Тил

Mumtoz oila

Саккизинчи боб

Саккизинчи боб — расм

Саккизинчи боб

ҚАЙИНЮРТ

Олтинчи фасл

Қайнопа, қайинсингил, овсинлар ва қудалар

Келиннинг масаласи фақат қайнона ёки қайнота, куёвтўра билан битмайди: бу ёқда қайин опа, қайин сингил деган инсонлар билан ҳам давом этади. Келиннинг уларга қиладиган муомаласи маълум: очиқ чеҳра, ҳурматларини жойига қўйиш, сизлаб чақириш, зарурат ўринларида уларга беғараз ёрдам бериш. Қайнопа, айрим ҳудудларда қайнагачи, қайнегачи ҳам дейилади; – кўп ҳолларда турмушга чиқиб кетган бўлади, вақти-вақти билан қизлик уйига қадам ранжида қилиб туради. Ақлли, ҳушли қайнопалар ака ёки укасининг бахтини ўйлайди. Келинни қадрлайди, яхши гапиради. Аҳмоқ қайнопалар келинни чақади, илонлик қилади, ўзидан хиралик қолдиради. Қайинсингиллар аксар ҳолларда эрка бўлишади. Уларнинг бир тоифаси келинойисига – айрим ҳудудларда кеннайи, кеннойи, янга ва ҳоказо – суянади, сирдош бўлади; бу жуда яхши, чунки бундай дўстона муносабат оиланинг руҳий ва ҳиссий мувозанатини таъминлашда муҳимдир. Биринчидан, янга ва қайинсингил ўртасидаги яқинлик икки томоннинг қалби учун муҳим, қалб доим кимнидир дўст тутгиси келади, аёл жинсига мансуб икки томон бир-бирини дўст тутса, сирлашади, дардлашади, енгиллашади, турмушнинг турли қийинчиликларини енгиш осонлашади. Икки томон ҳам ўзаро соф ва самимий дўстликни сақласа, яъни янга ҳар нарсани гапириб, қайинсингил тушунмайдиган нарсаларни айтмаса, келажакда бу иттифоқ яхши мевалар беради: келин учун кеннойининг ўгитлари мактаб бўлади, уни келгуси ҳаётга тайёрлайди; янга қайинсингил учун рўзғор ишларида ўрнак бўлади, ҳатто келажакда улар қуда бўлиб кетишлари ҳам ҳеч гап эмас. Янга ва қайинсингилнинг дўстлиги қудалараро илиқ муносабатларга ҳам ижобий таъсир қилади. Лекин унинг акси ёмон – агар янга ва қайинсингил ёвлашса, бир-бирининг айбини ахтариб вақт ўтказади; бир-бирини ҳар жойда маломат қилишдан тийила олмайди; қайинсингилга келадиган совчиларга айрим янгалар таъсир ўтказишга уринади; қайинсингиллар онасига кенайисини ёмон кўрсатиш учун курашади; чорасиз ва заифа келин қайинсингилни ота-онасига бориб ёмонлаб қўйиши ҳеч гап эмас; натижада, ғийбат ёш қизнинг шаънига номуносиб равишда тарқайди.

