Фирибгарлар ҳийласи
Эркак киши алданиб қолиши унинг шаъни ва даражаси учун муносиб эмас. Чунки эркак дегани бу энг аввало фаросат, ақл ва ҳикматни уйғунлаштирган инсон демакдир. Фаросати ва ақли ноқис ҳамда ҳикматсиз одамгина алданишга маҳкумдир. Алданиш бечоралик эмас, аҳмоқлик дейилади. Киши қанчалик покдил бўлмасин, ёлғончи ва каззоб, маккор ва фирибгарлар борлигидан огоҳ бўлсин.
Шайтон инсонга дағаллик билан эмас, ширин сўз билан келади. Тимсоҳ ўлжасини тутиш учун тўнкадек кўринади.
Фирибгар одам ким? Бировнинг пулини қандай ҳийла йўли билан бўлса ҳам тортиб олиб, шу пул билан қорин тўйдириб, кийим кийишни, болаларини боқишни режалаштирган исқиртдир. Талончи куч билан тортиб олса, маккор макр билан олиб қўяди. Фирибгар ҳам, талончи ҳам бу ишни аниқ режа билан бажаради. Ҳар бир пули бор унинг учун ўлжадир.
Фирибгарлар аввал ўлжани танлаб олишади. Фирибгар майда тоифага мансуб бўлса, ўқиган, соддадил, меҳнаткаш, айни пайтда лақма ва бироз қўрқоқ ва заиф одамларни нишон этадилар. Агар фириб бобида юксак натижалар касб этиб, шон-шуҳрат қозониб, баланд-баланд чўққиларга чиққан бўлсалар, катта-катта пулдорларни чув тушириш учун, балки уларни муттасил равишда соғиб юриш учун тўр ташлайдилар.
Лақмалар ҳам икки хилдир: пули кам, меҳнаткаш ва содда лақма ҳамда отаси топган пул эвазига “бой” бўлиб қолган лақма. Ота ҳаётнинг турли болғаларидан еб, тобланган, аммо ўғил тайёр шароитда маза қилиб ўсгани учун на курашчан, на қатъий, на фаросатли – тузоқларга энг кўп шу лақмалар илинади. Меҳнатни ота қилган – катта бир компания қурган, ўғил унга пулдорнинг ўғли бўлгани учунгина эга чиқади, бундай лақманинг бурнидан ип ўтказиб, истаган кўйига солишни истайдиган уддабурон фирибгарлар ҳар қадамда мингта. Бозорда ҳам бундай фирибгарлар саноқсиз – чириган помидорини сиз истаган килодан уриб қолиб сотса!
Энд фирибгарларнинг ҳийлаларини тафтиш этамиз.
Биринчи қадам – ишончга кириш. Бунинг учун бечора ҳамда меҳрибон режимида ишлашади. Ўзи касал, боласи касал, оиласи жуда қийин аҳволда, лекин яна жуда ҳам покдомон, ибодатли, юмшоқдил – бай-бай, қип-қизил авлиё! Хуллас, ўзини фаришта сувратида тақдим этади. Оқибатда, лақманинг ишончини забт қилади.
Иккинчи қадам – оз-оздан қарз сўрайди. Масалан, юз минг. Фалон вақтда қайтараман дейди ва шу вақтда опкеберади. Шу билан худди қарз олмайдиган одамдек юради. Сўнг бирдан пайдо бўлиб, энди икки юз олади. Шу тариқа кам-кам қарз олади, лекин ҳар сафар қарз миқдори ошади. Қарз олишга мажбурлигини шундай асослайдики, диссертатсия ҳимоя қилаётган докторант ўз ишини шунчалик асослай олмаслиги аниқ.
Учинчи босқич – узоқ вақтлик тадқиқот қилиб, фирибгар сиздаги молиявий қувватни билиб олади ҳамда ўша миқдорда сиздан қарз сўрайди. Шундай сўрайдики, қайтариш куни, ҳатто қандайдир фойда, қарзни қайтариш учун асослар – ҳаммаси аниқ ва равшан ҳисобланган бўлади. Сиз қандай қилиб унга пулни берганингизни билмай қоласиз. Шу билан фирибгар қанот қоқмасдан учиб ғойиб бўлади. Уни энди тополмайсиз. Вассалом. Лекин стратег фирибгарлар пулдорларни доимий равишда сўриб юришади. Бу хили жуда тулки.
Шундай битта фирибгар бор, Қирғизистонда Ўшда яшаса керак. Шветсиями, хуллас, 2004-йилда бўлса керак, Европага қочиб кетиб, фуқаролик олган Муқим Маҳмуднинг куёви. Муқим ака ҳам ундан аллақачон юз ўгирган. Бу боланинг исми Раҳимжон Али. 2021-йил ёзда келиб, менга хотиним ўляпти қарз бер деганди. Лақмалик билан Рустамжон домладан ўн минг АҚШ доллари оберганман. Ўшандан бери у йўқ. Бир нарса қилиб, босим билан 2 – 3 минги олинди. Лекин қолганини еб ҳазм қилиб юборган. Ҳолбуки, ўша пул етимларнинг пули бўлган, Рустамжон домла етимпарварлик фаолияти билан шуғулланарди ўшанда.
Хуллас, раҳимжон алидек орсизлар жуда кўп. Унинг уйига одам юборгандим, Ўшга. Бориб келганлар айтишди: ҳеч нарсаси йўқ қашшоқ экан. Шундай йўллар билан одамларни алдаб пулини еб юраркан.
Гапнинг хулосаси шуки, шарафли одам муҳтож қолгани ҳақида айтмайди, оғриғини душман ёки ётга билдирмайди. Дардини ошкор қилиб ёрдам сўраш эса аслида, мардоналик ва асолатга зиддир.
Ўзини бечора кўрсатган тиланчи одам камида каззоб фирибгар бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас.
Сиз эҳсон қилишни истасангиз, асл муҳтожларни ўзингиз излаб топиб беринг. Лекин лақмалар сафига қўшилиб қолманг.
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.