Mumtoz oila
ЙИГИРМАНЧИ БОБ
ЙИГИРМАНЧИ БОБ
ОИЛАДА БАЙРАМЛАР
Байрам ҳаётнинг ажралмас қисми. Худонинг Ўзи инсонлар хурсандчилик қилишлари учун муайян кунларни ажратиб берган. Бу кунларда жисм мутлақо озор чекмаслиги учун рўза тутиш ҳам бу кунда тақиқланган. Яъни биз ҳайит байрамлари ҳақида гапиряпмиз. Байрамларни яхши нишонлаш керак.
Байрамнинг моҳияти шодланиш, шодлик улашишдир. Шодликнинг энг каттаси бу – дийдордир. Байрамда оила аъзолари дунёнинг қайси жойида бўлса ҳам, қандай муҳим ишлари бўлса ҳам, ота-она ҳузурида ҳозир бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Байрамда ҳамма бир-бирига қандайдир даражада совға ҳозирлаши чиройли амал.
Албатта, ҳадяларнинг энг яхшисини ота-онага, сўнг болаларга қилмоқ керак. Шунингдек, устозларни ҳам байрамда, албатта, эслаш шарт. Бу кун гиналар унутилади, кайфият туширилмайди, ҳамма бир-бирига кулиб қарайди, чиройли қилиб дастурхон тузалади.
Бу кунда хурсандчилик қилишни, шўх-шодон ҳолда юришни, жазоларни бекор этишни ҳар ким ўзига вожиб қилиб олиши керак. Байрам кунида ҳеч ким бир-бирини хафа қилиши ва бир-бирига ёмон сўз айтиши тугул, олайган кўз билан қараши тақиқланади. Буни катта гуноҳ деб билиш лозим.
Шунда ҳамма ёқни байрамона кайфият қоплайди. Қалблардан ҳаётнинг ташвишлари кетади. Меҳр ва муҳаббат, яхшилик ва эзгулик одамларни бирлаштиради.
Байрам кўрмаган инсон бир умр бахтсиз яшайди. Болалар байрам кўришлари шарт, ҳатто уруш бўлиб турган вақтларда ҳам одамлар байрам қила олишлари лозим.
Айрим ҳолатларда ўлим байрам кунига тўғри келса, аза ва мотамдан сўнг, қолиб кетган байрамни бир қанча вақт ўтказиб нишонлаб олган маъқул.
Байрам куни оналар болаларини урмайдилар, оталар жазоламайдилар, ҳамма фақат яхши гап билан бир-бирини алқайди. Дуолар қилинади. Табассумлар улашилади.
Байрамда ҳаммаси байрамона бўлсин – ҳамма янги кийимларини кийиб ясансин. Байрам куни ҳеч бир иш билан қаёққадир боришга, масалан, дўкон ёки бозорга чиқишга мажбур бўлмаслик учун нарсаларни олдиндан олиб қўйилади.
Шунда ҳамма бир-бирининг дийдоридан баҳраманд бўлиб, кўнгиллар меҳр ва муҳаббатга қонади.
Албатта, барям баҳона ичилик ичиш мумкин эмас, чунки унинг оқибати ҳамиша ёмонлик олиб келади. Исрофга йўл қўйилмайди, овқатлар увол қилинмайди, ҳаддан ошилмайди, гуноҳ ва айб саналган ишлардан ҳамма йироқ туради.
Байрам ҳаёт учун курашишни, яшаш учун ишлашни oson қилиб берадиган бир воситадир. Дилларни бир-бирига пайванд қиладиган ва гиналарни ҳайдайдиган бир василадир.
Акром МАЛИК




Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.