Maqbul axloq inkişofi
Бошимизга тушган энг оғир вазиятларда нима қилиш лозим?
Мақбул ахлоқ инкишофи
1. Эски дўст бўлиб, энди душманга айланган одам ҳақида гапирмаслик.
Чунки –
эртага қайта ора яхшиланиб кетар!
сенга қилган яхшиликларининг ҳурмати йўқми?
2. Эски келишувларда сир сақлаймиз деб айтилган сирларни асло фош қилмаслик.
Чунки –
бу энг аввал сени шарманда қилади, бу ишни қилган хор, қилмаган азиз бўлади.
рақиб томон сени тан олишга мажбур бўлади айнан шу омил сабабли.
Оламда сенинг сирингни фош қиламан дея таҳдид қилишдек ахлоқсизлик бўлмагани каби бу ишни қилишдек тубанлик ҳам йўқдир.
Агар фалон ишни қилмасанг, омма олдига чиқиб айтаман дейиш каби бир аҳмоқлик, бир калтафаҳмлик йўқ.
Бунинг Исломга алоқаси йўқ, чунки ислом фаросат устидаги диндир.
Бу ҳатто дипломатия ҳам эмас, ҳатто тактика ҳам эмас.
Тузатиш ва тарбиянинг йўли эмас бу.
Ислоҳ ва доно бошқарув эмас бу.
Бунинг энг мулойим васфи сабийлик хусусиятидир.
3. Қарор бермаслик.
Чунки –
мусибат танадаги савдо деб аталган қора рангли суюқликни оширади.
савдойи одамдан зиён зуҳур қилади.
4. Мия совуши учун сукут қилиш ҳамда тинчланиб олиш учун хилватга бориш ёки муқобил бирор тўғри ишни қилиш.
Чунки–
гапириш сени ожиз кўрсатади.
ахлоқингдаги нуқсон фош бўлади.
5. Дўстларни сотмаслик, қўрқмаслик, ҳар қандай ҳолда ҳам бировнинг шаънига доғ бўладиган хатони оммага зикр қилмаслик, имкон бўлса, ҳеч кимга айтмаслик.
Чунки –
ахлоқсиз ишларни фош этиш одамлар қалбини қорайтиради.
ишончларни сўндиради.
сен гуноҳни кўрдинг, аммо тавбани кўрмадинг, балки тавба қилгандир?!
Мақсад ислоҳ экан, ҳамиша тузатиш йўлини ўйламоқ керак.
Касални тузатишга ҳам вақт керак.
Одамларга ҳам тузалмоқлари учун вақт берилади.
Зотан, Аллоҳ не-не маъсиятларингни ҳали фош этмади, чунки у Зот тавба учун сенга вақт беряпти.
Tavfiq Аллоҳдан.
Илдирма:
Бу ёдланган гаплар эмас, тажрибанинг, қонли кўзёшлар ва уйқусиз азобнок тунлар насиҳатидир.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.