Сўзимни Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда кўз тегмасин деб бошлайман.
Сўзимни Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда кўз тегмасин деб бошлайман.
Халққа хизмат қиладиганлар ҳақида гапириш бирам мароқли. Чунки улар миллат ҳақидаги ёқимсиз тасаввурларни йўққа чиқарадилар, мукофот ва мақтов тама қилмасдан қилган ишлари билан душманларнинг кўзига тупроқ сочишади. Элнинг иқболи ҳақида умидвор бўлишга етаклайди. Улар ўзининг барча яхши сифатлари ва хулқлари билан қалбларнинг муҳаббатини қозонади.
Менимча, Янги Ўзбекистонни ана шундай миллатига шайдойи, халқига фидойи, ҳақиқатнинг гадойи бўлган йигитлар қуришади. Менимча, шулардан бири “Қамар” феномени бўлса керак.
“Қамар” билан 2020-йилнинг кузидан бери бевосита танишман. “Қамар”нинг нури халқимиз хонадонларини, минглаб одамлар қалбини мунаввар этиб келаётгани шоҳидиман.
“Қамар” бу шунчаки пул топиш воситаси эмас. Уни китобдан пул топаман деган одам қурмади. Пул топаман деса, китобдек машаққатни елкага олиш шарт эмас эди, шунчаки, четдан латта-путта опкелса, пулнинг тагида қолиш имкони етарли.
“Қамар” китоб билан халқнинг кўзидаги зулматни кетказаман деган ҳиммат ила порлади.
“Қамар”нинг жасорат ва ҳақиқат ошиғи очди. У керак ўринда ҳаққини қандай талаб қилишни билади. Ҳақиқатни гапиришдан чекинмайди.
“Қамар” феномени ортида садоқат турибди. Бу дўстларга, ходимларга, ота-онага, оилага, асосийси, йўлга садоқатдир. Ҳеч қачон хиёнатни билмайдиган бир манбадан порлаган бу “Қамар”.
Кимгадир унинг нурлари ёқмаса ҳам керак. Кўршапалакнинг кўзи нурдан безгандир. Шу сабабли “Қамар” ичидаги чироқларни кимдир ўчириб кетар, балки кўтариб кетар. Лекин бу чироқлар юракка ёқилган бўлса, уларнинг ҳаракатларидан улар учун бирор натижа йўқ.
“Ҳайратул аброр”га ёзилган шарҳнинг 2022-йилги нашридан қолган бироз қисми бор эди, шуни имзо билан китобхонларга тарқатдик, “Қамар” бу борада кўмакчи бўлди. “Қамар” бу санъат асаридир. Бунга бугун маза қилиб гувоҳ бўлдим – иш бошқарувчилари, сотувчилари, китобни ташувчилари, хуллас, ҳар бир ходим китобни севади! Ҳеч ким адашиб унга кириб қолмаган. Маърифатга ошиқларни “Қамар”га жамлаб қўйиш санъат эмасми, ахир?
Айтилса, бирор ишни қилиш, унга қадар жим ўтиришни нима десак бўлади? Берсанг, ейман; урсанг, ўламан деганими бу? Аммамнинг бузоғи бўлишми бу? Ит ётиш, мирза туришми? Нима деб аталса ҳам, бу заифлик демакдир. Лекин ичдан олов ёнса-чи? Ўзи севган касбни ўзи ёниб топса-чи? Шу ишни муҳаббат ила бажарса-чи? Ана шудир миллатни уйғотадиган асл қувват!
“Қамар” ана шу қувватнинг булоғидан чиққан. “Қамар” ҳақида унинг таъсисчисига ҳеч ким ўргатмаган, ҳеч ким амр бермаган, ҳеч ким, ҳатто йўл кўрсатмаган. Ичдаги олов сабабли бу нур пайдо бўлган. Шу нур, шу меҳр, шу шавқни ҳар бир қалби уйғоқ сезиши керак.
Ва Янги Ўзбекистонга ким хизмат қилмоқда, унинг янги эканлигини ким тасбит этмоқда. “Қамар”ни бир мисол қилсак бўлади. Ва мукофотларни ҳам шундайларга бериш керак.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.