Тил

Mumtoz oila

ЎН САККИЗИНЧИ БОБ

ЎН САККИЗИНЧИ БОБ — расм

ЎН САККИЗИНЧИ БОБ

БЕВАЛИК ВА ИККИНЧИ ТУРМУШ

Эри ўлган хотин, хотини ўлган эр – иккисининг номи бева дейилади. Шунингдек, эрдан ажраган хотин, хотинини қўйган эр ҳам бевадир. Бу сўзга маънодош сифатида тул сўзи ҳам қўлланади.

Ҳар қандай эр ёки аёл жуфти ҳалолидан айрилгач, турмуш қуриши унинг учун яхшидир. Албатта, ёлғизликнинг машаққатига чидаш қанчалик оғир бўлса, эр-хотинлик юкини кўтариш ҳам унчалик енгил эмас. Бу икки ҳолни тенглаштириш у қадар тўғри кўринмайди – оила қурмаслик натижасида инсон наслсиз қолади, фарзандсиз ўтади, натижада, умрини ёлғизлик ва озурдалик ила якунлаш хатари уни таъқиб қилади. Оила қурган одамга Худо бир яхши бахт ато қилса, яъни кимки эрнинг сассиғи ва хотиннинг аччиғига чидаса, меҳр-оқибатли фарзандлар улғайтириб, уларнинг гулдек чиройли, офтобдай чароғон чеҳраларига боқиб, қалбининг сурур ва шодликка тўлиши бор.

Ёлғизликдан кўра оила қуриш афзал кўринади.

Кимдир ёлғиз яшашни истаса, шайтон ва нафснинг қутқуларига якка ҳолда дош бериши анча қийин. Шунингдек, ёлғиз бошга маломат тоши кўп ёғади.

Оила қуриш наслнинг узилмаслигига бир сабаб, шунингдек, охиратга захира қилишнинг имконидир. Яхши фарзанд тарбиялай олса, инсон иймони билан ўлса, фарзанднинг ҳар яхши амалидан унга ажр боради. Албатта, ёмон амалидан ҳам озорланишини истисно қилиш мумкин эмас. Пешона бўлиб, инсоннинг умр йўлдоши ўлса ёки ажрашса, бироз муддат ўтказиб, хаёлини жамлаб, ҳаётини янгидан қуришни бошламоғи мақбул. Аммо бевалик даврида одам ўзини маҳкам тутгани яхши. Эр бўлсин, аёл бўлсин, жуфт излайман деб ўзини обрўсиз қиладиган ишларга қўл урмасин.

Топармон-тутармон эрга, ҳаё ва иффатли, рўзғорпарвар ва садоқатли хотинга ҳамиша жуфти ҳалол чиқади. Аксинча, енгилтак ва қош-кўзини бўяб, ўзини бозорга соладиганларнинг бозори касоддир – унга тарбиясиз одамларнинг барчаси фоҳишага қарагандек қарайди. Шу сабабли эрсиз аёлларнинг эр излаб ҳар ўтган эркакка сузилмай, ўзини маҳкам ушаб ўтириши мақсадга мувофиқ – албатта, уни қадрлайдиган бири келади.

Беваларни маломат қилишдан атрофдагилар сақланиши, имкони бўлса, яхши жуфтга рўпара қилиши керак. Албатта, бу ТВда ёки радиода, ёки telegram каналида менга эр ёки хотин керак деб эълон бер дегани эмас. Бу услуб ҳамият ва иффат қабул қилмайдиган услубдир, бугун айримлар қўшмачиликнинг мана шундай виртуал йўлини танлаб, тирикчилик қилаётган эмиш. Бизнингча, эси бор одам бундай арзон ва паст тижорат билан қорин тўйдирмайди, бола боқмайди. Ҳамиятли ва иффатли эр ёки хотинлар ҳам бундай расталардан ўзига эга изламайди.

Бева аёлнинг катталари – ота-онаси, амаки-тоғаси, амма-холаси, ака-укаси ҳимоя қилишлари керак. Унинг иссиқ-совуғига қараш, яхши совчи чиқса, бош-қош бўлиб иззат билан узатишлари лозим.

Бева эрнинг яқинлари бекор турмай, маҳалладан ўзига пишиқ, иффатли аёлларни суриштириб топиб беришлари даркор.

Тақдир бўлиб, оила қургач, агар ўгай бола тарбиялаш зиммага тушса, бу масъулиятни шараф билан адо қилган ютади. Иккинчи бор турмуш қилган эр ҳам, хотин ҳам ҳис-туйғуга берилмай ақл ва вазминлик билан иш тутишлари талаб этилади. Улар бир-бирларини авайлашлари, бир-бирларига зулм қилмасликлари, айниқса, хотинлар макрдан сақланишлари, ширинсўз бўлишлари мақбул. Чунки улар ёш бола эмас, бир марта қурилган оила бузилган ёки ўлим содир бўлган, демак, шукур ва сабрни ушламоқ керак. Уларнинг яқинлари ҳам эр-хотин бир-бирига пайванд бўлиб кетишлари учун хоҳ моддий, хоҳ маънавий йўл билан кўмаклашмоқлари яхши иш.

