КИТОБ ВА КИТОБХОНЛИК
Ҳар қандай китобни ўқиб кетавериш бу илм эмас. Китобни устозсиз ўқиш жаҳолатни кўпайтиради. Китоб ўқишнинг Туркистонда минг йилдан ортиқ тарихга эга маданияти бор. Китоб ўқиш жиддий ҳодиса ҳамда бу назоратсиз қолиши мумкин эмас. Китоб ўқиш ва ўқитиш маданиятига оид муҳим нуқта шулки, китобдан муаллиф баён қилишни истаган ғояга тескари ғояни топиш мумкин эмас. Китоб яхлит ҳолида муаллифнинг пухта ишланган концептини намоён этади. Мумтоз китобда ўзини инкор этиш кузатилмайди. Арзон китобда бу кузатилади. Шу сабабли китобни муаллифнинг ўзи талқин қилиши, қайси ҳақиқатни етказмоқчи эканини очиқ-ойдин айтиши, оғзаки тушунтириши ва буни китобхон қабул қилиши керак. Бу ўринда китобхон унинг учун шогирдга айланади, у ҳам китобни шу шаклда тушунтириб кейинги ҳалқага етказади. Муаллиф рози бўлган матн ва унинг талқини шу тарзда мерос бўлиб қолади. Китоб устоз билан ўқиларкан, у китобни хато тушунишдан инсон онгини муҳофаза қилади; матн ичига яширинган маъноларни англатиб кетади. Қўлига тушган китобни пайдар-пай ўқиш инсонни иккиланиш ва таянчсизликка етаклайди. У китобдан кўзланган мақсад сари эмас, ундан тескари томонга қараб йўл олиши ҳам мумкин.
Билгилар
1. Ўзбек бу бир қавмнинг номи. Ўзбек катта халқ. Ўзбек бу она тилимизнинг исми. Инсон ҳар қанча китобхон бўлса ҳам, мана бу гаплардан сақланиши керак: 1) ўзбеклар порахўр; 2) ўзбеклар йиғиб қўяди; 3) ўзбеклар ўқимайди; 4) ўзбеклар фикрламайди; 5) ўзбеклар сотқин; 6) ўзбеклар бирлашмайди. Бу гапларнинг ҳаммаси сафсата. Халқнинг, миллатнинг шаънига тўғри таъриф эмас. Ўзбек бўлган инсон ўз миллатини ерга уришдан уялиши керак. Ким гўё ҳақни айтяпман дея ўз халқи ва миллатини ерга урса, камситса, юмшоқ қилиб айтганда, у илмсиз ва жоҳил; қўпол қилиб айтсак, ёлғончи ва хоин.
2. Ҳақиқат шулки, ибн Сино, Форобий ва бошқа олимлар ўз илмининг чуқурлиги сабабли Ғарбда ўқилди, Ғарб уларни ўрганмаса, техник тараққиётга эришмас эди, демак, уларни кимдир машҳур қилди деган гап қип-қизил сафсатадир.
3. Илм олами кенгдир, бунда олимлар бир-бирларига ихтилоф қилишлари табиий. Кимдир бошқа бир илм аҳлини инкор этиши одатий ҳол. Бундан фожиа ясамаслик керак. Тан олинган ҳар бир олимнинг ўзи англаб етган ҳақиқат бор ва бу унинг учун ҳақиқат бўлиб қолиши, бошқалар эса уни ҳурмат билан рад этиши мумкин. Ҳар қандай матнни шарҳсиз тушуниб олиш одамни алжиратиб қўяди.
4. Кутилмаган (ёки кутилган) шон-шуҳрат одамни шайтон каби йўлда уриб, шарманда қилиши мумкин.
5. Баъзан китоб ўқимаслик китоб ўқишдан ҳам яхши бўлиши мумкин. Яъни ақли кўтара олмайдиган китоб инсон ақлини майиб қилади. Ана шундай ақлнинг кучи етмайдиган матнларни ўқимай юриш уни ўқиб ва жоҳилларча вайсаб юришдан минг марта хайрлидир.

Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.