Ozod inson falsafasi
ОЗОД ИНСОН ФАЛСАФАСИ
ОЗОД ИНСОН ФАЛСАФАСИ
Биринчи боб
Манзара
Ҳозирги кунда кузатилаётган ҳолат, менимча, бундай: ёши катталарда масъулият ҳисси камайган, улар ёш авлод, хусусан, ўз фарзандлари келажаги ва ахлоқи олдида жавобгарликни ҳис қилишмаяпти.
Бу ҳақиқатнинг тажаллийсини шундай манзара бизга намоён этмоқда: мактабни битириб келаётган йигит-қизлар, мактабни битирганлари ҳам, дорилфунунни хатм қилганлар ҳам ўз келажагини бирор шаклда тасаввур қила олмайди – бу биринчи нуқта; иккинчи жиҳат шуки, ёшлар омматан ва хоссатан, ёппасига ва якка ҳолда ҳам ўз қийматини, инсон сифатида унинг баҳосини белгилайдиган хулқ ва адаб қоидаларидан, замонавий тилда айтсак, инсоний маданиятни кўрсатиб берадиган асосий кўникмалардан хабарсиз ҳолда улғаймоқдалар.
Ўзини излаб, ўзини танишга иштиёқманд ёшлар ақлини таний бошлагач, мен кимман, қандай яшашим керак деган саволга дуч келадилар. Шу саволга жавоб ахтариб, ён-верига аланглайди ва ҳаммага кўз тикади. Танасида уйғонаётган шаҳват лаззати ва жамиятдаги тартибсизлик, ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқлиги, одамлар бир-бирини алдаб, бир-бирига дилозорлик қилаётганига гувоҳ бўлади ва елкасини қисиб бир муддат тек қотади.
Турли манбаларга қизиқади, табиати ҳамда оиладаги муҳити, учраган илк таассурот ва ҳиссиётларига таяниб, аста-секин ҳаётий тамойилларини шакллантиришга киришади. Жамиятдаги қизил чизиқларни кўради – нима мумкин, нима мумкин эмас. Энг қизиғи, бугунги кунда қизил чизиқлар фақат сиёсатда қолган, холос.
Деярли бошқа ҳамма қизил чизиқлар босиб ўтилган ва улар ўчирилмоқда ҳам. Ҳаддан ташқари заифлашиб қолган ахлоқий, аниқроқ айтганда, урф-одатга дахлдор қизил чизиқлар устида айюҳаннос солмоқдалар.
Ёшлар кўз очиб кўраётган дунё бундай: ҳамма ўйин-кулги ортидан чопаётир, ҳеч ким машаққат ва қийинчиликка рози эмас, имкон қадар қулайлик ва ҳашамат яратиш ишқида инсоният ёниб-куяётир; емаклар ҳаддан ташқари кўп; ичимликлар хилма-хил; ҳамма нарса остонага келтириб берилмоқда. Инсонларнинг бахт-у саодати, қувонч-у шодлиги уч нарса билан ўлчанмоқда: бойлик, лаззат ва шон-шуҳрат. Ҳамма бой бўлсам дейди.
Пулим кўп бўлса дейди. Кўп пулга арава олсам, баланд уй қурсам, юмшоқ ўринларим бўлса, чиройли жиҳозларим бўлса ва ҳоказо. Бу бойлик воситасида пайдо бўлган нарсалардан кўзларим, танам лаззатланса – мазали таомлар, ширин ичимликлар, денгиз бўйларида ҳордиқ, жисмнинг гўзаллиги учун спорт, чиройли жуфтлар қўлга кирса!
Сўнг ҳамма уни таниб, олқишласа, бу қандай восита билан рўй бериши қизиқ эмас, асосийси, одамлар қойил қолиб бармоғи билан кўрсатиб, қандай ҳам таниқли одам дейишса, бас. Шу боис, блог юритадилар, турфа контентлар тайёрлашади, қўшиқ айтишади, рақс тушишади, омма қизиқ деб билган масалаларда ҳамманинг диққатини тортадиган муносабатлар билдирилади; керак-нокерак ўринларда ҳамма муаммога бурун тиқаверилади.
