Ozod inson falsafasi
Қадрдонларнинг хабари бор: "Озод инсон фалсафаси" деган китобни ёзишни бошлаганмиз.
Ассалому алайкум!
Қадрдонларнинг хабари бор: "Озод инсон фалсафаси" деган китобни ёзишни бошлаганмиз.
Эътиборингизга 2-бобни ҳавола этамиз.
Олдиндан огоҳлантирмоқчимиз: бу бобда маълумот жуда кўп ва аслида, улар энг мухтасар, яъни энг қисқа ифодаланган маълумотлардир.
Шошилмай ўқиб чиқасиз деган умиддамиз.
Матн юзасидан мулоҳазаларингизни ёзиб юборарсизлар.
Иккинчи боб
Мозийға қайтиб: одамнинг пайдо бўлиши
Тарих ҳақидаги билганларимиз мактаб дарсликлари доирасида, холос. Лекин у китоблар маълумотнома савиясида. Ҳеч бир дарслик таҳлил ва тавсифни ўргатмайди. Аксинча, фикрлаб қўйма дегандек, зич маълумотларни қалаштиради. Савол берма дегандек, ҳар бир гапни ҳукм оҳангида айтади.
Бугун қайси макон, қайси мақом ва ҳолатда эканимизни билиш учун, истасак, истамасак, мозийға қайтиб иш кўришка мажбурмиз.
Келинг, сўзимизни кутубхоналар ҳақида бошласак.
Дунёдаги энг бой ва аҳамиятли китоб қўрғонлари қаерда жойлашган ва уларда қандай китоблар сақланади. Бизнингча, асосий масалага кириб бориш учун бу каби масалаларда умумий бўлса-да, тасаввурлар бўлиши керак.
Нари-бери 178 миллион 200 минг китоб-у босма қилинган ишлар сақланадиган кутубхона Вашингтондаги Конгресс кутубхонасида 78 ярим миллион дона қўлёзма мавжуд. 5 миллион 800 минг дона харита. Ўн олти миллион донага яқин фотосурат. 4 миллион 300 мингта атрофида ёзилган овоз. Эътиборли нуқта – 78 ярим миллион дона қўлёзма.
Англия пойтахти Лондонда Британ кутубхонаси бор. 170 миллион донадан ортиқ материал сақланади. Ҳозирда 310 мингдан кўп ёки кам қўлёзма рўйхатга олинган.
Париждаги Франсуз Миллий кутубхонаси фонди 40 миллиондан кўп ёки кам нарса бор. Сайтидан қанча қўлёзма сақланиши ҳақидаги маълумотни топа олмадик.
Яна Лондонда Будлиён (Бодлеин) кутубхонаси ҳам қурилган. 14 миллион дона материал мавжуд. Бу кутубхона Оксфорддаги 22 та кутубхонанинг яхлит тизими саналади. Афсуски, бунинг ҳам сайтида қўлёзмалар ҳақида маълумот берилмаган.
Бундан ташқари, Кембридж, Берлин, Ватикан, Петербург, Искандария ҳамда Истанбулда ҳам улкан кутубхоналар борки, уларнинг ҳаммасида миллионлаб китоблар сақланади. Жамланса, уларда 600 миллионта ёки ундан кўп-кам материал мавжуд. Ҳақиқий китоблар сони 3 миллионтага бориши тахмин қилинади.
Албатта, бу қўлёзмаларнинг ҳаммаси ишончли, фойдаланишга яроқли, тадқиққа арзийди, хулоса берадиган манба деб бўлмагани каби тарихий ҳужжат сифатида фойдаланиш ҳам мулоҳазали. Гап инсоният асрлар давомида ўз тушунчалари, ҳаёти, ўтмиши ва кечмишини ёзишга қизиққанида. Ўзининг қалби ва тафаккурини намоён этиб, қоғозга бўлсин, терига бўлсин, тошга бўлсин, нималардир ёзиб қолдиргани аҳамиятли.
Бугун тарихни ўрганишнинг бир қанча манбалари мавжуд. Китоблар ягона манба сифатида қабул қилинмайди. Шу манбаларнинг биринчиси моддий ашёлардир. Яъни қазувчилар қазиб, изланувчилар изланиб ҳар хил нарсаларни топишади. Масалан, суяклар, сопол парчалари, қандайдир майда-чуйда қуроллар. Уларни пуфлаб-пуфлаб чангдан тозалашади. Кейин ҳар хил аппаратлар – ускуналар бор.
Ўша ускуна топилган далилни кимёвий жиҳатдан таҳлил қилган бўлади-да, бу нарсанинг ёши тақрибан (тахминан деса ҳам бўлади) фалон юз йилга тенг айтиб беради. Шунга суяниб, нарса топилган жойдан яна у-бу нарсалар излашади, қандайдир изларни яна топишади-да, бу ерда фалон йиллар олдин шаҳарми, қишлоқми бўлган дейишади.
Идиш-товоқ, коса-лаган ёки қандайдир бут ёки санамларга қараб, бу ернинг аҳолиси фалон динга амал қилган дейишади. Шундай қилиб, тарих деган фан пайдо бўлади – шаҳарлар тарихи, одамлар тарихи.
Шу каби маймунларнинг суягини топиб, бу ерда фалон минг йил аввал маймун-одам яшаган ҳам дейишади. Негадир кейин уларнинг гапи мутлақ ҳақиқат деб қабул қилинади-да, китобларга ёзилиб, мактаб болалари миясига қуйилади.
Яна бу ишлар илмий тадқиқот, фан деб аталади. Ундан ҳам қизиғи, бу илм ва фаннинг хулосаларига деярли ҳамма шубҳасиз ҳақ деб эътиқод қилади.
Моддий ашёлардан ташқари эски харобалар, эски қасрлар ва шу кабиларни тарихчи олимлар далил деб қабул этадилар. Ундан кейин китоблардаги гапларга юзланишади.
Дунё тарихи ҳақида гап кетганда негадир Геродотни тарих отаси дейишади. Нега айнан Геродот? Аввало, Геродот ҳақидаги маълумотларни бир ўқиб чиқайлик:
Геродот (мил. авв. 484–425) томонидан яратилган “Тарих” асари Европа адабиёти ва илм-фанида тўлиқ сақланиб қолган биринчи мукаммал насрий ҳамда тарихий асар деб ишонилади.
