Ўқишга, ёзишга, фикрлашга ва ҳақиқатни топишга интиладиган ҳар бир ёшнинг муайян даражада истеъдоди…
Ўқишга, ёзишга, фикрлашга ва ҳақиқатни топишга интиладиган ҳар бир ёшнинг муайян даражада истеъдоди мавжуддир. Масалан, ўқиб, ўзлаштира олади; топшириқларни яхши бажаради; далилларни яхши таҳлил қилиб, ечим бера олади; фикрини очиқ-ойдин баён эта олади; фойдали янгиликлар топа олади ва ҳоказо. Лекин бу истеъдодлар етарлича мева бермайди. Баҳорда дарахтлар қийғос гуллайди, шу гулларнинг ҳар бири мевага айланади – ёшларнинг истеъдоди гул кабидир, улар мева бериши лозим; дарахтларнинг гуллари мева бермаслиги сабабларидан бири – тўсатдан қор ёғиб, совуқ тушмоғидир; бу омиллар гулларни тўкиб, мева бериш имконидан айиради. Ёшларнинг ҳам истеъдодлари нима учун мева бермаслиги ҳақида, аниқроғи қандай сабаблар билан уларнинг совуқ уриб кетиши ҳақида гаплашамиз. Ҳар қандай истеъдод тарбияга муҳтож. Тарбиясиз ютуқлар имконсиз. Тарбия берувчи мураббий дейилади. Ҳар бир ёшга мураббий керак. Ёшлар сабрсиздир. Диққат ва эътиборини жамлашда қийналадилар. Кўпни кўрган, ҳалол ва пок мураббий илм олишга оид топшириқ берса, уни шошилмай, сабр билан бажариш лозим. Акс ҳолда, вақт ўтади, илм билан озуқа олмаган инсон ютқазади. Аксар ёшлар танилишга ўч бўлишади. Одамлар мени таниса, ҳурмат қилса дея орзу қилади. Шу сабабли кўпчилик жўжахўрозлар ижтимоий тармоқ орқали шуҳрат қозонишга уринадилар. Кўришлар сонига қараб, қониқиш ҳосил этадилар. Бу камолот йўлидаги энг катта иллатдир. Чунки қалбга кирган шон-шуҳрат ҳузури қалбдаги холислик ва покликни кетказади. Кўзга шира бўлиб тушади. Ғафлат занжирига боғлайди. Риёкорлик ва иккиюзламачиликка бошлайди. Самимиятдан маҳрум этади. Мақтанчоқликка гирифтор қилади. Гапиришга гап тугагач, ўз ҳаётинг ҳақида уялмай гапиришни бошлайсан: ёлғиз қолдим, ижтимоий тармоқ рўзасини тутдим ва ҳоказо. Одам ўз сирини айтаверса, бўм-бўш қолади ҳамда ўзини кучсиз, заиф сезади. Ёшлар таниқли одамлар билан танишмоққа, улар билан яқин бўлмоққа ҳам уринадилар. Бу ҳам касаллик. Танишларининг обрўси билан ўзини жуда муҳим ва ақлли деб кўрсатиш илинжи ва энг катта шармандалик шу. Одамнинг ҳаётда устози бир киши бўлади. Ўша устоз тавсияси билан бошқа устозларга борилади. Ҳар кимни устоз деб этагидан ушлаш имконсиз. Устоз дегани ҳам ҳаддан ошмаган, чуқур кетмаган, саёзликка ўтирмаган, балки ўртани – меъёрни тутган зот бўлсин. Шундай қилиб, сабрли, қунтли, шон-шуҳратга гирифтор бўлмаган, камтар ва камсуқум ёшларнинг келажагидан умид бор. Асосийси, танилишга бўлган ўчлик оловини ўчира олсак, бас.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.