Бу истакларни амалга ошириш учун барча шароит муҳайё: спорт заллари, конертлар, мусиқа ва ашула мусобақалари, фестиваллар, ижтимоий тармоқлар ва рағбатлар. Қанча бачкана бўлсанг ҳам, дакки берадиган ҳеч ким йўқ. Хаёлингга келган ҳар қандай қилиқни қилсанг ҳам, жазо олмайсан – ҳаракатинг жиноят номи билан қонунлар китобига ёзилмаган бўлса, бас. Жиноят қилсанг ҳам, деярли машаққатли томони қолмагандек, масалан, одам ўлдирсанг, 20 йилга қамаласан.
Қамоқда бир жойдан чиқмаслигингни ҳисобга олмаса, емак-ичмак жойида. Яқинларинг билан ҳар уч ойда учрашув. Шундоқ ҳам озодликда ҳам улар билан ҳадеб кўришавермасдинг. Давлат сендек қотилни текинга боқади. Устига-устак, Ғарб томонлардаги ҳукуматлар биз маҳкум жиноятчилар ҳақларини ҳимоя қиламиз, улар оппоқ пар ёстиқда ухлашсин деб талаб ҳам қўйишади. Ва ҳоказо.
Мана шу контекстда энди улғайиб келаётган йигит ё қизни энг аввал шундай масала ўйлантиради: “Қандай қилиб, ишлаб пул топсам?”
Одам бўлиш, ҳаётий тамойилларни белгилаш ортда қолади. Тирик қолиш масаласи энг аввал келади.
Албатта, мен кимман ва қандай яшашим керак деган савол шу жараёнда ечилиб кетади: мен сотсиал бир яратиқман; ишлашим керак, ишлашим учун касбим бўлиши керак, касбимни мукаммал эгаллашим учун ўқишим керак, ўқишим учун қунт ва сабр керак, ота-онамнинг пули керак, яхши танишлар орттиришим керак, ишчан ва ғайратли бўлишим керак, бошлиқни хафа қилмаслигим керак, одамлар билан келишмоғим керак, чиройли кийинишим лозим, қоматим жойида бўлсин, семириб кетмайин, ақлли кўринай, гапдон бўлай, ўз статусимни кашф қилишим керак, душман орттиришим мумкин эмас!
Яна қўшимча қилсак: тузалмас касалга чалиниб қолмай, обрўйим тўкилмасин.
Нима учун яшаяпсан деган савол бу зичлик ичида ғойиб бўлади, чунки жараён шу қадар тезки, бир он тўхтаб фикр юритишга имкон йўқ: тезроқ бўл, югур, кечикма, пул топ, нишонла, байрам қил, кийим ол, мактабга бор, права ол, ўқишга тайёрлан, ўқи, ёдла, имтиҳон топшир, курс иши ёз!.. ва ҳоказо.
Агар бу ишларнинг бирортасида кечиксанг, адойи тамом бўласан: сен жамиятнинг энг қолоқ вакилига айланасан: сени ҳеч ким эсламайди, давраларга чақирмайди, ҳурмат қилмайди, инстаграмда контентингга ҳеч ким қизиқмайди.
Устига-устак, кеча тухумдан чиққан бир қарич жўжахўроз воизларнинг қичқириб, овози тинмайди: софт скилл қозон; ўз устингда ишла; чет эл университетига грант ют; кўп китоб ўқи; мақсадингни аниқ белгила; ўз ўрнингни топгунча ҳар қаёққа қараб сакра! – бу ишларнинг ҳаммасини мен қилганман, мана, мендан ўрнак ол! (аслида, итдан баттар дангасаман, чўчқадан баттар исқиртман, айтаётган нарсам – менинг спектаклдаги образим)
Шундай қилиб, ҳамманинг кўзи виртуал оламга тикилган, овқат ейиш, кийиниш, ишлаш ва хожат қилиш учун ундан узилиш мумкин, лекин шу онларда ҳам виртуал оламдан узилиб бўлмаяпти:
“Жамият сиёсий уйғониши керак! Сиёсий фаол бўлайлик! Мана, Жон Lokk... Мана, Montsekyu... Мана, кучсизлар kuçi... Бу жамият тафаккурининг кристаллашган şakli... Сиёсий тавталогия ҳамда nepotizim... Демократик тамойиллар ва либерал қарашлар билан ҳаддан ташқари консерватив ёндашув орасини ажратиш kerak...”
