор ўғилга келинни танқид қилса, ўғил бошини қуйи солсин, зинҳор келинчагини ҳимоя қилмасин, эсини киритиб қўяман деганга ўхшаш гап айтсин ва хотинига бу масалада гапирмасин. Балки жимгина фаросат кўзи билан вазиятни кузатсин, онаизор эртага ўша айтган гапидан қайтиб қолиш эҳтимоли катта. Мабодо, келинчак тили тойиб, қайнонаси ҳақида шикоят айтса, сабр қил, бу кунлар ўтиб кетади деб унга елка тутмасин, балки онамнинг кўнглини ол, қайта шикоят эшитишни истамайман десин. Келинчагига берадиган ҳадяларини яшириб берсин. Бу қўрққанидан эмас, бу адабдандир. Келинчагига яхши ва мулойим гапирсин. Мабодо, келинчак бошқоронғу бўлса, буни ўғил айтмасин. Илк фарзанди дунёга келганида ҳам болам, қизим, ўғлим дейишдан ўзини тийсин, бу эски адаб қоидасидир. Бугун йигитчалар дарров хотиним ҳомиладор дея жар солсалар, келинлар ҳам қорнини ҳаммага билдириб юрсалар, уялмай болам, қизим, қийналяпман деб гапирсалар, бу тўғри дегани эмас. Замона одамларидан адаб ғойиб бўлиб, ҳаё пардалари кўтарилган бўлса-да, бу эски адаб ва ахлоқ, ҳаё ва ибо кераксиз бўлиб қолди ёки хато дегани эмас, аксинча, ўша қоидаларни ўрганиб, онгли равишда амал қилмоққа жидд-у жаҳд этиш лозим. Сабаби бундай очиқ-сочиқлик, бепардалик оқибатида ота-она ҳайбати кетади, ҳайбат йўқолгач, итоат кетади; итоат тарк этгач, ёшлар ақлларига келган ишни қилиб, хато устида хато қилиб, ҳаётнинг берк кўчаларига кириб кетадилар. Шу сабабли ҳар қандай ҳолда ҳам ота-онадан ҳаё қилиш, адаб қонунларини ушлаш жоиз. Куёвбола келинчагининг ота-онаси – қайнота ва қайнонасига чуқур эҳтиром сақламоғи керак. Унутмасинки, қайнота-қайнона ўртоқ эмас, шунингдек, ўз ота-онасидан устун ҳам эмас. Улар билан масофали гаплашгани, улардан ёрдам ва қўллов олишдан парҳез тутгани, уларнинг ҳузурида сукут қилгани, уйларига ҳадеб боравермагани афзал. Ҳар борганда қайнота-қайнонага бирор шаклда ҳадя берса, яхши. Аммо ҳадялари ўз ота-онасига берганидан қимматлашиб кетмасин. Куёвни пайғамбар сийлаган. Келинчакнинг ота-онаси, яъни қайнота-қайнона куёвни эҳтиром қилишлари, исмини ҳурмат билан зикр қилишлари шарт. Агар қизлар тили тойиб эридан шикоят қилса, жим бўл дейиш яхшироқ. Қизим, куёвимни рози қил, биз у ҳақида шикоят қилма деб ҳар сафар таъкидлаш керак. Оналар келин бўлиб кетган қизларини ғийбат қилдирмасин, қудалари ҳақида салбий сўз айттирмасин. Қудалар номли фаслда бу ҳақида батафсил тўхталамиз, насиб. Шундай қилиб, куёв қайнота-қайнона, қайноға, қайнилар, божалар билан масофали, ўйланган шаклда муомала қилади. Чунки тилдан чиққан биттагина ўринсиз сўз кўп дилхиралик ва фитна олиб келиши мумкин. Куёв оқиллик билан мувозанатни сақласа, ҳеч бир тарафга ўйнамаса, холислик ва адолат, донолик ва шафқат нуқтасида қатъий турса, оиланинг муҳити яхши, баҳаво, ёқимли ва эркин бўлади. Агар масъулиятини унутиб, эсийўқлик қилиб қўйса, оила иморатига дарз етиши мумкин.

Акром МАЛИК

1 910марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Худо ва банда ўртасидаги сир ҳеч кимга керак эмас. Бу гапнинг маъноси шуки, Худо учун қиладиган ишларини…

    Худони севган Худо учун ишларкан, мақсади Худонинг ризоси экан, уни айтса, қолганлар бунинг учун унга қойил, офарин, художўй экансан деса, у бундан шодланса, мақсад қаёқда қолади…

    2 дақиқа

    Саккизинчи боб

    ҚАЙИНЮРТ Тўртинчи фасл Келин Келин англаб етиши керак бўлган ҳақиқат шуки, у сулоланинг, оиланинг маркази ҳисобланади. Барча ишлар, гап-сўзлар келин атрофида содир бўлади: йигит…

    4 дақиқаMumtoz oila

    Мубталолик – ёмон бало. Бирор зарарли ва қайтарилган ишга берилиб қолишнинг номи – мубталоликдир. Қайси ишдан…

    Адабни ўзига бош мезон ва қоида қилган халқларнинг пешонаси ёруғ, ҳаётлари қайғудан фориғ. Адабни лозим тутмаганларнинг кеча-ю кундузи вужудида оғриқдир. Энг ёмон ишлардан ҳам…

    2 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.