“Тарих” асари анъанавий равишда 9 та китобдан иборат деб қабул қилинган. Ушбу тартибланиш муаллифнинг ўзига тегишли эмас. Кейинчалик Искандария кутубхонасининг матншунос олимлари асарни мантиқий ва хронологик жиҳатдан 9 қисмга ажратиб, ҳар бир китобни юнон мифологиясидаги 9 та муза (илҳом париси) номи билан аташган. Қуйида ушбу китобларнинг таркибий мазмуни келтирилади:
И китоб (Клио): Лидия подшолиги тарихи, Аҳамонийлар давлатининг вужудга келиши ва Кир ИИ нинг ҳукмронлик даври, унинг массагетлар ва уларнинг маликаси Тўмарисга қарши олиб борган уруши ҳамда ҳалокати баён қилинади.
ИИ китоб (Евтерпа): Қадимги Миср давлати тарихига бағишланган бўлиб, ўлканинг табиати, Нил дарёсининг хусусиятлари, халқнинг урф-одатлари, дини ва фиръавнлар тарихи географик ҳамда этнографик жиҳатдан алоҳида батафсил таҳлил қилинади.
ИИИ китоб (Талия): Форс шоҳи Камбиз томонидан Мисрнинг забт этилиши, шоҳ Доро И нинг ҳокимият тепасига келиши ва у империяда жорий этган солиқ ҳамда маъмурий тизим (сатрапликлар) ҳақида маълумот беради.
ИВ китоб (Мелпомена): Скифларнинг келиб чиқиши, ижтимоий ҳаёти ва табиати ҳамда Доро И нинг Скифияга муваффақиятсиз юриши баён этилади. Шунингдек, Марказий Осиёнинг ички ҳудудларидаги саклар ва исседонлар каби халқлар илк бор тилга олинади.
В китоб (Терпсихора): Фракия ва Македония табиати, шунингдек, юнон-форс урушларининг келиб чиқишига бевосита сабаб бўлган Иония қўзғолони ва унинг оқибатлари ёритилади.
ВИ китоб (Эрато): Иониялик қўзғолончиларнинг узил-кесил мағлубияти, форсларнинг Юнонистон ҳудудига биринчи юриши ва милоддан аввалги 490-йилда содир бўлган машҳур Марафон жанги тафсилотлари ўрин олган.
ВИИ китоб (Полигимния): Шоҳ Ксеркснинг отаси Доро И васиятини бажариш мақсадида улкан қўшин тўплаб Юнонистонга юриш бошлаши, Термопил жанги ва подшоҳ Леонид бошчилигидаги спарталикларнинг жасорати тасвирланади.
ВИИИ китоб (Урания): Артемисия ва Саламин яқинидаги денгиз жангларида стратегик ташаббуснинг юнонлар қўлига ўтиши ҳамда форслар флоти устидан қозонилган муҳим ғалаба таҳлил қилинади.
ИХ китоб (Каллиопа): Платея ва Микале жангларида форс қўшинларининг буткул тор-мор этилиши, юнон шаҳарларининг озод қилиниши ҳамда умумий ғалаба билан асарнинг якунланиши ёритилади.
Антик давр анъанасига кўра, Геродот асари бугунги кундаги каби китоб (кодекс) шаклида эмас, балки папирус ўрамларида (скроллс) сақланган ва тарқатилган.
Тадқиқотларда айтилишича, дастлаб матн оммавий тинглашга мўлжалланган 28 та логои (мустақил маърузалар ёки оғзаки ҳикоялар туркуми)дан иборат бўлган.
Геродот ўз сафарлари давомида тўплаган маълумотларини шу мантиқий қисмлар асосида юнон полислари аҳлига ўқиб берган. Матн тили қадимги юнон тилининг Иония диалектида ёзилган бўлиб, ўзига хос силлиқ ва бадиий услубга эга.
Замонавий нашриёт ўлчовларига кўра, “Тарих” асарининг умумий ҳажми таржима, шарҳлар ва шрифт ўлчамига қараб ўртача 600 тадан 800 саҳифагача бўлган ҳажмни ташкил этади.
Геродотнинг милоддан аввалги В асрда муаллиф томонидан ёзилган асл қўлёзма нусхаси (автограф) сақланиб қолмаган.
Бугунги кунда илм-фанга маълум бўлган ва илмий нашрларга асос қилиб олинган матнлар асосан Ўрта асрлар (Византия даври) китоб кўчирувчиларининг меҳнатлари маҳсулидир. Матншуносликда ушбу қўлёзмалар келиб чиқиши ва матн аниқлигига кўра иккита асосий тармоққа (стемма) бўлинади:
Флоренсия ёки Роман гуруҳи (Стемма А): Ушбу гуруҳнинг энг нуфузли ва қимматли вакили Флоренсиядаги Медичи Лаурензиана кутубхонасида сақланувчи, Х асрга оид Кодех Лаурентианус (плутеус ЛХХ, 3) қўлёзмасидир. Ушбу матн бошқа нусхаларга қараганда муаллиф услубига энг яқин ва хатолардан холи нусха деб қаралади.
Теодор ёки Немис гуруҳи (Стемма Б): Бунга ХИ – ХИВ асрларга оид бўлган қўлёзмалар киради. Уларнинг орасида энг асосийси Римдаги Ватикан кутубхонасида сақланувчи, ХИ асрга тегишли Кодех Ватиканус (Ват. Гр. 67) қўлёзмасидир. Гарчи у Стемма А гуруҳидан бироз фарқ қилса-да, матндаги тушиб қолган жойларни тиклашда муҳим илмий манба деб ишонилади.
Энди сўзни Геродотдан бошқа тарафга бурамиз.
Масалан, Хондамир деган одам, уни танийсиз, ҳазрат Алишер Навоий тарбия қилганлар, “Ҳабибус сияр” деган асар ёзган. Асарнинг тўлиқ номи: “Ҳабиб ус-сияр фи ахбор афрод ул-башар” .
Китоб 1521 – 1524-йиллар оралиғида ёзилган ва 1529-йилда тўлиқ якунланган.
Асарнинг қисқа тузилиши:
Муқаддима
Бу қисмда муаллиф тарих илмининг жамият ҳаётидаги фойдаси ва аҳамияти, коинотнинг яратилиши, географик иқлимлар ва турли мамлакатлар ҳақида умумий тушунчалар берган.
Биринчи жилд
1-қисм. Одам алайҳиссаломдан бошлаб ўтган пайғамбарлар тарихи ҳамда қадимги Эрон (Пишдодий ва Киёний) подшоҳлари хронологияси.
2-қисм. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти, у зотнинг ғазотлари ва ислом динининг ёйилиши.
