Таҳлил
Ушбу ҳикоятни ўқиб, бир неча ҳолатларни англаш мумкин. Энг аввалда одамлар ўзгармаганини билиш мумкин. Яъни, ҳикоятда бир қаттиққўл устоз бор ва буни муаллиф жуда ёмон сифатлар билан ифодалайди ҳамда уни танқид қилади. Аммо унинг ҳайбати ҳикоятда бош мавзулардан бири бўлиб турибди. Ҳозирги замонда ҳам шу воқеликни кўришимиз мумкин. Бу ҳикоятдаги асосий эътибор болаларнинг таълим ва тарбиясига қаратилган. Яъни, ҳикоят асосан шу мавзунинг атрофида бирлашган, дейишимиз ҳам мумкин. Чунки айнан шу ҳикоят "Гулистони туркий" асарининг еттинчи боби — тарбиянинг таъсирида келган. Яна бир далил — ҳикоятда келган икки шеър. Шундан билиш мумкинки, аждодларимиз болаларнинг таълим ва тарбиясига қаттиқ эътибор беришган. Яна бир асосий эътибор берадиган жойимиз — ҳозирги кунда таълим тизимимиз бўйича мактабларда энг кўп муҳокамаларга ва можароларга сабаб бўлаётган воқелик бу — ўқувчиларда устознинг ҳайбати бўлмасдан, ўқитувчилар билан ёқа олишишиб, улар билан уришишгача боришидир. Ҳикоятдан билиш мумкинки, устознинг ҳайбати бўлганда, ўқувчилар мажбур бўлиб ҳам ўқишади. Устознинг ҳайбати кетди, илм олиш ҳам тўхтади. Устознинг ҳайбати бўладиган бўлса ўқувчи устозига қўл кўтариш у ёқда турсин тик ҳам қарай олмайди. Ва айнан шу аждодларимиз қолдирган тарбия ҳисобланади. Ҳикоятда муаллиф қаттиққўл устознинг ўрнига ҳалим ва кўнгли очиқ устоз келганда, болаларнинг илм ўқимай қўйган жойини нозик ифода қилади. Яъни, солиҳ устознинг ўзини ҳалим, кўнгли салим деб яхши сифатлар билан мақтайди. Сабаби, агар мақталмаса, солиҳликка нисбатан ёмон туйғу пайдо бўлиши мумкин. Чунки солиҳ устоз келиб, болаларнинг таълими ёмон томонга ўзгарди. Яна бир билишимиз мумкин бўлгани — ҳозирда айримлар даъво қилаётганидек, мусулмонлар қизларини ўқитмайди, деган даъволарнинг ботил эканлигини кўришимиз мумкин. Ҳикоятда ўғил болалар билан бирга қиз болалар ҳам зикр қилинади.
Султон НИЗОМИДДИН



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.