Ривожланиш – авжда. Ҳашаматли бинолар. Кастим-шимли одамлар. Минглаб инсонларни жамлаган хоналар. Нотиқлар –…
Ривожланиш – авжда. Ҳашаматли бинолар. Кастим-шимли одамлар. Минглаб инсонларни жамлаган хоналар. Нотиқлар – монитордан қандайдир чизмаларни кўрсатган, ўзини олифтанамо тутган, сузилиб, чўзилиб, тингловчилар диққатидан маст бўлиб, еттинчи қават осмонда учаётган нотиқлар. Чироқлар. Мусиқа. Таралган сочлар, ярашган либослар, ҳипча қоматлар, савлатли қарашлар. Ичингда нимадир жизиллаб кетади. Бирдан юрагинг гупирлаб кетади. “Мен ҳам шулар сафида бўлсайдим!” Бу манзара ёутубедаги видеода роса жаззоб кўринади. Ҳамманинг оғзидан бойлик ваъдаси янграйди: “Бой бўл! Бой бўл! Яна бой бўл!” Ора-сирада, масалан, ислом, уммат, мусулмонлик каби сўзларни қистириб кетишади: “ислом молияси”, “мусулмончилик анъаналари”, “ислом молияси шу қадар мукаммалки”, “агар атеист бўлганимда ҳам, ислом молиясини танлар эдим”, “уммат учун хизмат”… Лекин диққат қилинса, уларнинг турқ-у тароватларида на ислом, мусулмон кўринади. Аммо молия бўлиши мумкин. Ёш ва самимий, довдир ва хом, думбул ва дин билан янги танишганлари ҳаётининг энг буюк ишини қилаётганларига ишонаётгандек ҳам кўринади. Лекин қалблардаги қайғу не эканлигини ҳар ким ўзи текшириши керак: бир тарозини ўзинг учун яса; унинг бир палласига молия, бойлик, обрў, дунё ташвишини қўй; иккинчи палласига ўлимдан қанчалик қўрқасан, охиратни қанчалик ўйлаяпсан, Худонинг зикри ва Унга шукур учун неча дона лаҳзангни ажратяпсан – шуларнинг жавобини қўй – адолат билан қайт-чи, қайси томон оғир келяпти? Жавоби менга ҳам, Эш билан Тошга ҳам қизиқ эмас, ўзинг билиб қўй, етади. Жавоби аслида қайси томонда турганингни, аниқроғи нима билан овора эканингни кўрсатади. Ҳажм ва миқдор баъзан моҳиятни акс эттирмайди. Юксак ҳажм ва кўп миқдор моҳият шу қадар юксак ва пок дегани эмас. Худди қалаштирилган ва турли истилоҳлар билан зийнатланган нутқ ҳамиша ҳам ҳақиқатни акс эттирмагани каби. У саҳнадагилар, у зеб-у зийнатга бурканган зотлар бу видеолари орқали бозор очмоқдалар, холос. Уларнинг томошаси бозор растасидан фарқсиздир. Бундай расталар фақат уларга хос эмас, дунё аҳлининг ҳар бири дунё майдонининг ҳар бир қаричини бундай раста билан, ёйма билан тўлдириб ташлашган. Уларга анграйиб юриш билан кун кеч бўлади. Вақт ўтади. Уларнинг сафига қўшилай дейиш ўз қийматингни ерга уришдир. Ҳар ким Худо уни қўйган жойида азиздир. Тошбақанинг учаман дейиши ўзи учун қандай зиён бўлса, чумчуқни ерда яшаш истаги ўзи учун шу қадар хатардир. Ҳар кимни ҳимояси унинг турган жойи ва тутган мақомига яширинган. Бундан кейин “тараққиёт” авж олаверади, “ривожланиш” алангаси қамраб олмаган масканлар қолмайди, фақат вақт керак, холос. Қалби ва ақлини, жисми ва наслини, дунё ва охиратини сақлаб қолиш, яъни бу ёнғиндан жон сақлаш, балки бу оловда ўзингга керакли овқатни куйдирмай пишириб олиш энди асосий ишга айланади. Ер исталган пайтда ёрилади, осмон исталган пайтда ёмғир эмас, тош ёғдира олади, шамол сендан сўрамай оламнинг кулини кўкка совуради – ер юзида қанчалик бино ва иморатларни қурма, уларнинг баланд эканига қараб қанчалик маст бўлма, уларни бир зумда йўқ қиладиган Куч бордир. Ҳар қанча гавжум даврада бўлма, ҳар қанча лаззат оғушига чўкма, барибир ёлғизлик аччиғини тотмоққа мажбурсан, барибир, заифлик занжирида жон беришга маҳкумсан. Қалб соҳиблари, ақл эгалари мўлжални шунга қараб олишади, мўлжалдан адашиб қолишмайди. Осмонўпар миноралар ўрмонида ўзингни йўқотиб қўймасанг, бас, акс ҳолда, кейин топишинг жуда маҳол.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.