3-қисм. Илк тўрт халифа (Хулафойи рошидин) даври, шунингдек, кейинги Умавийлар ва Аббосийлар халифалиги тарихи.
Иккинчи жилд 1-қисм. Аббосийлар даврида турли ҳудудларда мустақил бўлган сулолалар (Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Буйийлар ва Салжуқийлар).
2-қисм. Ғурийлар, Хоразмшоҳлар, Исмоилийлар сулоласи ҳамда Озарбайжон ва Форс ўлкаларидаги маҳаллий ҳукмдорлар.
3-қисм. Миср ва Шом (Сурия) ҳудудида ҳукм сурган Мамлуклар ва Фотимийлар халифалиги тарихи.
Учинчи жилд
1-қисм. Чингизхон, унинг келиб чиқиши, мўғуллар истилоси ҳамда Дашти Қипчоқ, Чиғатой улуси ва Мовароуннаҳрдаги мўғул хонлари тарихи.
2-қисм. Элхонийлар (Ҳулагуийлар) даври ва улардан кейинги маҳаллий сулолалар (Музаффарийлар, Курдлар ва бошқалар).
3-қисм. Амир Темур ва Темурийлар даври. Бу бўлимда Шоҳруҳ Мирзо, Абу Саид, айниқса, муаллиф узоқ йиллар хизматида бўлган Султан Ҳусайн Бойқаро давридаги Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаёти жуда батафсил ёритилган. Шунингдек, темурийларнинг инқирози, Бобурнинг фаолияти, Шайбонийхон бошчилигидаги ўзбекларнинг ва Сафавийлар давлатининг (Биринчи шоҳ Исмоил) майдонга чиқиши баён этилган
Хотима
Ушбу қисмда ер юзининг турли иқлимлари, йирик шаҳарлари, тоғ ва дарёларининг тасвири (географик маълумотлар) ҳамда ўша даврдаги ажойиботлар ва табиат ҳодисалари келтирилади.
Бу Хондамир ҳазратлари ҳақидаги қисқагина маълумот эди. Умуман, Шарқда яна қандай тарихчилар яшаб ўтган? Уларнинг энг йириклари исмларини зикр қилайлик:
1. Аҳмад ибн Абу Яъқуб ал-Яъқубий (? – 897 дан кейин) Бағдодда туғилган. Ёшлигида Арманистонда, кейин Хуросонда Тоҳирийлар хизматида бўлган, Ҳиндистон, Миср ва Мағрибга саёҳат қилган. Саёҳатлари натижасида “Китоб ал-булдон” (Мамлакатлар китоби) географик асарини ёзган.
Унинг “Таърих” (Тарих) асари ислом тарихнавислигида жаҳон тарихини баён этган. Асарнинг биринчи қисмида исломгача бўлган халқлар – Исроил, Ҳиндистон, Юнонистон, Рим, Эрон, Хитой, турклар ва араблар тарихи, маданияти, илм-фани ва эътиқодлари, иккинчи қисмида эса 872-йилгача бўлган ислом тарихи ёритилган. Муаллиф ислом тарихини бошқа сивилизатсиялар тарихи билан ягона жараён сифатида кўрсатган.
2. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (839 – 923-йиллар) Табаристоннинг Амул шаҳрида туғилган. Илм талабида Райй, Бағдод, Басра, Куфа, Шом ва Мисрда бўлган. Умрининг катта қисмини Бағдодда ўтказган, “Жомиʼ ал-баён” тафсири муаллифи сифатида ҳам машҳур. Бағдодда вафот этган.
“Таърих ар-русул ва-л-мулук” (Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи) йилма-йил (хронологик) баён қилинадиган умумий тарихнавислик анъанасининг энг мукаммал илк намунасидир. Унда оламнинг яратилишидан 915-йилгача бўлган воқеалар ёритилган. Муаллиф ҳар бир ривоятни уни етказган ровийлар занжири – исноди билан келтирган, бир воқеа ҳақидаги турли ривоятларни ёнма-ён бериб, хулосани ўқувчига қолдирган. Шу холис ёндашув туфайли асар кейинги барча ислом тарихчилари учун асосий манбага айланган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Асарнинг тўлиқ ягона қўлёзмаси мавжуд эмас; матн Истанбул, Лейден, Берлин, Оксфорд ва бошқа кутубхоналардаги нусхалар асосида тикланган. M.J. де Гуе бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи уни Лейденда нашр этган (1879–1901).
40 жилдлик инглизча таржимаси Ню-Ёрк штати университети нашриётида чиққан (1985–2007).
Сомоний вазир Абу Али Балъамий 963-йилда ушбу асарни форс тилига қайта ишлаб ёзгани “Таърихи Балъамий”нинг бир неча нусхаси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади.
3. Абул Ҳасан Али ибн ал-Ҳусайн ал-Масъудий (896 – 956-йиллар) Бағдодда туғилган. Эрон, Ҳиндистон, Ҳинд океани соҳиллари, Каспий бўйи, Арманистон, Шом ва Фаластин бўйлаб шахсан саёҳат қилиб, халқларнинг маданияти, урф-одатлари ва эътиқодларини жонли кузатишлари асосида ёзган. Умрининг охирини Мисрда ўтказиб, Фустотда вафот этган.
Унинг “Муруж аз-заҳаб ва маъодин ал-жавоҳир” (Олтин яйловлар ва жавоҳир конлари) тарихни география, этнография ва табиий фанлар билан уйғунлаштирган ноёб асардир.
Унда оламнинг яратилиши, ер юзи, денгизлар, турли халқлар – ҳиндлар, хитойлар, юнонлар, римликлар, форслар, турклар, славянлар тарихи, сўнг Ислом тарихи 947-йилгача баён этилган.
Воқеалар йиллар бўйича эмас, мавзу ва сулолалар бўйича гуруҳланган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Қўлёзмалари Париж, Истанбул, Лейден ва бошқа кутубхоналарда сақланади. К. Барбе де Мейнар ва А. Паве де Куртей асарни арабча матни ва франсузча таржимаси билан 9 жилдда нашр этган (Париж, 1861–1877); кейинчалик Ш. Пелла тузатилган нашрини тайёрлаган (Байрут).
4. Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний (973 – 1048-йиллар) Хоразмнинг Кот шаҳрида туғилган. Журжонда Қобус ибн Вушмгир, Гурганжда Маъмунийлар саройидаги олимлар даврасида фаолият кўрсатган. 1017-йилдан Ғазнада яшаган, Ҳиндистонга қилинган юришларда иштирок этиб, санскрит тилини ўрганган. Ғазнада вафот этган.
