Аҳли дунё – дунё аҳлининг зидди аҳли Ҳақдир. Яъни Ҳақ аҳли. Улар дунё билан иши бўлмаган, фақат Ҳақ томонда…
Аҳли дунё – дунё аҳлининг зидди аҳли Ҳақдир. Яъни Ҳақ аҳли. Улар дунё билан иши бўлмаган, фақат Ҳақ томонда бўлган, ўйи, фикри, зикри Ҳақнинг сўзлари билан чамбарчас боғланган одамлардир. Аҳли Ҳақ бу дунёни тарк этувчилар эмас. Дунёни бир улов, арава ёки кема сифатида тасаввур этувчилардир. Бу нарсаларнинг ҳар бири инсоннинг мақсадга етмоғи учун хизмат қилган каби дунё аҳли Ҳақнинг мақсадга етказувчи воситасидир. Ҳақ аҳлидан бўлмоқ камбағал бўлмоқ деган эмас. Ҳақ аҳли бой-бадавлат, обрўли, эътиборли ҳам бўладилар. Улар тахт соҳиби ўлароқ давлат бошқаришлари ҳам мумкин. Яъни уларнинг ишлари, касб-у корлари зоҳиран оддий одамлардан фарқланмайди. Аммо ичларида дунё учун заррача ҳам жой бермайдилар. Аллоҳ дунёни берса, суюнмайдилар; олса, куюнмайдилар. Уларнинг ҳам айрим сифатларини кўриб чиқайлик: — одамлар эътибор берсалар, эътибор берманглар демайдилар; — одамлар юз ўгирсалар, менга эътибор беринглар демайдилар; — мусибат келса, қайғуга тушиб нолимайдилар; — ютуққа эришсалар, эсларини йўқотгудек бўлиб шодланиб, ирғишламайдилар; — одамларни ҳаддан ташқари нафрат билан маломат қилмайдилар ёки ҳаддан ташқари ошириб-тошириб мақтаб кўкларга кўтармайдилар; — ҳайбатлари яхшиларнинг қалбини сурурга, ёмонлар қалбини ваҳмга тўлдиради; — ҳар кимнинг сўзига инонмайдилар, ҳақиқатлар илоҳий белги ва ишоратлар билан зуҳур қилишини сабр ила кутадилар; — воқеликнинг сувратига эмас, моҳиятига назар соладилар; сўзлашни эмас, тинглашни маъқул кўрадилар – сукутлари суҳбатларидан ғолиб бўлади; — улар махлуқлардан қўрқмайдилар, ҳеч кимга зулм ва ҳақсизлик қилмайдилар; — инсонларга қуллик қилмайдилар, бошқаларни ҳам ўзларига қул деб билмайдилар – ҳар кимнинг эрки ўз ихтиёрида дея билиб, барча ишларни Холиқнинг ҳукмига ҳавола этадилар; — уларнинг ҳолати – вазминлиги, виқори ҳеч бир ҳолда ўзгармайди; — улар ҳақсизлик, зулм, ҳаёсизлик, Худонинг амрларига тескари бориш билан асло ва асло муроса этмайдилар, асло ва асло рози бўлмайдилар; — уларни ҳеч қачон дунё ва ризқ ташвишига тушмайдилар; улар ожизларга шафқатли, золимларга ҳайбатли, мухлисларга ҳимматлидирлар; — ўзларига етган азиятлар учун қасос олмайдилар ва ҳаммани бу борада oson кечиргувчилардир; — уларнинг ғазаби ҳилмидан, раҳмати ва шафқатидан ғолиб келмайди. Инсон Ҳақ аҳлининг бу сифатларини билиб, қайта-қайта ўқиб ёдлаб олгани яхши. Бунинг икки фойдаси бор: биринчиси, мана шундай хулқли инсонларни кўрсалар, дарҳол дуоларини олади, хизматини қилади, назарини топади, натижада, жуда кўп яхшиликларга эришади; иккинчидан ўзида ҳам ана шу сифат ва халқларни шакллантирмоқ учун тиришади; мен кимман деган пайтида мана шу тарозини, мана шу талабларни ўзига қўяди ва мана шундай инсон бўлишим лозим деб интилади.
Акром МАЛИК

Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.