Тил

Дунё аҳли — дунёни ҳамма нарсадан афзал қўювчилардир. "Қисаси Рабғубузий"да айтилишича, ҳали Одам…

Дунё аҳли — дунёни ҳамма нарсадан афзал қўювчилардир. "Қисаси Рабғубузий"да айтилишича, ҳали Одам алайҳиссалом ерга туширилмай туриб, Аллоҳ инсонларнинг руҳларини яратиб, ер юзига — дунё ҳаётига юбориб, қайтиб келишни амр этибди. Одамлар дунё ҳаётига қадам қўйибдилар ва айтилган муддатда бир қисми Худонинг ҳузурига қайтибдилар. Бир қисми дунёда қолибди. Сўнг Худо уларнинг жаннатга юборибди ва бир томоша қилиб қайтишни амр этибди. Бир гуруҳ одамлар жаннатда қолибди ва бир қисми яна даргоҳ иззатга келибди. Муаллиф айтадики, ер юзида қолганлар дунёни севган дунё аҳли — кофирлар эди. Жаннатда қолганлар жаннат аҳли — мўминлар эди. Худонинг ҳузурига қайтганлар Худонинг дўстлари, валийлари, хос бандалар, яъни Худонинг ошиқлар эди. Худо уларга нечун жаннатда қолмадингиз деб савол берди. Улар: "Худойим, Сен бизга дунёдан ҳам, жаннатдан ҳам афзалсан. Сенинг ризойинг ва жамолинг бизга кифоя". Худо кейин ҳамманинг руҳини амр оламига қайтарди, сўнг кейинги воқеалар рўй берди: Одам алайҳиссалом онамиз Ҳавво алайҳиссалом ила ерга тушдилар. Сўнг навбати билан руҳлар ўзлари учун ажратилган жисмларга йўл ола boşladilar... Ҳикояни шу ерда тугатамиз. Қолганини китобдан ўқиш мумкин. Биз айтмоқчи бўлган гап дунё аҳли ҳақида. Дунё аҳлини таниб олишнинг камида икки фойдаси бор: биз ўзимиз дунё аҳлидан бўлиб қолмаяпмизми? Иккинчи фойда — бу илм орқали таниб, дунё аҳлидан қочиш имкони туғилади. Дунё ҳали бундай бўлади: — улар ўзлари каби пулдор ва молдорларни севадилар; — улар одамларнинг қадрини уларнинг маблағлари билан ўлчайдилар, пули кўпни кўпроқ, пули камни камроқ ҳурмат қилишади; — дунёлари кўпайса, севинишади; камайса, қайғуга тушадилар; — пули кўп одамларга ҳасад қилиб, уларга душманлик қилиш режаларини тузадилар; — ҳеч қачон илм ва ирфон, маърифат ва мъанавият суҳбатига тоқатлари етмайди; — олимлар ва илм аҳлини писанд қилмайдилар, қалбларининг ичида аҳли илмга нисбатан мутлақо муҳабббат бўлмайди, улар илм аҳлидан заррача ҳайбатланмайдилар; — илм аҳлининг хатоларини кўрсалар, таҳқир қиладилар; — пулни кўпайтирмоқ учун пасткашлик ва ҳаромдан қайтмайдилар; — улар қашшоқ ва камбағалларни айблаб, уларни менсимайдилар; — бойлик ва пулни барча ютуқларнинг белгиси ҳисоблаб, муваффақиятни пулнинг кўплиги билан ўлчайдилар ва бу "муваффқаият"га ўз кучи, ақли, тадбири ва уддабуронлиги билан эришганига эътиқод қиладилар; — дунё аҳлида камтарлик сохта бўлиб, ҳеч қачон хокисорлик чўққисига чиқа олмайдилар; — уларнинг бойлиги тортиб олинса, уни қайтариш учун қаттиқ курашадилар, қайтара олмасалар, яъни қайтариш имконига ақллари етмаса, тезда ўлиб қолишади; — улар озгина эҳсонларини катта кўрсатишади; миннат қилишади; — ибодатларини одамлар кўзи учун ўқиб, ўқиган сохта намози билан ҳақиқий ибодатлилар устидан кулишга уринадилар; — мол-мулкларига кимдир зарар етказса, қаттиқ ғазаб қиладилар; — энг асосийси, улар имкон қадар лаззатнинг ҳамма туридан баҳра олишга ҳамда бу бойликлари билан ҳаммани лол қолдиришга бутун кучларини сарфлайдилар; — улар фақат бойлик ва жисмоний кучга бош эгадилар, шу сабабли уларни бўйсундириш, сотиб олиш, қул сифатида ишлатиш жуда oson. Кўп одамлар миллат ва дин ғамида юргандек бўлсалар ҳам, аслида пул, шон-шуҳрат ва мансаб ғамида бўладилар. Улар асло ҳақиқатни қабул қилмайдилар ва ўзлари кабилар билан жамланиб, бошқаларни эшик ортида қолдирадилар. Улардан нафрат қилмаган яхши, уларга эътибор сарфламаслик маъқул; фақат ўшаларга ўхшаб қолмаслик учун инсон ўз хулқи устида меҳнат қилмоғи, аҳли ҳол, аҳлуллоҳ ва аҳли ишқ билан дўстлашмоғи мандуб. Ҳар ким севганлари билан бирга тирилади.

Акром МАЛИК

2 380марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Сир энг буюк куч, энг мустаҳкам қудрат. Эркак сирини берса, тухумдан чиққан жўжадек ҳимоясиз ва заиф ҳолга…

    Эркакнинг сири нима? Биринчи сир бу – қувват, куч ва имкониятдир. Қувватинг чегараси ҳақида ҳеч қачон билдирма. Кучингни яшир. Ҳеч ким чамалай олмасин. Иккинчи сир бу – маблағ.…

    2 дақиқа

    ОЛТИНЧИ БОБ

    ОИЛА ҚУРИШ Биринчи фасл Зарурат Рисоламизнинг асосий қисмига кириб келдик. Оила қуриш – умр савдоси. Ҳар бир йигит ва қиз оила қуриш унинг ҳаётидаги энг муҳим масалаларнинг бири…

    5 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.