“Ал-осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия” (Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар) жаҳон халқларининг тақвимлари, эралари, байрамлари ва диний анъаналарини қиёсий ўрганган асардир. Унда форслар, сўғдлар, хоразмликлар, юнонлар, яҳудийлар, сурёнийлар, араблар ва бошқа халқларнинг йил ҳисоби ҳамда тарихи манбаларни танқидий қиёслаш асосида тикланган.
“Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд” (Ҳиндистон) асари эса бошқа сивилизатсияни унинг ўз манбалари ва тили орқали холис ўрганишнинг мумтоз намунасидир.
Қўлёзмалари ва нашрлари. “Ал-осор ал-боқия”нинг 1307-йилда кўчирилган миниатюрали нусхаси Эдинбург университети кутубхонасида, бошқа нусхалари Париж ва Истанбулда сақланади.
Танқидий матнини Э. Захау нашр этган (Лейпсиг, 1878). Ўзбекча таржимаси “Танланган асарлар”нинг И жилдида чоп этилган (Тошкент, 1968). Яқинда яна чиқди.
5. Иззиддин Абул Ҳасан Али ибн ал-Асир ал-Жазарий (1160 – 1233-йиллар) Дажла бўйидаги Жазират ибн Умар (ҳозирги Туркиядаги Жизре) шаҳрида туғилган, умрининг кўп қисмини Мосулда ўтказган. Бағдод, Дамашқ ва Ҳалабда бўлган, Салоҳиддин Айюбий қўшини сафида салибчиларга қарши юришларда қатнашган. Мосулда вафот этган.
“Ал-комил фи-т-таърих” (Мукаммал тарих) оламнинг яратилишидан 1231-йилгача бўлган умумий тарих бўлиб, салиб юришлари ва мўғуллар истилоси даврининг энг ишончли манбаларидан биридир.
Табарий материалини иснодларсиз қисқартириб, воқеаларни яхлит ҳикоя шаклида берган, Машриқ ва Мағрибдаги турли ҳудудлар ҳақидаги тарқоқ маълумотларни ягона тизимга келтирган.
Асарнинг сўнгги қисмларида у Чингизхон қўшинларининг Бухоро, Самарқанд, Ўтрор ва Урганчни вайрон қилгани ҳақида замондош сифатида ёзган ва мўғул истилосини инсоният бошига тушган энг оғир мусибатлардан бири деб баҳолаган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Қўлёзмалари Истанбул, Париж, Лейден ва бошқа кутубхоналарда сақланади.
K.J. Торнберг асарни 14 жилдда нашр этган (Лейден – Упсала, 1851–1876).
6. Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамадоний (1247 – 1318-йиллар) Ҳамадонда табиб оиласида туғилган. Элхонийлар саройида табиб, сўнг Ғозонхон ва Ўлжайту даврида бош вазир бўлган. Табриз яқинида мадраса, кутубхона, котибхона ва шифохонадан иборат "Рабъи Рашидий" мажмуасини барпо этган. Сарой фитналари натижасида 1318-йилда қатл этилган.
“Жомеʼ ут-таворих” (Тарихлар тўплами) кўплаб тадқиқотчилар томонидан тарихнависликдаги биринчи ҳақиқий жаҳон тарихи деб эътироф этилади.
Биринчи жилдида турк ва мўғул қабилалари, Чингизхон ва унинг авлодлари тарихи, иккинчи жилдида Ўғузхон ва турклар, Хитой, Ҳиндистон, яҳудийлар ва “франклар” (Европа халқлари) тарихи баён этилган. Асар жамоавий тадқиқот усулида – мўғул, хитой, ҳинд, кашмирлик ва европалик билимдонлар иштирокида, мўғулларнинг ёзма анъанасига таяниб яратилган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Вақфномага кўра, “Рабъи Рашидий”да асар ҳар йили араб ва форс тилларида кўчирилиши шарт қилинган.
1314-йилга оид арабча миниатюрали нусханинг қисмлари Эдинбург университети кутубхонаси ва Лондондаги N.D. Халили коллексиясида, муҳим форсча нусхалари Истанбулдаги Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланади.
Русча таржимаси 1946 – 1960-йилларда, V.M. Текстоннинг инглизча таржимаси 1998 – 1999-йилларда нашр этилган.
7. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий (1274 – 1348-йиллар)
“Таърих ал-ислом ва вафаёт ал-машоҳир ва-л-аълом” (Ислом тарихи ҳамда машҳур зотлар ва алломаларнинг вафотлари) ва “Сияр аълом ан-нубало” (Олий мартабали алломалар сийрати) ислом оламининг энг улкан тарихий-биографик энсиклопедияларидир.
“Таърихул-ислом”да ислом тарихи 1300-йилгача ҳижрий ўн йилликлар бўйича баён этилиб, ҳар бир давр воқеаларидан сўнг ўша йилларда вафот этган олимлар, давлат арбоблари, муҳаддислар ва фозиллар ҳақида маълумот берилади; асардаги биографиялар сони 40 мингга яқин деб ҳисобланади. Муаллиф ҳадис илмидаги жарҳ ва таъдил (ровийларни танқидий баҳолаш) усулини тарихий биографияга тизимли татбиқ этган.
Биз мусулмонларнинг еттита машҳур тарихчиларини зикр қилдик, энди Ғарб тарихчиларини ҳам кўриб чиқайлик.
1. Полибий (тахм. мил. ав. 200 – 118-йиллар) Аркадиядаги Мегалопол шаҳрида туғилган, Ахей иттифоқининг ҳарбий раҳбарларидан бири бўлган. Мил. ав. 167-йилда гаровга олинган минг нафар ахейлик қаторида Римга олиб кетилган ва Стсипион Эмилиан даврасига яқинлашган. Карфагеннинг вайрон этилишини (мил. ав. 146) кўрган, Испания, Африка ва Алп тоғларида бўлган.
Унинг “Ҳисториаи” (Умумий тарих) мил. ав. 220 – 146-йилларда Ўрта ер денгизи дунёси халқларининг тақдири Рим ҳукмронлиги атрофида ягона жараёнга бирлашганини кўрсатган асар дейилади.
Полибий умумжаҳон тарихи ғоясини биринчилардан бўлиб назарий асослаган: унинг фикрича, алоҳида халқлар тарихи яхлит манзарани бера олмайди. У “прагматик тарих” тамойилини, давлат бошқарув шаклларининг даврий алмашинуви назариясини илгари сурган ва манбаларни текширмаган тарихчиларни танқид қилган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. 40 китобдан фақат 1–5-китоблар тўлиқ сақланган. Уларнинг асосий қўлёзмаси – Х асрга оид “Ватиканус граэкус 124” (Ватикан). Қолган китоблар парчалари император Константин ВИИ даврида тузилган Византия экстрактлари тўпламлари орқали етиб келган.
