G.G.MARKES. 100 ЙИЛ ЁЛҒИЗЛИКДА романи
Бу роман инсониятнинг бугуни ва келажакдаги ҳолати ҳақида киноядир деган хулосага келдим. Ҳарқалай, ўтмиш эмаслиги аниқ. Айнан ўрта асрлардан кейин янги давр деб аталган сиёсий эра, маданий-маънавий босқичнинг туб хусусиятларининг улкан зарбулмасали. Дин ва ахлоқдан узилган одамзоднинг фожиаси. Шайтон ва дажжол ҳукрфармолиги остида қолган инсониятнинг жарга қулаши ҳақида хабар. Эътиқодсизликнинг офати, иймонсизликнинг маъносизлиги ифодаси. Қуруқ ҳиссиётлар ва ақлнинг ҳеч қачон ёруғликка етакламаслиги ифшоси. Маркес чизган тасвирлар ахлоқсиз кўринади, аммо унинг мақсади ахлоқсизликни сингдириш эмас, балки ахлоқсизликдан инсонларни чиқариб олишдир. Одамнинг туйғу ва тафаккуридаги тайинсизлик ва қарорсизликнинг чизгилари. У моҳир адабиёт саънатчисидир. У сўз устасидир. У рамзлар тилида сўйлайди. Унинг сири ҳам шунда. Асарнинг архетипи Инжил ва ўрта аср насроний ақийдасидир. Маркес, ҳақиқатан, катта адиб, унинг таржимаи ҳолига доир жуда кам нарса биламан, негадир, унча қизиқмайман ҳам, у ёзган матн унга оид энг муҳим ва тўғри маълумотларни беришига шубҳам йўқ, асосийси, мақсад, Маркеснинг нима дейиши эмас, унинг Фикри ва Сўзини англашда. У нима дейишни истади? У нимага ишора қилди? Зотан, Маркесни Маркес қилган унинг фикри ва сўзларидир. Бу иккисидан уни маҳрум қилсангиз, миллионлаган одамларнинг оддий биридир у ҳам. Мусулмон ўқирмон уни англаши учун муайян илмларга эга бўлиши лозим. Истаса, ўқисин. Оғирлик қилса, ўқимасин. Мусулмон учун ҳам у романда иймонига дастак хулосалар топилишига аминман. Фақат асарнинг ичига тушиб адашиб қолмаслик учун илм керак.
Изоҳлар
Ҳали изоҳ йўқ. Биринчи бўлиб фикр билдиринг.