Инсонларнинг айбини очишга ўчлик – инсоннинг тубан сифатидир.
Инсонларнинг айбини очишга ўчлик – инсоннинг тубан сифатидир. Айбжў – одамлар айбини кўргувчи. Айбгў – одамлар айбини айтишни касб қилган киши. Ғафлат ярашимли сифат эмас, лекин одамларнинг нуқсонларини кўрмаганга олиш зарур. Халқнинг айблари қаршисида бир қадар ғофил суратида бўлмоқ керак. Инсонларда камчиликлар икки турлидир: тузаладиган ва тузалмайдиган. Тузаладиган нуқсонлар ҳам икки қисмга ажралади: дарҳол тузаладиган ва узоқ вақт давомида тузаладиган. Айрим хатоликни оқил инсон дакки эшитган пайтидаёқ ўнглайди. Айрим нуқсонларни бартараф этиш учун йўриқ, маслаҳат, ёрдам зарур. Бирор кишидан айб кўринса, кўрган одам бу камчиликнинг тузалиши қанча вақт олиши ҳақида ўйламоғи керак. Агар ҳозироқ тузалмаса, уни ислоҳ этаман деб ҳам ўша айб ҳақида эгасига айтмаслик лозим. Чунки узоқ вақтда тузаладиган айблар ҳам уч турли бўлади: биринчиси насиҳат ва тушунтиришлар натижасида тузалади; иккинчиси ҳаётий тажрибалар ҳамда вақтнинг ўтиши билан тузалади; учинчиси фақат назорат ва қаттиққўл тарбия билан тузалади. Энг қизиғи, одам боласининг аксар нуқсони тузалиши учун узоқ муддат, насиҳат, вақт ҳамда тарбия зарур. Камдан кам одамлар биринч танбеҳдаёқ нуқсонини тан олиб, тузатади. Аксинча, одамлар ўз хатосини айтганни тезда ёқтирмай қолади. Хоҳ ортидан айтилсин, хоҳ юзига. Бу ҳолдан келиб чиқадики, кишилар нуқсонини фош қилиш кутилган натижани бермайди. Агар кишилар бир-бирларининҳ айбларини тинимсиз фош қилаверсалар, у нуқсонлар тузалмайди:; авж олади; меҳ-оқибат кўтарилади. Афзал одам – кишилар айбини вайсамайдиган одамдир. Энг афзали – одамлар айбини кўрмайдиган кишидир. Ундан афзали – фақат ўзи ва ўз аҳлини ислоҳ қилиш билан машғул инсондир.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.