2. Диодор Ситсилиялик (тахм. мил. ав. 90 – 30-йиллар) Ситсилиядаги Агирион шаҳрида туғилган. Мил. ав. 60–56-йиллар атрофида Мисрда бўлган, кейин узоқ йиллар Римда яшаган ва манбаларни тўплаб, асари устида қарийб ўттиз йил ишлаган.
“Библиотҳеке ҳисторике” (Тарихий кутубхона) афсонавий даврлардан мил. ав. 60-йилгача бўлган жаҳон тарихини 40 китобда баён этган антик даврнинг йирик умумий тарихидир.
Асарда Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Эфиопия, скифлар, араблар, юнонлар ва римликлар тарихи қамраб олинган. Диодор асарининг алоҳида қиммати шундаки, у ҳозир йўқолган кўплаб муаллифлар – Ктесий, Мегасфен, Эфор ва бошқаларнинг маълумотларини сақлаб қолган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. 40 китобдан 1–5 ва 11–20-китоблар тўлиқ сақланган, қолганлари Византия экстрактлари ва патриарх Фотийнинг “Библиотека”си орқали парчалар ҳолида маълум. Сақланган китоблар асосан Х–ХВ асрларга оид Византия қўлёзмалари орқали етиб келган.
Асарнинг юнонча матни ва инглизча таржимаси “Лоэб Классикал Либрарй” туркумида 12 жилдда нашр этилган (1933–1967).
3. Кесариялик Евсевий (тахм. 260 – 339-йиллар) Фаластиндаги Кесария шаҳрида туғилган, олим Памфилнинг кутубхонасида таълим олган. Тахминан 313-йилдан Кесария эпископи бўлган, император Константинга яқин шахс сифатида танилган.
“Хроника” (Чроникои канонес) – Иброҳим пайғамбар давридан 325-йилгача бўлган жаҳон тарихи воқеаларини оссурияликлар, яҳудийлар, мисрликлар, юнонлар ва римликлар йил ҳисоби бўйича параллел устунларда қиёсий кўрсатган асар.
У ўрта асрлар Европасидаги барча жаҳон хроникаларига намуна бўлгани айтилади. “Черков тарихи” (10 китоб) эса черков тарихнавислигига асос солган; муаллиф ҳужжат ва мактубларни тўлиқ иқтибос қилиш усулини қўллаган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. “Хроника” юнонча тўлиқ ҳолда сақланмаган: у Иеронимнинг лотинча таржимаси ва арман тилидаги таржимаси орқали маълум.
“Черков тарихи”нинг юнонча қўлёзмалари Х – ХИИ асрларга оид; В асрга оид сурёнийча таржимаси қўлёзмаси ҳам сақланган.
4. Павел Оросий (тахм. 385 – 420 дан кейин) “Ҳисториаэ адверсус пагано” (Бутпарастларга қарши тарих етти китоби, 417 – 418) Одам Атодан 417-йилгача бўлган жаҳон тарихини баён этган биринчи христиан умумий тарихидир.
Асар Римнинг 410-йилда готлар томонидан талон-тарож қилиниши христианлик туфайли юз берди деган қарашга жавоб сифатида Августиннинг топшириғи билан ёзилган.
Оросий жаҳон тарихини тўрт буюк салтанат – Бобил, Македония, Карфаген ва Рим алмашинуви схемаси асосида талқин қилган. Асар минг йил давомида Европада жаҳон тарихининг асосий дарслиги бўлиб хизмат қилган.
Испаниянинг шимоли-ғарбидаги Брагара (ҳозирги Португалиядаги Брага) шаҳридан. Тахминан 414-йилда Испанияга бостириб кирган қабилалар туфайли Шимолий Африкага, Гиппон шаҳрига Августин ҳузурига кетган.
415-йилда Фаластинга, Байтлаҳмда Иероним ҳузурига борган, сўнг Африкага қайтган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Асарнинг 200 дан ортиқ қўлёзмаси маълум, улардан энг қадимгиси ВИ асрга оид “Лаурентианус 65.1” (Флоренсия). ИХ аср охирида қадимги инглиз тилига таржима қилинган. К. Сангемейстер танқидий нашри (Вена, 1882) мавжуд.
5. Фрайзингенлик Оттон (тахм. 1112 – 1158-йиллар) Австрия маркграфи Леополд ИИИ нинг ўғли, император Фридрих И Барбароссанинг амакиси. Парижда таълим олган, Бургундиядаги Моримонд монастирида роҳиб бўлган, 1138-йилдан Фрайзинг (Бавария) эпископи. Иккинчи салиб юришида (1147–1148) қатнашган. Моримондда вафот этган. “Чроника сиве Ҳисториа де дуабус кивитатибус” (Икки шаҳар ҳақида хроника, 1143–1146) оламнинг яратилишидан 1146-йилгача бўлган жаҳон тарихини Августиннинг “Худо шаҳри” ғояси асосида – самовий ва дунёвий “шаҳар” муносабати сифатида талқин қилган асардир; саккизинчи китоби охирзамонга бағишланган.
Муаллиф ҳокимият ва илмнинг Шарқдан Ғарбга кўчиши (транслатио империи) ғоясини ривожлантирган.
Асарда 1141-йилда Самарқанд яқинидаги Қатвон жангида қорахитойларнинг Салжуқийлар устидан ғалабаси ҳақидаги хабарлар акс-садоси – Шарқдаги христиан подшоҳ “Поп Иоанн” ҳақидаги афсонанинг илк ёзма қайди учрайди.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Энг машҳур қўлёзмаси – ХИИ аср охирига оид миниатюрали нусха Ена университети кутубхонасида сақланади. А. Ҳофмейстер танқидий нашри "Монумента Германиаэ Ҳисторика" туркумида чиққан (1912).
6. Жак-Бенин Боссюэ (1627 – 1704-йиллар) Бургундиядаги Дижонда туғилган. Метсда ва Парижда воиз, Кондом ва Мо эпископи бўлган. 1670–1681-йилларда қирол Людовик ХИВ нинг вориси – дофиннинг тарбиячиси бўлиб, асарни унинг таълими учун ёзган. Парижда вафот этган.