Ҳеч қачон ўгай болага зулм қилманг, етимни хўрламанг, шунингдек, ўгай фарзандлар ҳам ота ёки она ортидан пайдо бўлган ўгай ота-онани хор қилмасинлар. Балки уларни ҳам ўз ота-оналари каби иззат қилсинлар.

Боши бир марта деворга урилган эр-хотинлар яна деворга бош урмасинлар.

Агар хотин эрдан чиқиб эрга тегаверса, эр ҳам хотин олиб, хотин қўяверса, бу унинг шаъни учун ҳам, шарафи учун ҳам яхшилик эмас. Эр-хотинлик энг аввал, сабр ва ҳилм демакдир. Муҳаббат кейин келади.

Бугун қонунда иккинчи хотин масаласида ижобий гапириш тақиқланган. Унга тарғиб жиноятга тенглаштирилган. Шу сабабли биз кўпхотинликни тарғиб қилмаган ҳолда айтамизки, агар аёллар ўз ихтиёрлари билан кимгадир иккинчи хотин бўлиб теккан бўлсалар, ўзларини камситилган сезмасинлар. Ҳар бир никоҳнинг Худо ҳузуридаги мақоми бир хилдир. Эрга садоқат ва муҳаббат ила итоат қилсинларки, Худо ҳар қандай сабрнинг мукофотини гўзал қилиб беради.

Хусусан, қайси бир эрки, мардлик қилиб, иккинчи бир хотинни ўзига никоҳлаб олган бўлса, у ҳам бу машаққатга чидаб берсин. Икки хотинни ҳар томонлама тенг тутсин ва аёлларга зулм қилиб, Худонинг олдида ҳам гуноҳга қолмасин.

Икки ёки ундан ортиқ хотин олиш эр киши учун жиддий юкдир. Унинг оғриқ ва азоби кўп. Бу дунёда бу ишнинг азоби улкан, шунга қараб охиратдаги тергов ва жазони тасаввур қилиш мумкин. Чунки хотинлари орасида адолат қила олмаган эркак қиёмат куни бир томони шол бўлиб тирилар экан.

Шу пайтгача хотинни кўпайтирган инсофли эркакларнинг ҳеч бири бу ишни бошқага тавсия қилмаган. Аммо унутмаслик керакки, машаққат қанча катта бўлса, инсон унга матонат билан чидаб берса, мукофот ҳам шунга мувофиқ келади.

Сўзимизнинг асосий хулосаси шуки, инсон ҳар қандай ҳолда, у эр ёки хотин бўлишидан қатъий назар, оилани асраб қолиш учун курашсин. Ҳар бир одамнинг хаёлида қандай тадбир қилсам, қандай хулқ эгаси бўлсам, оилам тинч ва мустаҳкам туради деган ўй ва ташвиш юрсин.

Фақат аҳмоқлар оиланинг қадрига етмайди ва фақат жоҳиллар оиласининг пойдеворига болта уради ва фақат разиллар бировларнинг оиласига дахл қилиб, бузишга уринадилар.

Акром МАЛИК

1 790марта кўрилган

Изоҳлар

    Бошқа мақолалар

    Фирибгарлар ҳийласи

    Эркак киши алданиб қолиши унинг шаъни ва даражаси учун муносиб эмас. Чунки эркак дегани бу энг аввало фаросат, ақл ва ҳикматни уйғунлаштирган инсон демакдир. Фаросати ва ақли…

    3 дақиқа

    Бугунги Ўзбекистон очиқ ерда пайдо бўлган эмас, балки у мавжуд давлатчиликнинг узвий давоми бўлиб, узоқ минг…

    Ном ўзгаргани билан ҳудуд ўша, халқ ўша. Келажакни қуриш учун мустаҳкам тарихга суянишга мажбурмиз, агар тарихдаги шараф ва қудратни, руҳият ва маънавиятни унутсак, жонсиз танага,…

    1 дақиқа

    ЎН ЕТТИНЧИ БОБ

    ЕТИМЛАР Тасаввур қилинг: бир гуруҳ болалар чуғурлашиб ўйнамоқда. Овозлари билан оламни бошига кўтарадилар. Нималарнидир талашадилар, ўз-ўзидан сакрайдилар ва ҳоказо. Аммо улар…

    3 дақиқаMumtoz oila

    Сайтга кириш

    Реаксия қолдириш, изоҳ ёзиш ва созламаларни сақлаш учун киринг.

    Давом этиб, сиз фойдаланувчи келишуви ва махфийлик сиёсатига розилик билдирасиз.