Yozishdan darslar
Ёзувчилик бу ноёб истеъдоддир. Жуда кўпчилик қалам тутиши мумкин, лекин чинакам истеъдод ва қабулият жуда кам…
Ёзувчилик бу ноёб истеъдоддир. Жуда кўпчилик қалам тутиши мумкин, лекин чинакам истеъдод ва қабулият жуда кам инсонларда бўлади. Ёзувчи учун энг аввало, туғма қобилият, иккинчидан чуқур илм (адабий-назарий илмлар), учинчидан ҳаётий тажриба ва албатта, тоза ва дардли, уйғоқ ва безовта, таъсирчан ва ҳассос қалб зарур. Туғма қобилият бўлмаса, ҳаваскорлик билан ёзувчи бўлиш мумкин эмас. Қобилият кимдадир кучли, ёрқин; кимдадир заиф ва хира бўлади. Ҳар кимнинг ўрни қобилиятига мувофиқ топилади. Истеъдоди суст кишилар истеъдод аҳлларига ҳасад қилмасликлари лозим; истеъдод аҳллари ўзидан қуйидагиларни хор кўрмасинлар. Адабий-назарий илм бу – ёзиш услублари, жанрлар, ўхшатишлар топиш қоидаларини, турли адабий-фикрий оқимлар ва шу кабиларни билишдир. Бусиз мумкин эмас. Истеъдодли ва илмли ёзувчида ҳаёт тажрибаси бўлмаса, яъни қисмат оғриқларини етарлича чекмаган бўлса, курашларда тобланмаса, турли зиддиятлар ичида пишмаса, шунингдек, бур нуқтаса холислик ва қатъият билан туриб бермаса, одамларни турга жиҳатдан танимаса, унга кашф очилмайди. Ўпканинг энг чуқур ерларидаги нафас эшиклари очилиши учун одам кўп ва узоқ, давомли ва тартибли машқлар қилиб, югуриши зарур бўлгани каби тафаккур ва таҳлилнинг теран ва ёрқин порлаши учун ёзувчига оғриқ ва азоб зарур. Сўз аҳлининг озуқаси азоб ва изтиробдир. Дард чекмаган, ёнмаган, курашмаган одам, ўз қараш ва фикрларини ҳимоя қила олмайдиган ва ўз ғоясига кўра яшамаган одам ёзувчи бўлолмайди, у ёзувчиликни тирикчилик йўлида ишлатаётган мардикордир, ёзувчиликни тириклик деб қабул қилган одамгина шараф ва қабулият қозонади.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.