“Дискоурс сур лъҳистоире универселле” (Жаҳон тарихи ҳақида нутқ, 1681) оламнинг яратилишидан Буюк Карл давригача (800) бўлган жаҳон тарихини илоҳий тақдир (провиденсия) нуқтаи назаридан яхлит талқин қилган асардир.
У провиденсиал тарих фалсафасининг сўнгги йирик намунаси бўлиб, маърифатпарварларнинг тарих фалсафаси айнан унга жавоб сифатида шаклланган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Асар 1681-йилда Парижда нашр этилган; муаллиф тузатишлари билан қайта нашрлари кейинги йилларда чиққан. Боссюэ қўлёзмаларининг катта қисми Франсия миллий кутубхонасида сақланади.
7. Волтер – Франсуа-Мари Аруэ (1694 – 1778-йиллар) Парижда туғилган. 1726–1728-йилларда Англияда сургунда бўлган, кейинчалик Сире қасрида, Пруссия қироли Фридрих ИИ саройида (Потсдам) яшаган, сўнгги йигирма йилини Женева яқинидаги Фернеда ўтказган. Парижда вафот этган.
“Эссаи сур лес мœурс эт лъесприт дес натионс” (Халқлар урф-одатлари ва руҳи ҳақида иншо, 1756) жаҳон тарихини сулолалар ва урушлар тарихи сифатида эмас, маданият, урф-одат ва сивилизатсиялар тарихи сифатида ёзишга қаратилган асардир.
Волтер Боссюэга қарама-қарши равишда асарини Хитой, Ҳиндистон ва ислом оламидан бошлаб, Европа марказчилигидан воз кечишга чақирган.
“Тарих фалсафаси” атамасини ҳам у муомалага киритган (1765).
Қўлёзмалари ва нашрлари. Волтернинг шахсий кутубхонаси (6800 дан ортиқ китоб, ҳошиядаги қайдлари билан) ва қўлёзмаларининг бир қисми 1779-йилда Екатерина ИИ томонидан сотиб олинган ва ҳозир Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида сақланади.
8. Леополд фон Ранке (1795 – 1886-йиллар) Тюрингиядаги Виҳе шаҳрида туғилган. 1825-йилдан Берлин университетида профессор бўлган, 1827–1831-йилларда Вена, Венетсия ва Рим архивларида ишлаган. Берлинда вафот этган.
У архив ҳужжатларига асосланган танқидий усул ва семинар тизими орқали тарихни мустақил профессионал фанга айлантирган олим деб қаралади. Тарихчи ўтмишни “аслида қандай бўлган бўлса, шундай” кўрсатиши лозим, деган тамойили ХИХ аср тарихнавислигининг шиорига айланган. Умрининг сўнгги йилларида – 85 ёшида у “Велтгесчичте” (Жаҳон тарихи) асарини бошлаган ва вафотигача ўрта асрларгача етказган; сўнгги жилдлари шогирдлари томонидан унинг маърузалари асосида нашрга тайёрланган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. “Жаҳон тарихи” Лейпсигда 9 жилдда нашр этилган (1881–1888). Ранкенинг шахсий кутубхонаси ва қўлёзмаларининг катта қисми 1887-йилда АҚШдаги Сиракуза университетига кўчирилган ва ҳозир ҳам у ерда сақланади.
9. Освалд Шпенглер (1880 – 1936-йиллар) Гартс тоғлари этагидаги Бланкенбург шаҳрида туғилган. Галле, Мюнхен ва Берлин университетларида ўқиган, Гамбургда гимназия ўқитувчиси бўлган, 1911-йилдан Мюнхенда мустақил олим сифатида яшаган ва шу ерда вафот этган.
Унинг “Дер Унтерганг дес Абендландес” (Европанинг сўниши, 1918–1922) китоби жаҳон тарихини ягона чизиқли тараққиёт сифатида эмас, ҳар бири туғилиш, гуллаш ва сўниш босқичларини ўтувчи алоҳида юксак маданиятлар – Миср, Бобил, Ҳинд, Хитой, антик, араб (сеҳрли), Ғарб ва бошқаларнинг морфологияси сифатида талқин қилган асардир.
Шпенглер ҳар бир маданият сўнгги босқичда “сивилизатсия”га айланиб, қотиб қолишини таъкидлаган. Асар ХХ асрда сивилизатсияларни қиёсий ўрганиш йўналишига, жумладан А. Тойнбига катта таъсир кўрсатган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Асарнинг биринчи жилди Венада (1918), иккинчи жилди Мюнхенда (1922) нашр этилган. Муаллифнинг илмий мероси ва қўлёзмалари Мюнхендаги Бавария давлат кутубхонасида сақланади.
10. Арнолд Жозеф Тойнби (1889 – 1975-йиллар) Лондонда туғилган, Оксфордда таълим олган. Лондон университетида профессор, 1925–1955-йилларда Қироллик халқаро муносабатлар институтининг тадқиқотлар директори бўлган.
Унинг “А Студй оф Ҳисторй” (Тарихни тадқиқ этиш, 12 жилд, 1934–1961) китоби жаҳон тарихини йигирмадан ортиқ сивилизатсиянинг пайдо бўлиши, ўсиши, инқирози ва парчаланиши сифатида қиёсий таҳлил қилган ХХ асрнинг энг кенг кўламли асаридир.
Тойнби “чақириқ ва жавоб” назариясини илгари сурган: сивилизатсия табиий ёки ижтимоий чақириқларга ижодкор озчиликнинг муносиб жавоби туфайли ривожланади. У ислом сивилизатсиясига алоҳида эътибор қаратган ва Ибн Халдуннинг “Муқаддима”сини ўз туридаги энг буюк асарлардан бири деб баҳолаган.
Қўлёзмалари ва нашрлари. Асар Оксфорд университети нашриётида чоп этилган. Тойнбининг илмий архиви Оксфорддаги Будлиён кутубхонасида сақланади.
Мана, Мусулмон Шарқида яшаб ўтган саккиз нафар, ғарблик ўн бир нафар мумтоз тарихчилар ҳақида энг қисқа шаклда маълумот ҳосил қилдик.
Уларни қиёсан таҳлил қилсак, ҳар икки анъана тарихни бир халқ ёки бир давлат доирасидан чиқариб, инсониятнинг умумий тарихи сифатида ёзишга интилган. Бу интилиш уларни бир-бирига яқинлаштиради, бироқ ҳар бир анъана бу мақсадга ўзига хос йўл билан эришган.
Қадимги муаллифлар тарихни оламнинг яратилишидан бошлаган, тарихни география ва этнография билан уйғунлаштирган.
