Тил

Mumtoz oila

УЧИНЧИ БОБ

УЧИНЧИ БОБ

Олтинчи фасл Йигитларга мактуб

Йигитлик – инсоннинг энг гўзал давридир. Йигитликдаги ғайрат, шиддат, тафаккур ва тахайюл кейин қайтмайди. Оғриқ, касаллик ва толиқиш нелигини вужуд билмайди. Йигитлик буткул шавқ ва завқдан иборатдир. Йигитликда шўхлик ва ишрат, ўйин-кулгу ва рақс, уруш ва жанжал, қурол ва яроғ – ҳаммаси ярашади. Ҳазрат Навоийнинг асарларида таъкидланганидек, йигит сув ичиб топган лаззати қариганда топилмайди. Йигитликда сув ҳам ширин ва лаззатлидир. Йигитлик инсон умрининг пойдеворидир. Йигит ўша пойдеворни тўғри ва мустаҳкам қилиб қўйиш ҳақида ўйламоги лозим. Бугун ўлчовлар бузилиб, инсон илдизлардан узилган бир фурсатда йигитларга айтаримиз бу: 1. Хаёлингизни ҳар хил нопок хаёллардан тоза тутмоққа урининг. Уни турли кинофилм, клип ва қўшиқларнинг овози ҳамда тасвирлари ила тўлдирманг. Хаёлнинг кераксиз ўйлар билан тўлиб қолиши фикрни чувалаштириб, тўғри қарорлар қабул қилишга халал етказади. 2. Ўзингга камроқ маҳлиё бўл. Айнан йигитнинг ўз ҳусни ва қоматига ҳаддан ошиқ маҳлиё бўлмоғи уни ғафлатга ташлайди. 3. Касбинг ва эришадиган нарсаларингни – мақсадингни аниқлаб ол. Шу мақсадга етиш учун режали ҳаракат қил. 4. Мол-дунёни биринчи ўринга қўйма. Агар қалбингда ҳашамат ва пулга, мол ва дунёга севги кучаяётганини сезсанг, тезда ўзингни ўнгла. Инсонийлик ва мардлик ҳар недан қимматдир. 5. Кўплаб йигитлар нафсларига эргашиб, адабсиз ва ахлоқсиз ишлар билан машғул. Улар ҳақ сўзни қабул қилмайдилар. Уларда иккиланиш, шубҳа ва заифлик бор. Заифликки, бу матонат ва қатъиятнинг тескарисидир. Кўплаб йигитлар кунларини тартиблаб оломайдилар. Кечалари ухламай, кундузлари ухлайдилар. Ишларида тайин, вақтларида унум йўқ. Сен ундай бўлма, эй йигит, хуфтон намозидан кейин дарҳол ухла. Шунда бомдоддан аввал уйғонасан. Ҳеч бир учрашув ҳамда ишингни хуфтондан кейинга қолдирма. Мана шу тартибни ҳаётингга жорий қилсанг, бутун умрингга, кучингга ва нафсингга эга чиқасан. Шуни эплай олмасанг, мушуквачча каби ўйинчоқ бўласан. 6. Шаҳват қаршисида ожиз қолма, ҳирсингни енг. Унга онгли кураш. Кўзинг, қулоғинг ва хаёлларингни фаҳшдан сақласанг, бутун вужудинг пок бўлади. Латталик қилма. Шайтонга енгилма. 7. Кам гапир ва кўп ишла. Меҳнатдан чўчима, аҳмоқ бўлма, ҳисоб-китобга қатъий қара, синамай ишонма; якка бўри бўлишдан қўрқма; кераксиз нарсаларни олма; ҳақ бўлсанг, чекинма; ёлғон гапирма; муаммоларни зарар етказмайдиган шаклда ҳал қилишни ўрган ва катталар билан маслаҳатлашишдан қочма! Ўзингни ҳамиша четдан фикр ва таҳлил, ақл ва тадбир билан таъқиб эт. Шунда равон юрасан, йиқилмайсан. Ушбу мактуб йигитлик йилларини шамолларга совурган ва ёшлигини кўплаб хатолар ила исроф қилган бир бечоранинг қаламига мансуб, мен хато қилдим – сен қилма. Сен инсон фарзанди, сен мусулмон фарзанди, ўз фарзандим каби азиз ва муҳтарамсан, насиҳатларимни ёдлаб ол ва амал қил, Худо хоҳласа, ҳаётинг энг тўғри ўзанга тушади ва тўғри йўлдан чиқиб кетмайсан.

Акром МАЛИК

8 320марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    УЧИНЧИ БОБ

    ЎҒИЛ Бешинчи фасл Ака-укалар Ака-укалар урушмайдилар. Улар ҳасадгўй эмаслар. Улар ўзаро меҳрибон, ҳамкор, соҳиби ҳиммат. Акаси укасига қилган яхшилигини ҳисобламайди. Укаси акаси…

    2 дақиқаMumtoz oila

    УЧИНЧИ БОБ

    ЎҒИЛ Тўртинчи фасл Кенжа ўғил Эртакларда кенжа ботирларга алоҳида имтиёз берилади: омади келади, иши юришади, аждаҳоларни ўлдиради ва ҳоказо. Халқда супрақоқди деган гап бор, бу…

    1 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.