“Сиз аждодларингиз қилган гуноҳлар касофатига qolgansiz... Сизларни мен davolayman... Болалик травмаларидан qutuling... Ҳаммани keçiring... Битта қоғозга ҳамма гуноҳларингизни yozing..."
“Аёлларга эрлари зулм qilişadi... Ўзингизга вақт ajrating... Сиз аёлсиз, шуни unutmang...”
“Асосий масала – интим hayot... Бизда ундан uyalişadi... Уялмаслик керак, ахир, бу hayot...”
“Жамият эркин фикрлаши kerak... Фикрлашга тўсиқ қўядиганларни аспалт қиладиган тракторда эзиб ташлаш kerak... Қирқ миллионли биомасса ижодни tuşunmaydi... Санъат санъат uçun... Расм кўрилади, мусиқа эшитилади, шеър öqiladi...”
Албатта, бу каби иқтибослар ҳам виртуал оламни тўлдирган шовқинларнинг ҳаммасини қамраб олиш имконсиз, чунки тутуриқсиз вайнлар, эгасидек бемаза ашулалар ҳамда сўзга кўчириб ёзиш қийин бўлган жаврашлар борки, уларни ҳатто таснифлашдан маъни кўринмайди, лекин бу нарсаларнинг ҳаммаси бугунги кунда деярли ҳамма одамларнинг миясида ғордаги акс-садодек айланишиб юрибди.
Қоп-қоронғу чангалзор. Тун. Дарахтларнинг таналари, бир-бирига чирмашган буталар, ботқоқлар, чириллаган, хириллаган овозлар эшитилади. Осмондаги ойнинг нури қуюқ шохлар орасидан базўр ўтиб ўрмон сатҳига тушади.
Шу пайтда бирдан тап этган овоз эшитилади: ерга қаердандир, шунчаки, йўқликдан битта мия ва битта юрак бир-бирига уланган ҳолда яхлит тана ўлароқ тушади. Бирдан атроф гувиллайди: дарахт ва буталар орасидан санаб бўлмас даражада кўп шоқоллар, чиябўри, тулки ва бошқа йиртқичлар отилиб чиқади. Уларнинг ҳаммаси мия ва юракни ўзига ўлжа қилмоқчи.
Мия ўрнида туради, усти-бошини қоқади. Юрак бир маромда урмоқда. Бу иккиси ҳали бу йиртқичларни танимайди, шу сабабли қўрқмайди. Ҳаммага ҳайрон қарайди, ҳаммаси қизиқ кўринади. Орада хар хил илонлар ҳам бор: капча илон, кўлвор илон, сариқ илон, қора илон, öqilon...
Ажабо, ҳеч бири мия ва юракка ҳужум қила олмайди, сабаби мия ва юрак бу ҳайвонлардан қайси бирига майл қилса, ўшанга ўлжа бўларкан, шундан келиб чиқиб, ҳамма ваҳшийлар ўзининг ҳунарларини кўрсатади: ҳаммаси мия ва юракни ўзига эргаштириб ketsa...
Бу манзаранинг маъносини ҳурматли китобхон тушунган бўлса керак: мия ва юрак бугунги куннинг боласи; қоп-қора ўрмон – виртуал олам; йиртқичлар – виртуал оламнинг сеҳргарлари. Ёш қалб қайси йиртқичга асир тушмасин, унда бирор ҳақиқатни тубдан кашф этишга имкон бўлмаслиги мумкин.
Нега яшаяпман? Қандай яшашим керак? Ҳаловат нима? Инсон ким? Инсонийлик нима? Адолат қаерда? Ҳақиқат нима?..
Бу каби саволлар очиқ қолади. Эртага улғайиб, мияси қотган йигит ёки қиз кейин фақат тананинг қайғусида қолади.
У ҳали ёш экан, унинг руҳи ҳали қорайиб кетмаган экан, унинг қалби ҳали касалланмаган экан, нафси ҳали уни занжирлаб олмаган экан, ҳаммасини англаши керак. Озод одам бўлиб қолиши керак. Озод одам бўлиш учун олам, ҳаёт ва одам ҳақидаги ҳамма гапларни тизимли ўрганиб чиқишга мажбур.
Қизиқ, одамзод бу айтилган вазиятга ҳозир келиб тушдими? Тарихда қандай эди? Тадриж қандай кечди?..
Акром МАЛИК



Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.