Шарқ тарихнавислиги изчил давомийлик билан ажралиб туради: Табарий асари кейинги тарихчилар учун асос бўлган, Ибн ал-Асир уни давом эттирган, Хондамир эса бу анъанани Темурийлар ва Мовароуннаҳр тарихи билан бойитган.
Ғарбда тарихий тафаккур босқичма-босқич янгиланиб борган: антик давр гувоҳлигидан провиденсиал талқинга, ундан маданият тарихига ва сивилизатсиялар назариясига ўтилган.
Холислик ва илмий текширилганлик жиҳатидан ҳар икки анъанада шахсий кузатув, манбани асл ҳолида келтириш ва танқидий текшириш учрайди. Шарқ тарихчилари маълумот етказган шахснинг ишончлилигини текширишнинг тизимли усулларини – иснод, жарҳ ва таъдил ҳамда Берунийнинг манбаларни танқидий қиёслаш усулини – ИХ–ХИВ асрлардаёқ қўллаган.
Табарий зиддиятли ривоятларни ёнма-ён бериб, ҳукмни ўқувчига қолдирган.
Ғарбда тизимли архив танқиди ХИХ асрда Ранке билан қарор топган.
Тарихни яхлит назарий схема асосида тушунтириш эса Полибийдан Тойнбигача Ғарб тарихнавислигининг кучли томони бўлиб келган, гарчи бу ёндашув муаллиф консепсиясининг таъсирини ҳам оширса-да.
Қўлёзмаларнинг ишончлилиги жиҳатидан иккала анъанада ҳам муаллифларнинг асл нусхалари сақланмаган, матнлар бир неча нусхани қиёслаш орқали тикланган, илмий танқидий нашрлар эса асосан ХИХ–ХХ асрларда тайёрланган.
Аммо эътиборли жиҳати шуки, Шарқ асарларининг нусхалари муаллиф даврига анча яқин: Рашидиддин асари унинг ҳаётлигида кўчирилган ва вақф орқали мунтазам кўпайтирилиши кафолатланган.
Беруний асарининг нодир нусхаси ундан икки ярим аср кейин яратилган.
Антик Ғарб асарлари эса мингйилликдан ортиқ вақт ўтиб кўчирилган нусхалар орқали, кўп ҳолларда қисман етиб келган.
Умуман олганда, Шарқ тарихнавислиги манбанинг ишончлилиги, баённинг изчиллиги ва матннинг муаллиф даврига яқин ҳолда сақланиши билан ажралиб туради.
Ғарб тарихнавислигининг ўзига хослиги эса назарий умумлашма ва тарихий қарашларнинг хилма-хиллигидадир.
Албатта, бугунги илмнинг холислик тамойили билан қарасак ҳам, мусулмон Шарқи тарихчилари масалани аниқ ҳужжатларга таяниб ёритганлиги ҳамда далилларнинг кучли эканлиги билан ажралиб турибди.
Айниқса, нусхаларни сақлаш, кўчириш ва бугунга етиб келишидаги омонатдорлик алоҳида ютуқдир. Шу маънода, бизга ўқитилаётган тарихнинг, асосан, Ғарб манбаларига таяниши жуда тушунарсиз. Бу борада Волтернинг қарашлари жуда аҳамиятли – у Ғарбни дунё маркази деб кўрсатишни рад қилган.
Зотан, тарихни ўрганишда Ғарбни марказга қўйиш охирги асрлардаги мустамлака сиёсати билан боғлиқ кўринади. Чунки хўжайин ўзини энг қадимий ва сара деб кўрсатишни истайди.
Биз яна диққат қаратмоқчи бўлган асосий масала – одамзоднинг пайдо бўлиши билан боғлиқ.
Табарий одамзод Одам Атодан тарқалганлигини айтади. У Одам Ато ер юзининг турли жойларидан олинган тупроқдан яратилгани, шу сабабли одамларнинг ранги ва табиати ҳар хил экани ҳақидаги ривоятни келтиради. Тўфондан кейин барча халқлар Нуҳ алайҳис-саломнинг уч ўғли – Сом, Ҳом ва Ёфасдан тарқалган деб билади.
Яъқубий ҳам тарихни Одам Атодан бошлаб, пайғамбарлар силсиласи орқали баён қилади ва бунда аҳли китоб ривоятларидан кенг фойдаланади. Кейин ҳинд, юнон ва бошқа халқларнинг қадимги тарихига ўтади.
Масъудий Қуръондаги Одам Ато қиссаси билан бошлайди. Халқларнинг Нуҳ ўғилларидан тарқалишини баён қилади, шу билан бирга бошқа халқларнинг олам ва инсон ҳақидаги қарашларини ҳам қайд этади.
Берунийнинг фикрича, оламнинг ибтидосига ҳеч ким гувоҳ бўлмагани учун бу ҳақдаги билим фақат ишончли нақл, яъни илоҳий китоблар орқали олинади ва унинг аниқ санасини ҳисоблаб бўлмайди.
Ибн ал-Асир бу масалада Табарийга эргашган: яратилиш ва Одам Ато қиссасини иснодларсиз, қисқа ҳикоя шаклида берган.
Рашидиддин жаҳон тарихини Одам Ато ва пайғамбарлардан бошлайди. Турк-мўғул қисмида туркий халқларни Нуҳнинг ўғли Ёфас авлодидан чиқаради ва шажарани Ўғузхонгача олиб боради. Хитой тарихи қисмида хитойларнинг ўз ривоятларини ҳам келтирган.
Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”нинг биринчи жилдини Одам Атодан бошлайди. Пайғамбарлар тарихи билан бирга Эрон анъанасидаги Пешдодий подшоҳларни ҳам келтиради, уларнинг биринчиси Каюмарсдир.
Геродот инсоннинг пайдо бўлиши ҳақида ўз назариясини бермайди, лекин халқларнинг бу ҳақдаги даъволарини келтиради. Мисрликлар энг қадимги халқ эканликларини даъво қилган. Фиръавн Псамметих буни текшириш учун икки гўдакни одамлар нутқини эшиттирмай ўстирган. Болалар айтган биринчи сўз фригияча чиққани учун фригияликлар қадимийроқ деб топилган. Миср коҳинлари 341 авлодни санаганини ҳам ёзади. Скифлар эса ўзларини энг ёш халқ деб билишган ва биринчи одам Таргитай бўлган дейишган.
