Қалб жуда нозик хилқат. Уни бир томчи шабнамга қиёсласакмикин? Тонгда гулнинг баргини макон тутган шабнамнинг…
Қалб жуда нозик хилқат. Уни бир томчи шабнамга қиёсласакмикин? Тонгда гулнинг баргини макон тутган шабнамнинг титраб туриши кўз олдингизга келсин. Қалб ҳам шундай: титраб туради, озгина ғубор уни кирлайди; ҳалок бўлиши oson – қуёш уни буғлаб юборади; шамол уни тўкиб ташлайди. Шабнамни шу пок ва ярқироқ ҳолида сақлаш нақадар мураккаб бўлса, қалбни ҳам шаффоф ва тиниқ ҳолда асраш шу қадар машаққатдир. Қалб шудрингини сақлаш учун уни соқчилар билан ҳимоялаш керак. Биринчи соқчи ақлдир. Ақл қалбга кераксиз, кайфиятни туширадиган сўзларни киритмасин. Сиз ҳақингиздаги айрим ғийбатлар борки, уларни билмасангиз, фойдалироқ. Билсангиз, фақат қайғуга тушасиз. Ва бошқаларнинг ҳам айрим ёмон ишлари ҳақида ғийбатлар мавжудки, улардан хабарсиз қолсангиз, ҳеч нарса йўқотмайсиз. Уларни билмаган, кўрмаган яхши. Одамлар ҳақида яхши гумон ва фикрда бўлмоқ улар ҳақида чиркин ҳақиқатларни билиб, кўнгил қолиб, нафрат қилгандан яхшироқдир. Бировларнинг хато ва гуноҳларини излаш ва бу ҳақида гап тарқатиш энг биринчи ўринда ўша ғийбатчининг ўзига зиён келтиради – қалби бундан чексиз озор чекади. Иккинчидан, бу фасодни тарқатишнинг бир йўлидир. Учинчидан, гуноҳкор бўлса-да, уни шарманда этиш ҳеч ҳам маъқул эмас, чунки тавба эшиклари очиқдир. Албатта, бу ўринда зулм бошқа масала – кимнингдир зулмга учраётганини кўрган одам зулмга қарши курашмоғи шарт. Зулм ҳеч қачон муроса қилиб бўлмайдиган ишдир. Инсон истаса, истамаса, атрофидаги одамлар билан боғлангандир. Одамлар бир-бирларига ёрдам берадилар ва ёрдам кўрадилар. Агар инсонларнинг ўзаро ёрдам ришталари кесилса, бутун жамият бахтсизликка мубтало бўлади. Яхшилик иши ҳеч қачон тўхтамаслиги шарт. Яхшиликнинг энг аълоси – сенга ёмонлик қилганга яхшилик қилишингдир. Бу яхшиликни қиларкансан, миннат ва қўполликдан, каттазанлик ва риёдан холи бўлмоқ талаб этилади. Ҳар қандай инсонни яхшиликдан тўсувчи омил – бошқалар ҳақида ёмон гумон ва хаёлда бўлмоқдир. “Фалончи сен ҳақингда бундай деди!” – деган гап унга яхшилик қилишдан ҳар қандай одамни дарҳол тўхтатади, балки ёмонлик қилишга рағбат беради. Биргина гап билан яхшилик булоқларининг кўзини ёпса бўлади. Инсон ўз оғзига эгалик қилишдан ожиз-ку, бошқаларнинг оғзини беркитиб бўларимиди? Демак, ғийбат ва туҳмат сўзларига тўғон қуриш жуда қийин. Шу сабабли инсоннинг ақл деб аталган соқчиси ҳар бир сўзни текшира олиши керак. Бунинг учун эшитилган ҳар жумлага асир бўлмай, унинг ҳақиқат ёки ёлғонлигини билмоқ лозим. Башарти, бу имконсиз бўлса, Худога бу ишни ҳавола этиши ва илоҳий ҳикмат ила ҳақиқат юзага чиқишини кутмоғи матлуб. Шу сабабли улуғлар бир томоннинг сўзига таяниб, хулоса чиқарма дейишган. Иккинчи тарафни ҳам тингла, балки ҳақиқат шу икки сўз ўртасидадир?! Ундай қила олмасанг, сабр қил, кут. Дарёга чўккан ўлик, албатта, юзага қалқиб чиқади. Асосийси, қалбингни эҳтиёт қил.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.