Тил

Mumtoz oila

БЕШИНЧИ БОБ

БЕШИНЧИ БОБ ЖИГАРЛАР

Жигар деб ака-ука, опа-сингилларга айтилади. Жигарнинг вазифаси қонни тозалаб беришдан иборат, жигар ишламай қолса, жисм заҳар билан тўлади. Жигар бу форсча сўз, ўзбекчада бағир дейилади. Бағирга босиш бу яқинлик белгиси. Қозоқлар жигарларини бовурим дейди, айнан бағир сўзининг қозоқча талаффузи. Жигар инсон жисмининг энг азиз ва муҳим аъзоларидан. Айтадиларки, жигар ўзини тиклаш сифатига эга, лекин жигар хасталанса, жуда ҳам оғриқ қаттиқ бўлади, Худо сақласин. Одам учун ака-ука, опа-сингил ҳам жигар кабидир. Инсон ҳаёти заҳардан тоза бўлишини истаса, жигарлари ҳақида қайғуриши лозим. Муҳаббат икки томонлама бўлса, шириндир. Бир томоннинг севгиси ва бир томоннинг жафоси фақат азоб келтиради. Ака ука учун ғам чекса, ука ҳам акасига қайғуриши керак. Опа сингил учун яхшилик истар экан, сингил ҳам опа учун эзгулик тиламоғи лозим. Жигарлар ўзаро аҳил ва иттифоқ бўлсалар, ўша оила энг бахтли оиладир, жигарлар бир-бирига душман бўлса, ўша оила бадбахт оиладир. Жигарлар бир-бирини қўллаб-қувватласалар, оламда улар учун қайғу қолмайди. Дўст ҳам, қадрдон ҳам ака-уканг ва опа-синглингдан бўлса, энг катта саодат шу. Жигарларнинг ўзаро меҳр-у муҳаббатлари қандай намоён бўлади? Жигарлар бир-бирларига сирдош бўладилар ва сирларини сотмайдилар; бир-бирларининг ютуқлари учун ҳасад қилмайдилар; бир-бирлари учун қилган яхшиликларини миннат этмайдилар; бир-бирларининг хато ва камчиликларини дўстона ва чин дилдан ичлари куйиб айтадилар вас шу тариқа ахлоқларини тузатадилар; жигарлар бир-бирини ҳеч қачон ёлғиз ташламайдилар – ҳар қандай фурсатда ҳам бутун иш ва фойдасидан воз кечиб мушкул ва машаққатларда бирдам бўладилар. Жигарлар орасида қарз деган сўз бўлмаса, яхшироқ. Инсонга пул ёки ёрдам керак бўлса, жигарларидан бошқага сарғаймаса, яхшироқ. Ака-укаси бор одам бошқадан кўмак сўраши унинг ака-укаси учун шармандалик ҳисобланса, яхшироқ. Опа-синглиси бор аёл бошқа аёллар билан қадрдон ва сирдош бўлмаса, яхшироқ. Ҳаётда бир-бирини кўришга кўзи йўқ ака-укаларни кўрдик. Бир-бирига нафрат сочадиган опа-сингилларни кўрдик. Бир-биридан узилишиб кетган жигарларни кўрдик. Бир дастурхон атрофида кулишиб, чин дилдан суҳбат қила олмайдиган, икки сўздан кейин ёқалашиб, жанжаллашиб кетадиган “жигарларни” кўрдик. Бир-бирининг мағлубияти ва ҳалокатини пойлайдиган “жигарларни” кўрдик. Ўз жигарини қўйиб, бошқани азиз ва муҳтарам тутган “жигарларни” кўрдик. Жигарини фақат пули ва дунёси учун қадрлаган “жигарларни” кўрдик. Хотинларининг фитнасига учиб, ўз жигарларини унутган ва улар билан бегона бўлган “жигарларни” кўрдик. Ҳаётнинг бу тузоқлари тушмаслик учун ҳар бир одам ўз дунёқарашини аниқ бир нуқтага келтириб олиши талаб этилади. Акам ким? Укам ким? Амаким ким? Тоғам ким? Жияним ким? Опам ким? Синглим ким? Аммам ким? Холам ким? Бўлаларим ким?.. Шунда бу жигарлар мен учун энг яқин, анг қадрдон инсонлар деб хулоса қилгач, шунга яраша иш бўлади. Акам – суянчим, соям. Укам – ишонганим, содиғим, ёрдамчим. Амаким – отам ўрнига отам. Тоғам – отам ўрнига отам. Жиянларим – боламдек. Опам ва синглим – менинг зиммамдаги шарафим, уларга ҳар қанча яхшилик қилсам, арзийди. Аммам ва холам – онамдек… Бўлаларим – тенгдошларим, ҳамкорларим… Жигарлар бир-бирини алдамасин. Жигарлар бир-бирига ҳасад қилмасин. Жигарлар бир-бирига оғир сўзларни айтмасин. Жигарлар бир-бирини ёлғиз ташламасин. Жигарлар бир-бирини эҳтиётласин. Жигарлар ўз юкини ўзи кўтариб, жигарига ўлигини ташламасин. Жигарлар бир-бирига ҳамиша ёрдамга шай турсин. Жигарлар бир-бирларини кечирсинлар! Бир-бирлари учун қувониб, ташвиш чексинлар! Энг яхши ёрдамни бир-бирларига қилсинлар! Бир-бирларининг қалбларига назар солиб, тушунмоққа уринсинлар!

Жигарлар бир-бирининг ахлоқига, эътиқодига, моддиятига масъул бўлсинлар. Зотан, илоҳий каломда айтиладики, Калимуллоҳ алайҳиссалом: “Жигаримни менга вазир – ёрдамчи қилиб бер!” – деб сўраган. Икки олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ясриблик ёрдамчиларининг ҳаққига: “Қариндошларингизни Худо сизларга ёрдамчи, ҳамкор қилсин!” – дея дуо қилган эди.

Акром МАЛИК

2 780марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Ёзувчилик бу ноёб истеъдоддир. Жуда кўпчилик қалам тутиши мумкин, лекин чинакам истеъдод ва қабулият жуда кам…

    Ёзувчи учун энг аввало, туғма қобилият, иккинчидан чуқур илм (адабий-назарий илмлар), учинчидан ҳаётий тажриба ва албатта, тоза ва дардли, уйғоқ ва безовта, таъсирчан ва ҳассос…

    1 дақиқаYozishdan darslar

    Қандай инсонман деган савол кимга қизиқ бўлса, қалбидаги ўйлар, истак ва орзуларга назар солса, кифоя.…

    Қандай инсонман деган савол кимга қизиқ бўлса, қалбидаги ўйлар, истак ва орзуларга назар солса, кифоя. Одамнинг орзуси ана шу одамнинг кимлигини билдиради.

    1 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.