Диодор икки қарашни қайд этади: олам азалий деган ва олам яратилган деган қараш. Кейин табиий изоҳни баён қилади. Унга кўра, дастлабки одамлар қуёш иситган нам ердан пайдо бўлган, ҳайвонлардек яшаган, йиртқичлардан қўрқиб бирлашган. Тилни эса товушлардан аста-секин, эҳтиёж туфайли яратган. Шунинг учун турли жойларда турли тиллар пайдо бўлган.
Полибий инсоннинг яратилишига эмас, жамиятнинг келиб чиқишига қизиққан. Унинг фикрича, тўфон, ўлат ва очарчилик инсониятни қайта-қайта қириб юборган. Омон қолганлар подадек тўдаланиб, энг кучлисига бўйсунган ва шу тарзда бошқарув шакллари даврий алмашинуви бошланган.
Евсевий яратилиш ҳақидаги Библия ҳикоясини қабул қилган, аммо хронологик жадвалларини Иброҳим пайғамбардан бошлаган, чунки ундан олдинги давр саналарини ишончсиз деб билган. Халдей ва мисрликларнинг ҳаддан ташқари қадимий ҳисобларини танқид қилган.
Оросий тарихни Одам Атодан бошлайди. Унинг учун инсоният тарихи Одам Атонинг гуноҳидан кейинги кулфатлар тарихидир.
Оттон Августинга эргашиб, “икки шаҳар” Қобил ва Ҳобилдан бошланган деб билади. Қобил дунёвий шаҳарга, Ҳобил самовий шаҳарга асос солган.
Боссюэ “Жаҳон тарихи ҳақида нутқ”ни “Одам Ато ёки яратилиш” давридан бошлайди ва яратилишни Библия хронологияси асосида мил. ав. 4004-йил деб санайди.
Волтер Библия хронологиясини очиқдан-очиқ танқид қилган ва тарихни ишончли йил ҳисобига эга энг қадимги сивилизатсия сифатида Хитойдан бошлаган. У инсоният турли ирқларга бўлиниб, алоҳида-алоҳида пайдо бўлган деган қарашни (полигенизм) ҳам илгари сурган.
Ранке тарихни ёзма ҳужжатлар мавжуд бўлган даврдан бошлаш керак, деб ҳисоблаган. Шунинг учун “Жаҳон тарихи”ни қадимги Шарқ халқларидан бошлаган, инсониятнинг ибтидосини эса тарих фанининг вазифасига киритмаган.
Шпенглер ягона “инсоният тарихи” тушунчасини рад этган. Унинг фикрича, инсоният умумий мақсад ёки режага эга эмас. Тарих алоҳида юксак маданиятларнинг пайдо бўлишидан бошланади, ундан олдинги ибтидоий инсон эса “тарихсиз” ҳолатда яшаган.
Тойнби инсоннинг биологик пайдо бўлишини табиий фанлар соҳаси деб қолдирган. У ибтидоий жамиятлар жуда узоқ давр яшаган ҳолда сивилизатсиялар нисбатан яқинда, тахминан сўнгги олти минг йил ичида пайдо бўлганини таъкидлаган.
Сивилизатсиянинг пайдо бўлишини "чақириқ ва жавоб" билан изоҳлаган: масалан, Миср ва Шумер сивилизатсиялари қурғоқчилик чақириғига жавоб сифатида юзага келган.
Хулоса қилсак, Шарқ тарихчилари ва Ғарбнинг христиан даври муаллифлари инсоният тарихини бир манбадан – Одам Атодан бошлайди. Улар халқларнинг келиб чиқишини Нуҳ ўғилларидан тарқалиш орқали тушунтиради.
Иккала томонда ҳам яратилиш санасини аниқлашга уринишлар бўлган, масалан, Евсевий ва Боссюэ.
Иккала томонда ҳам бошқа халқларнинг қадимийлик ҳақидаги даъволарини танқид қилганлар бор. Беруний турли халқларнинг зиддиятли ҳисобларини фош қилган бўлса, Евсевий халдей ва мисрликларнинг ҳисобларини танқид қилган.
Шарқ тарихчилари бу масалада анъанага содиқ қолган. Улар бошқа халқларнинг қарашларини (Каюмарс, ҳинд космик даврлари, хитой ривоятлари) инкор этмай, қайд этиш ва қиёслаш йўлидан борган.
Ғарбда қарашлар кескин ўзгарган: антик даврдаги табиий изоҳдан (Диодор) Библияга асосланган тарихга ўтилган. Янги даврда эса бу масала тарих фанидан чиқариб ташланган (Ранке, Шпенглер, Тойнби).
Берунийнинг яратилиш санасини ақлий ҳисоб билан аниқлаб бўлмайди, деган фикри илмий эҳтиёткорлик жиҳатидан Ғарбда анча кейин шаклланган қарашларга яқин туради.
Биз айтмоқчи бўлган гап шуки, инсоният қарийб ХИХ асрга қадар ўзини Одам Атодан деб ишониб келган. Шу асосда тарихлар ёзилган. Кейин бирдан буни инкор этиш бошланган. Бунга биз исмини келтирганимиз Ранке, Шпенглер ва Тойнби каби тарихчиларни мисол қиламиз.
Қизиқ, янги даврга келиб одамлар тўсатдан “ақлли” бўлиб, Одам алайҳис-саломни инкор этиб қолдими? Ёки одамзод тарихида бўлмаган бу қарашни кимдир сингдирдими?
Бу масалада аниқ бир жавобни айтиш имконсиз. Лекин аниғи шуки, мактабларда тарих китобларида болаларга Одам алайҳис-салом ҳақида эмас, Олдувай ёки Неандертал водийсидан “топилган”и даъво қилинадиган “суяклар” асосида одамзод маймунроқ бир ҳайвондан пайдо бўлгани сингдириб келинмоқда.
Китобимизнинг узоқ чўзилган ушбу бобини бир савол билан якунласак: агар инсон ўзини Одам алайҳис-саломдан тарқаганман деб ҳисобласа нима бўлади-ю, ёки инсоннинг пайдо бўлиши тарихи аниқ эмас, балки маймунроқ бир ҳайвондан пайдо бўлгандирман деб ишонса, нима бўлади? Бу унинг ҳаёт тарзи, хулқи ва қалбининг ҳолатига, нафси ва ақлига нақадар таъсир ўтказади?
Муҳтарам китобхон унутмаган бўлса керак, биз озод одам фалсафаси ҳақида гап бошлаганмиз. Одамнинг ўзи, зоти ва пайдо бўлиши ҳақида ишончли ва қатъий хулосага келиши бу масалада аҳамиятли эканлигини Сиз ҳам яхши биласиз, албатта.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.