Шу сабабли доно қайнона вазиятни оқилалик билан қўлга олиши, яъни келин ва қизининг орасини чиройли бўлишини таъминлаши керак. Бунинг учун қизига келин ҳақида ижобий тасаввур киритса, қизи кенайисини ғийбат қилса, келинни ҳимоя қилса, яхши натижа бўлади: “Қизим, янгангни тўғри тушун, ҳаракат қиляпти, сен ҳам yoşsan...” Айрим қайнопа ва қайинсингиллар турмушга чиқиб кетсалар ҳам, қизлик уйларига келиб, кенайиси билан махсус жанжал уюштиришар эмиш. Сабаби шунчаки ёқтирмаслик экан. Шунчаки ёқтирмаслик шайтонга хос. Шайтонлик қилмаслик керак. Инсон нафсини тергаши керак: у янгам, бу акам. Нима учун акамнинг оиласини нотинч қилишим керак? Нима учун бировнинг қалбини вайрон этишим керак? Қайнопа ва қайинсингил аканинг боласи учун амма; ака эса опа-синглисининг болалари учун тоға; шундай қилиб, аммавачча ва тоғаваччаларнинг ўзаро иттифоқи оила учун аҳамиятли. Келажакда бегонага эмас, улар бир-бирларига суянсалар, яхши бўлади. Бу эса кенайи ва қайнопа, қайинсингиллар муносабатига боғлиқдир. Овсинлар оилада муҳим фигуралардандир. Уларнинг ҳар бири ўз эрига таъсир ўтказиш кучига эга. Улар доно бўлишлари, оиланинг, сулоланинг умумий манфаатини ҳеч қачон унутмасликлари керак. Ичида ҳасади бўлган овсин, албатта, нимадир дейди. Айрим овсинлар ғайриихтиёрий равишда иккиюзламаши бўладилар: қайнонага оғзидан бол томади, аммо овсинини ғийбат қилади; ўша овсин олдига бориб, қайнонани ёмонлайди; шу ҳунарни овсинлараро ҳам амалга оширади: унисига бориб, бунисини; бунига келиб, унисини чайнайди. Шундай қилиб, ҳамма жой сасийди. Эр дегани кўп ҳолларда хотиннинг гапига киради – э, укамнинг хотини шундай аҳмоқ экан ёки э, акамнинг хотини шундай ёмон экан деб ўйлайди. Масала бу билан тугамайди – овсинлар ака-укаларни ҳам бир-бирига қарши қайрашлари мумкин. Содда эр хотиннинг гапига қараб, ака-укаси ҳақида ёмон гумон қилиб юраверади: “Акам (ёки укам) ғирт хотинқули чиқди-да!” – деб. Овсинлар баъзан болалар талашиб қолишса, ўртага ҳам тушадилар. Шу тариқа болаларнинг жанжали катталарнинг урушига айланади. Кошки, болаларни яраштириб, келишиб ўйнанглар-да, бир-биринглардан қизғанчиқлик қилманглар деб айтиш бу хотинларнинг бировига ақл бўлиб келса! Йўқ, улар боланинг олдига тушиб югурадилар. Бу каби майда-чуйда гаплар йиллар сайин сасийди, панг боғлайди, илдиз отади, кўкаради, заҳар йиғади, оқибат, болалар катта бўлади, бу хотинлар ҳам кампирлик остонасига қадам босадилар, лекин эски арзимас сабаблар устига қурилган адоватлар сулоланинг бирикмаслиги, ўзаро ғийбатлашиб, ғинғиллашиб юришига, ҳатто оламга шармандайи шармисор бўлишига етаклаб боради. Шу сабабли аксар оилаларда бу турдаги адоватларни кўрасиз. Тарихига қизиқсангиз, аҳмоқона “деди-деди”лар устига қурилгани аён бўлади. Бундан хулоса қилса бўладики, ҳурматли эрлар, ҳурматли қайноналар овсинларнинг адоватлашишларига, адоват уйғотишларига, ўзаро ғийбатларига изн бермасликлари, кимдир томонга ўтмай, адолатва инсоф кўзи билан вазиятни баҳолашлари лозим бўлади; майда камчиликларга кўз юмишлари, фитналарни бостиришлари, керакли ўринда қаттиқ туришлари шарт. Қуда бўлдинг – жудо бўлдинг. Қудачилик – минг йилчилик. Ҳа, қуда бўлдингми, энди ўзаро эҳтиёт, ҳурмат-эҳтиром шарт. Қудалар бир-бирининг қадрини билишлари, доим тўрга ўтқазишлари, энг биринчи ўринда уларни эъзозлашлари керак. Қуда тарафларнинг кўнгли нозик. Айни пайтда қудалар бир-бирини кечиришлари, айб-у қусурларидан кўз юмишлари, бир-бирларига ёрдамлашмоққа ҳамиша шай туришлари лозим. Мабодо қизлари шикоят қилиб қолса, шикоятдан қайтаришлари ва инсофга, диёнатга чақиришлари керак. Ҳадя – яхши нарса. Қудалар бир-бирлариникига яхши ҳадялар бераверишсин. Мусобақлашиш учун эмас, меҳр-у муҳаббат бақоси учун. Бир-бирларига самимий бўлишсинки, фарзандларнинг бахт-у камоли учун. Ёшлар, яъни фарзандлар баъзан ғижиллашиб қолишса, ўртага тушиб олиб, томоша қўймасинлар, аскинча, чиройли насиҳат ила ёшларни тўғри йўлга бошлашлари керак. Агар қиз эридан шикоят қилса, дарҳол куёвни ёмон кўриб, тош отишдан аввал қизим, ўзингдан нима ўтди дея билиш лозим. Ҳатто тезда бирор кескин чора кўришдан аввал куёвга яхши бир совға қилиб, кўнглини эритиш керак. Муаммони яхшилик билан ҳал қилмоқ – оқиллар иши. Куч ва зулмга таяниш – жоҳиллар иши. Қудалар ўзаро оилада ҳам, кўча-кўйда ҳам бир-бирларини мақташсин, ҳимоя қилишсин – бу энг муҳим ахлоқдир. Қудачилик – жуда нозик ришта. Икки томон ҳам бу риштани узиб юбормаслик, балки озгина бўлса ҳам захмат етказмаслик учун курашсин. Икки томон ҳам боласига насиҳат қилсин: “Ўғлим, келинни эҳтиёт қил, яхши гапир!” “Қизим, куёвимга итоат қил, гап қайтарма, кўнглини ол!” Фақат аҳмоқликнинг ҳадди аълосига чиққан оналар қизига эрингни қўлга ол деб ўргатади. Худо сақласин. Азиз китобхон! Мақсадимисиз – оила қўрғонини мустаҳкам сақлашдир. Бу йўлда, нима керак бўлса, энг мухтасар шаклда айтдик. Имкон қадар яхши сўзланг, яхши гумон қилинг, яхшилик қилинг, дилхираликларни унутинг, кечиринг. Шунда оила иморати боқий қолади.

Акром МАЛИК

1 570марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Таҳлил

    Ушбу ҳикоятни ўқиб, бир неча ҳолатларни англаш мумкин. Энг аввалда одамлар ўзгармаганини билиш мумкин. Яъни, ҳикоятда бир қаттиққўл устоз бор ва буни муаллиф жуда ёмон сифатлар…

    1 дақиқа

    Тез натижа бўлмайди. Кимнингдир ризқи кенг бўлиб, ёшлигида бойиб кетиши мумкин. Аммо бу умр бўйи мана шу…

    Бир бола 9 ой-у 9 кунда туғилади. Бир йигит 20 ёшда жисман, ақлан ҳаётга тайёр бўлади. Инсон 40 ёшда камолга етади. Меваларнинг пишиши учун ҳам вақт керак. Нима тез битаётган…

    1 дақиқа

    Фойдали ишлар инсонни чарчатмайди. Инсонни фойдасиз ва зарарли ишлар толиқтиради. Одамболаси ҳаётига назар…

    Хоҳ ўйин-кулгу қилсин, хоҳ бошқа иш – инсонда озгина инсоф бўлса, унинг на дунё, на охират учун фойдали иш қилмаганини ҳис этса, сиқилади, қайғуга тушади. Қайғуга тушмаса, демак,…

    2 дақиқа

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.