Қалбингга назар сол: у дўст хоҳлаяптими? Кимдир бўлса-ю, у билан ғам-қайғуйим ариса? У менга, мен унга…
Қалбингга назар сол: у дўст хоҳлаяптими? Кимдир бўлса-ю, у билан ғам-қайғуйим ариса? У менга, мен унга беминнат суянч бўлсам деяптими? Сирларимни яширадиган, менга яхшилик хоҳлайдиган, ҳаққимга дуолар қилиб, адашсам, тўғри йўлга бошлайдиган дўст менга керак деяпсанми? Унда бу сўзлар сен учун: илтимос, шошилма! Аввало, ундай дўст фақат бир инсон бўлишини билиб ол. Иккинчидан, у дўст қиёматли бўлишини унутма. Қиёматли дегани жаҳанмамга сенга ҳукм қилсалар, сенинг гуноҳларингни ҳам елкасига олиб, сени жаннатга киришинг учун Худога ёлворадиган дўстдир. Бу дунёдаёқ айрим нуқсонларингни билиб қолиб, уни ҳаммага сотиб, оёқости қиладиган хоиннинг хоин хотиндан фарқи йўқдир. Учинчидан, атрофингга назар сол: ким шундай бўлишга арзийди? Кимнинг қалбида дўстга эҳтиёж бор? Дўст бўла оладиган даражада баланд мақомли, мард ва чуқур фикрли инсон кўряпсанми? Ва у одам сенга меҳрлими? Тўртинчидан, шундай одам топсанг, беш йил кутишинг керак. Биринчи йил уни ўрганасан. Унинг заиф ва кучли жиҳатларига қарайсан: ёлғончи, ваъдабоз, иккиюзламачи ва сергап, ишларини ўлда-жўлда қиладиган бўлса, индамай юз ўгириб кет. Бундай пачақлар билан ҳамсуҳбат ҳам бўлма. Агар кузатувларингдан уни пок ва ҳалол эканлигини аниқладингми, энди унга моддий яхшиликлар қил, оз-оздан суҳбат қур, унинг дунёси билан таниш. Бирга шерикчилик ишларини қил. Лекин ўзинг сир берма. Бу ҳолат бир йил давом этари. Учинчи йил ундан бироз узоқлаш, сўнг ундан ёрдам сўра; пул ол ва бериш муддатини кечиктириб, қийналган ҳолатда қайтар. Тўртинчи йил унга жиддий синов бер: қаттиқ гапир, хафалаш; ранжит. Агар у бу ҳолатларга қарамай сенга марҳамат билан боқса, сени тарк этмай сени тушуниш ва йўл кўрсатишга уринса, демак, синовдан ўтди. Бешинчи йил уни энди яна қаттиқ текшир; барча ҳолатларни таҳлил қил. Умуман, беш йилда ҳаёт ҳам инсонни ҳар томондан кўришинг учун имкон беради. Қалби ҳалим, ақли салим, фикри теран, иши ҳалол, фаҳми ўткир, шафқатли, ўз ўрнида қаттиққўл, дўстга жон беришга тайёр; ҳар доим ҳимоя қилишга шай ва унинг ҳам юраги дўст ва сирдошга эҳтиёжманд бўлса, аҳдлашмоқ, изҳорлашмоқ ва дўстлашмоқ мумкин. Акс ҳолда, сохта дўст тузоғига тушасан ва ҳалок бўласан. Чин дўст топсанг, хиёнат кўрмайсан. Хоинга учрасанг, у сени икки дунёда бағрингни куйдиради. Сени сотиб, сенга ёмонлик қилади; ҳасад ила сенинг шаънингга туҳматлар уюштиради. Содиқларга саломлар, хоинларга Аллоҳнинг жазоси бўлсин!
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.