Mumtoz oila
ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ОИЛАДА ЎЛИМ ВА МОТАМ
Ўлим ҳар кимнинг пешонасида бор. Кўз юмиб очгунча умрнинг сўнгги қошимизга келади. Пишган мевалар қандай тўкилса, биз ҳам шундай тўкиламиз. Ҳузурлар оғриққа, лаззатлар азобга айланиши бор ҳақиқатдир. Кимдир бу ҳаётдан кўпроқ лаззат олиб қолишга уринади, кимдир кўпроқ баҳраманд бўлай дейди. Ҳар қандай бойлик ва мартаба, иззат ва ҳурмат, куч ва қудрат ўлим билан юзлашади. Тетик юрган қадлар камон бўлади, тиниқ турган юзлар сомон бўлади. Чарақлаган кўзларни туман босади, кўнгилни энтиктирган қоматлар қовжирайди. Мусулмон одам ўлим билан ҳаммаси тугамаслигини билади, аксинча, ўлимдан сўнг ҳаммаси бошланади.
Мусулмон одам руҳ аталган хилқат танани тарк этгач, кўзга кўринмайдиган абадий маконда ҳаётнинг давом этмоғига ишонади. Мусулмон одам ўликнинг жисмини ҳам, руҳини эҳтиром қилади. Шундан келиб чиқиб, оилада мотам ва таъзия ишлари ташкиллаштирилади. Одамнинг ўлиши маълум бўлса, оғзига сув томизилади. Яқинлар унга қараб ўтирган ҳолда иймон калималарини айтадилар. Жон бериши аниқ одам бошида Ёсин сураси ўқилади.
Одам жон бергач, кўзлари юмилади, оёқлар жуфт қилиб ихчам қилиб боғланади, ияги юмшоқ мато – рўмолча боши билан қўшиб танғиб қўйилади, сўнг хабар берилади. Ўтган одам ҳақида хабар берилганда ўлди деб эмас, оламдан ўтди, қайтиш қилибди, бандалик қилибди, бандаликни бажо келтирибди каби жумлалар ишлатилади.
Йўқотишга учраган оила дарҳол қариндошлар ва дўстлар ёрдами билан ўраб олиниши керак. Ювғич, жаноза ўқийдиган инсон ҳамда гўрков масаласи тезда ҳал қилинади.
Оилада кимдир ўлгач, албатта, бошқа инсонларнинг қалбларига ҳузун ва ғамнинг келиши табиийдир. Яқинини йўқотган инсоннинг ҳеч бир туки ўзгармай туриши мумкин эмас. Албатта, мусибатнинг Худодан эканлигини қабул қилиш иймоннинг талабидир. Бошқача бўлиши эътиқодга асло тўғри келмайди. Лекин яқин бир инсонинг тупроққа кираркан, айрилиқ сабабли ичингдан нимадир чирт этиб узилади, ўзингни муаллақа бир ҳолда сезасан. Бир томондан ажралиш изтироби, бир томондан ўша ўлимга сен ҳам ўзига эканингни ҳис қилиш одамни маъюс қилади. Ўлим нафасини юзларинг сезади ва бирдан сукутга тушасан.
Мусулмон одам ўз дардини оламга достон қилмайди, лекин ич-ичидан нима ўтишини ўзи яхши билади. Хонадонда шунга яраша бир муҳит юзага келади: ўлик чиққан хонадонда ҳамма пичирлаб гаплашади; ҳеч ким овоз билан кулиш у ёқда турсин, табассум қилмагани яхши; телевизор ёқилмайди, интернетга кирилмайди, марҳумнинг ҳурмати қилган ҳолда сукут сақланади, марҳумнинг ҳаққига таҳлил, тасбиҳ, истиғфор каби зикрларни айтилиб, савобини бағишланади.
Таъзия сўзи азиятдан келиб чиққан. Мотамсаро хонадонга келган таъзия билдирадилар: ўтган одам ҳақида яхши гаплар айтилади, гўзал халқлари зикр қилинади, Худо сабр берсин, ҳаммамизнинг бошимизга тушадиган иш, ўтганларни Аллоҳ раҳматига олсин дейилади.
Азахонада дунё сўзи айтилмайди, заруратдан ортиқ гапирилмайди, қўни-қўшнилар ҳам бу қоидага қатъий амал қиладилар. Бир сафар бир ёмон воқеага гувоҳ бўлган эдик: кеча бир инсон бир уйда оламдан ўтгани ҳолда қўшниси бугун данғиллама тўй қилди, бир томонда ҳамма таъзияга келар эди, аммо бу томонда машшоқлар ванғиллатиб соз чалар, отарчилар бақириб ашула айтар эди. Ҳузун эгаларига қилинган бундай адабсизликни қандай сўз билан таърифлашни ҳамон билмайман.
Аза кайфияти уч кун сақланади. Шу кунларда, халқимизнинг урфига кўра, ўлик чиққан уйда овқат ҳам қилинмайди. Қўшнилар овқат олиб чиқишади. Олов ёқиб, овқат пишириш айрилиқдаги инсон дилига сиғмайди.
Уч кун давомида ишга борилмайди. Ҳамма уйда ўтириб марҳум ҳаққига зикрлар айтади, Қуръон тиловат қилади, нафл намоз ўқийди ва савобини бағишлайди, шунингдек, таъзияга келганларни қабул қилади.
Мотам чоғида ҳаддан ошиш, бақириб йиғлаш, юзни тирнаш, овоз чиқариш ҳечам яхши иш эмас. Ҳар қандай ҳолда одам ҳаддан ошмаслиги ва ўзини қўлга олиши керак.
Ўлимнинг қайғуси катта, айрилиқ юки ундан катта, бу икки алам оиланинг ҳар бир аъзосининг қалбини куйдиради, мана шу пайтда келиб таъзия билдириш, кўнгил сўраш ўта жиддий ишдир. Қанча кўп одам таъзия учун келса, шунча яхши – қайғуни енгиш oson кўчади.
Оилани тарк этганларни унутмаслик лозим. Ҳар бир инсон ўтган марҳумларни эслаши, доимо руҳларига савоблар бағишлаши керак. Бу ишни ҳар куни бажариш лозим. Ўтганларнинг яхши ишларини ёшларга айтиб, ибрат қилиб кўрсатмоқ гўзал ишлардан саналади.
Ғам инсонга хосдир. Ғамга инсоннинг ўзи якка қарши курашмоғи жуда қийин. Шу сабабли ҳеч қачон айрилиққа учраган дўстларингизни ёлғизлатманг. Ҳар қандай вазиятда ҳам ишларингизни ташлаб олдига боринг, ёнида туринг, ғами енгиллашмоғи учун ҳаракат қилинг. Баъзан сўзлар эмас, ҳаракатлар кифоя қилади.
Ҳазрат Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: "Ифк воқеаси бўлди. Бутун олам кўзимга қоронғу эди. Шунда бир кампир мени кўргани келди. Ҳеч бир таскин сўз айта олмади, лекин ёнимга ўтириб роса йиғлади. Йиллар ўтди, лекин шу кампирнинг менга ҳамдардлигини ҳечам унута олмадим". Ҳамдард бўлган инсонларга шон-шарафлар бўлсин! Уларнинг қалбини Худо қайғудан сақласин!
Инсоннинг ташқи қиёфасига қараб, бунда ҳаммаси яхши экан, куймаяпти деб ўйлайдиган бефаросатларга ҳақиқий одам каби куйиш ва ўртаниш насиб айласин!
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.