Оила раҳбари эр дея унинг вазифаларига кўп урғу берилиши адолатдан. Лекин эрни асраб-авайлаш хотиннинг бош…
Оила раҳбари эр дея унинг вазифаларига кўп урғу берилиши адолатдан. Лекин эрни асраб-авайлаш хотиннинг бош вазифасидир. Эр оилани таъминлаши учун сокин ва хотиржам кайфиятда бўлиши шарт. Овқатлари тайёр, кийимлари ювилган, озода, текисланган, поябзаллар ялтираган. Хотин яна ундан ширин сўзлари ва табассумини аямасин. Ана энди эр ҳар қандай жангга тайёр: у кўтаринки кайфият билан ишлайди, ишлари унумдор бўлади, асабийлашмайди, иши тугагач, уйига қараб шошади. Чунки уйда ҳаловат бор. Аммо аксинча бўлса-чи? Хотиннинг қовоғи солиқ, овқатлар кечиккан, кийимлар ювилмаган, текисланмаган; эрнинг бироз жаҳли чиқса, хотин ундан қолишмай олишади; аччиқ-аччиқ гаплар билан дилини хуфтон қилади; майда муаммолар билан кўндаланг чиқаверади; яна эрнинг диққатини тортиш учун сохта чигалликлар ўйлаб топади. Бу билан эрни ушлаб тураман деб фикр қилади, худди у эрни ушлаш учун яратилгандек. Бундай ҳолда оилада нотинчлик пайдо бўлади. Бора-бора эрнинг юраги безиллайди. Хотинига гапиришдан безиллайди. Чунки хотин эрнинг кўнглини кўтариш, уни шодлантириш ўрнига доимий зулми ва заҳар тили билан ялмоғизга айланган. Ундан воз кечай деса, болалари бор; қолаверса, эрлик ҳамияти хотиндан воз кечишга изн бермайди. Хотин эса истаганича эрнинг асабини эговлаб, умрини қисқартиради; бирор марта эримга зулм қилмаяпманми деб ўйламайди, ўзи билиб-билмаган ҳолда эрнинг хорлаб, қадрсиз қилади. Ҳақиқий эркаклар хотинлар билан курашмайди. Чунки хотинлардан ғолиб бўлиш имкони мавжуд эмас. Зотан, заифалар билан тенг келиш мардларга тўғри келмайди, буни англамаган хотинлар эса авжга чиқиб, эрнинг номини булғаш ва қутуришдан тўхтамайдилар. Эрига зарда қилган, унга ҳатто кўзини олайтириб қараган хотинларга фаришталар ҳам лаънат ўқир эканлар. Овозини кўтарган ва тарбиясизлик қилаётганларнинг ҳолига вой бўлсин. Аллоҳ бундай хотинларни лаънатлайди ва жаҳаннамга ўтин қилади. Албатта, оқила, фозила аёллар ҳам бор. Улар зиммаларидаги вазифани яхши билишади, чин дилдан адо қилишади, эрнинг кўнглини хушнуд этиб, оилани ҳаловат ва бахт қўрғонига айлантирадилар. Аммо гендер тенглиги дея хотинлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида хабар топган айрим ожизалар бу восита билан эрни тийиб қўйиш, уни синдириш учун фойдаланишлари ҳам мумкин. Ҳақиқат шулки, эрлар қадр топмаган юрт хор бўлади; ҳадсиз хотинлар сабаб бахтсизлик оламни қоплайди; эр бўлсин, хотин бўлсин, ўз ҳаддини билиши, зулмдан тийилиши, турмуш ўртоғини айбламай ўзини кўпроқ тафтиш қилиши мақсадга мувофиқдир. Эр ҳам, хотин ҳам оилада ҳаловат бўлишига интилиши лозим, иккиси бир-бирини авайласин. Аммо бугун хотинлар эрини авайлаш ҳақида мутлақо ўйламай, аксинча, эримдан зўр келаман деётганга ўхшайдилар, Аллоҳ паноҳ берсин. Эркаклар: "Хотинимни қийнаб қўймаяпманми?" - деса, хотинлар: "Эримга машаққат туғдирмаяпманми? Қандай қилсам, эримга енгил бўларкин?" - деса, олам гулистон. Албатта, эр уйига қоққан битта михини миннат қиладиган хотинлар бадбахтликка маҳкумдирлар.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.