Иблисда илм, ирфон ва ибодат бор эди. Лекин ишқ йўқ эди.
Иблисда илм, ирфон ва ибодат бор эди. Лекин ишқ йўқ эди. Инсон ҳам илм-у, ирфон-у, ибодатни касб этаса-ю, ишқни касб этмаса, унда шайтоннинг мазҳабини тутиб қолиши эҳтимоли катта, Аллоҳ сақласин! Бунинг маъноси шулки, илм оласан, маърифат ҳосил қиласан, ибодатлар қиласан, лекин қалбингда муҳаббат ва ишқ бўлмайди. Яъни Аллоҳга, Унинг маҳбублари ва У маҳбуб кўрган ишларга муҳаббат бера олмайсан. Айнан ишқ-у муҳаббатнинг йўқлиги кибрнинг манбайидир, риё ва сумаънинг булоғидир. Муҳаббатсиз одам оғринади, муҳаббатсиз одам ўз ишини катта кўради, муҳаббатсиз одам мукофот кутади. Агар сен аҳли муҳаббат бўлмасанг, аҳли муҳаббатларга яқин бўлишдан эҳтиёт бўл, чунки уларга ўзингни аҳли муҳаббат кўрсатиб яқинлашиб, аслинг фош бўлиб қолгач, ҳайдаласан. Инсоннинг муҳаббати синовлар ва машаққатларда исбот топади. Ҳамма қатори синов эмас, балки бошқача, алоҳида синов. Аслида, бу нарсага одамзоднинг ўзи толиб бўлади. Устозимиз топшириқ берди. Шогирдлар ичидан бири ўз вақтида чиройли ва тўлиқ бажарди, устоз қабул қилди ва зинҳор биз бу шогирднинг на танбеҳ эшитганини, на мақтов олганини кўрдик. Умумий илмий йиғилишларда мажбуран чақирилмаса, устознинг у билан иши йўқ. Лекин бири бор. Хато устига хато қилади. Ишларини кўпинча кечиктиради. Устоз танбеҳ берса, миқ этмай эшитади. Лекин устоз унга амр беради, унга иш буюради. Устоз уни кўп эслайди, кўп дакки беради, шунда устознинг даккилари орасида унга бўлган айрича бир марҳамат ва меҳрни топдик. Ҳа, меҳр-у муҳаббат бу ҳамиша чиройли сўзлар эмас, балки аксар ҳолатларда танбеҳларга қоришиқ ҳолда келаркан. Муҳаббатнинг синови шундайки, ошиқман деган зотга бошқалардан кўпроқ меҳнат юкланади, нозик масала шуки, ошиқ бу меҳнатлардан омон чиқиши ёки амрларни мукаммал адо этиши шарт эмас, агар унда чин ишқ бўлса, унга марҳамат қилинади: унинг амр бажаришдаги хатолари тузатилади, ишни тўғри бажариш ўргатилади, бошдан охиргача унга мадад бериб турилади. Сохта ошиқнинг феъли ишнинг аввалидаёқ ўзини кўрсатади: у ишни бажариш ҳақида ўйлайди, холос; у ишни қўл учида бажаради; тезроқ қутулишни истайди; унга ёрдам ҳам берилмайди, унга бошқа иш ва амр берилмайди, у сўзссиз ва сассиз ҳолда даргоҳдан четлатилади, ҳатто ўзи ҳам билмай қолади; сохта ошиқнинг ишқи унга бошқалардан кўпроқ юк берилганида норози бўлишидан билинади; ҳақиқий ошиқнинг ҳақиқати айни шу лаҳзаларда ҳам севги билан ҳаракат қилмоғида кўринади — у ҳар бир машаққатни севгилидан бўлган лутф ўлароқ қабул қилади, бу меҳнат ва машаққатларга умр ва куч сарфлашдан бахтиёрлик туйиб, шодлик оғушида яшайди. Бу муҳаббатнинг намоён бўлмоғидир. Қайси банда Тангрининг муҳаббати унга тушганини билмоқчи бўлса, ўз амалларига боқсин: унга ҳаммадан кўпроқ машаққат келса, у норози бўлмадими? У қадарга нега бундай деб исён қилмадими? У ўзига юкланган ишни қўл учида қилмаяптими? Жавобига кўра англасинки, у кимдир! Ва имкон қадар маҳбублар қаторидан жой олиш учун тиришсин.
Акром МАЛИК
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.