Тил

Ҳамиша сизларни эслаб, ҳаққингизга дуо қилмоқ биз шогирдлар бурчидир. Аммо махсус кун устозлар учун атаб…

Ассалому алайкум, муҳтарам устозларим!

Ҳамиша сизларни эслаб, ҳаққингизга дуо қилмоқ биз шогирдлар бурчидир. Аммо махсус кун устозлар учун атаб ажратилса, бу барибир яхши экан – бевафо дунёнинг чангалидан бир муддат ажралмоқ, сизларни зиёрат қилмоқ ва яна бир бор дийдорларингиздан баҳраманд бўлмоқ мумкин бўлади.

Устозсиз ҳеч иш йўқ. Устозсиз ҳеч бир эшик очилмас. Устозсиз олам зулматдир.

Бугун муаллим ва мураббийлар кунида хотирам китобини варақлаб, ҳар бир устозимни эсга олгим ва улар менга нималарни ўргатганларини зикр қилгим келди.

Энг аввал мактабда менга ҳарф танитган ва қўлларимдан ушлаб, ёзишни ўргатган муаллимам — Салимахон опа Норхоновадир.

Интизом, тартиб ва фидойилик Салимахон опанинг бутун вужудига сингиб кетган эди. Мен учун у киши ҳамиша том маънода классик муаллима бўлиб қоладилар.

Мактаб директори Дадахон ака Отахонов, у кишининг қизлари Эътиборхон опа;

мени доимо қўллаб-қувватлаган тил адабиёт муаллимамиз Муқаддас опа Дадабоева;

ижодкор бўлишимни ҳаммадан кўп истаган Дилнавоз опа Шокаримова;

тарих фанига муҳаббат уйғотган Муяссар опа Эргашева;

оқила ва донишманд муаллимам Матлуба опа Мирсоатова;

менга фавқулодда ўта ихлосли бўлган рус тили устозларим

Дилфуза опа Турсунова;

Дилфуза опа Қудратова;

Шаҳло опалар;

кимё устозларим Дилноза опа;

Дилфуза опа Жумабоева;

ўта маданиятли ва чуқур илм соҳибаси тил ва адабиётдан устозимиз Дилафруз опа Жумабоева;

дунёқарашимни росмана ҳаётга мослашмоғида хизмат қилган устозларим Умрзоқ Норбоевич, Бахтиёр Исроилович;

ёзиш маҳоратини ва таҳрирни ўргатган устозларим Анвархон ака Аҳмедов, Собиржон ака Иномов;

газета ишидан таълим берган Тўхтамурод ака Ҳасанбоев –

бу муҳтарам устозларимнинг барчаси дорулфунунда талаба бўлгунимча менга йўл-йўриқ кўрсатганлар, илм берганлар.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида академик Шуҳрат Сирожиддинов;

мумтоз адабиётдан Дилнавоз опа Юсупова;

маърифатчилик адабиётидан Нурбой Жабборов;

жаҳон адабиётидан Узоқ Жўрақулов;

камтар инсон раҳматли Дилмурод Холдоров;

адабиётшунослик назариясидан Баҳодир Карим;

адабий танқиддан Абдуғафур Расулов;

қадимги давр адабиётидан Насимхон Раҳмон;

фолклордан Омонулла Мадаев;

тасаввуф тарихидан Ҳамидулла Болтабоев;

одоб ва ахлоқдан Абдумурод Тилавов;

матнни тушуниш ва синчиклаб асосли таҳлил қилишдан Рашид Зоҳид;

тилшуносликдан Абдурауф Розиқов раҳматли домлам ҳамда Бахтиёр Менглиев;

ҳаётимнинг ҳар қадамида йўл кўрсатиб, ҳар томонлама ибрат бўлган навоийшунос устозим Олимжон Давлатов каби гигантлар таълим берганидан, уларнинг талабаси эканимдан бахтиёрман.

Шундай буюклардан сабоқ олишни насиб айлаган Аллоҳимга ҳамдлар бўлсин!

Вақт ўтиб, ўта адабсиз бир талаба бўлганимни англаб етдим.

Барча қулоқсизликларимдан афсус ва надоматдаман. Тавбалар қилдим.

Устозлар қадри ва мақомини бугун бироз англагандекман.

Инсон чин маънода шогирд ва илм толиби бўлиши энг буюк бир даража экани бугун менга кундай равшан.

Мен бу азиз зотларни устоз деб билдим, улар мени шогирд десалар, бу камина учун бир илтифот бўлур эди.

Шу онларда уларга ёшлик ва саркашлик юзасидан кўрсатган адабсизликларимни афв этишларини сўрайман.

Барча талабаларга айтган бўлардимки, устозларнинг ҳеч бирини ранжитманг. Қобилиятингиз ошиб-тошиб кетса ҳам, маълумотингиз миянгизни тўлдириб ташласа ҳам, ўзингизни босинг.

Бу устоз кучли, бу кучсиз деманг.

Ўзингизга керакли илмларни олинг ва устозларнинг ҳам илмини, ҳам дуосини олинг! Шунда асло афсусланмайсиз!

Азиз устозларим!

Сизлардан қарздорман. Ҳеч бир хизмат ва миннатдорчилик бу қарзимни узишга етмайди.

Байрамингиз билан табриклайман!

Умрингиз узоқ бўлсин, шарафингиз мудом юксакда порласин!

Холис ва фидойи хизматларингиз билан буюк Ватанимиз, улуғ халқимиз фарзандларини тарбиялаб, таълим беришдан асло тўхтаманг!

Роббим барча хайрли ишларингизни қабул айласин!

Икки дунёда юзингиз ёруғ бўлсин!

талабангиз Акром Малик.

3 340марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Қадрдонларнинг хабари бор: "Озод инсон фалсафаси" деган китобни ёзишни бошлаганмиз.

    Эътиборингизга 2-бобни ҳавола этамиз. Олдиндан огоҳлантирмоқчимиз: бу бобда маълумот жуда кўп ва аслида, улар энг мухтасар, яъни энг қисқа ифодаланган маълумотлардир. Шошилмай…

    27 дақиқаOzod inson falsafasi

    Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.

    Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий тадқиқот марказида Йўлдошхон Исаев домла ишлар эдилар. Ўта камтар, самимий, киришимли, кибрдан мутлақо йироқ, хокисор ва гўзал хулқли инсон…

    1 дақиқа

    ОЗОД ИНСОН ФАЛСАФАСИ

    Биринчи боб Манзара Ҳозирги кунда кузатилаётган ҳолат, менимча, бундай: ёши катталарда масъулият ҳисси камайган, улар ёш авлод, хусусан, ўз фарзандлари келажаги ва ахлоқи олдида…

    7 дақиқаOzod inson falsafasi

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.